LOTIN-КИРИЛЛ

МИКРООРГАНИЗМДАГИ УЛКАН ТЕХНОЛОГИК ЖАРАЁНЛАР 

 

Дунё саноатида сульфидли маъдандан олтин ишлаб чиқариш – ўта мураккаб жараёнлардан бири саналади. Бу жараённинг асосий муаммоси шундаки, олтин табиий ҳолатда сульфид минералларининг қатламлари остида яширин ҳолда бўлиб, уни ажратиб олиш катта меҳнат ва технологик инновацияларни талаб қилади. 

Бироқ, инсон ақли ва сабр-матонати ҳар қандай тўсиқни енгиб ўтишга қодир. Ҳар бир мураккаб жараённинг ортида катта ютуқлар яширин ва ана шу қийинликларнинг мағзини чақиш, инсоннинг ўзига ва меҳнатининг қудратига бўлган ишончини мустаҳкамлайди. Бугунги кунда сульфидли рудани қайта ишлашнинг самарали усулларидан бири бу биооксидлаш жараёнидир.

2008 йилда Жанубий Африка Республикасидан 10 литрлик идишда олиб келинган тирик микроорганизм учқудуқлик мутахассисларнинг меҳнати, интилиш ва изланишлари натижасида улкан миқёсдаги биопроцесснинг асосига айланди. Бу биологик микрожонзотлар сульфид қатламини парчалаш ва олтинни ажратиш жараёнида муҳим рол ўйнайди. 

Агарда ўша 10 литрлик идишдаги бактериялар ўз вақтида кичик ҳажм ҳисобланган бўлса ҳозирда уларнинг авлодлари 60 та улкан реакторларга ҳам сиғмай тошади, баъзида. 

3-сонли гидрометаллургия заводи BIOX цехининг ҳар бир реактори 983 куб метр ҳажмга эга. Бу рақамлар биооксидлаш цехининг ҳайбати ва залворидан далолат бериб турибди.

Ана шу кичкинагина микрожонзотлардан бошланган улкан жараён ҳозирда жаҳон саноатида илғор технологиялар сирасига кириб, қимматбаҳо металларни қайта ишлашнинг экологик хавфсиз ва самарали усулларидан бирига айланди. Бу эса изланиш, илмий тадқиқотлар ва фидоийлик демакдир!.

Ҳақиқатда, тинимсиз меҳнат орқали кичик бир нуқта улкан космосга айланиши мумкин. Бугунги BIOX цехи мана шу эволюциянинг ёрқин тимсоли ҳисобланади. Чунки шу митти бактериялар бўтана таркибидаги олтинни ўраб турган сульфидли минералларни парчалайди ва олтинни “озодлик”ка олиб чиқади. Айтиш жоизки, бу жараённи бирор бир мукаммал технология бактериялар каби аниқликда бажара олмайди.

ВIОХ цехи таркибида икки муҳим биооксидлаш участкаси ва қарама-қарши ювиш участкаси фаолият юритмоқда. Бу цех уч навбатда ишга туширилган бўлиб, дастлаб 24 та реактор билан иш бошлаган. Иккинчи навбатида 48 та реактор, учинчи навбати фойдаланишга топширилиши билан 12 та қўшимча реактор фаолияти йўлга қўйилган.

Цехнинг биринчи ва иккинчи навбати 8 та модулдан иборат бўлиб, ҳар бир модулда 6 та реактор бор. Жараённинг узлуксизлиги учун бактерияларга зарур бўлган озуқа моддалар аммоний сульфат ва аммофос каби кимёвий эритмалар махсус кублар орқали берилади. Иккита куб икки модулга хизмат қилади. Бактериялар томонидан оксидланган руда "биокек" деб аталади ва у ювиш ҳамда қуюлтириш участкаларига йўналтирилади. 

У ерда темир, мишьяк ва сульфат кислотаси қолдиқларидан тозалаш жараёни амалга оширилади. Бу "тескари ювиш" деб номланади. Чунки пульпа пастдан юқорига ҳаракатланса, сув унга қарама-қарши юқоридан пастга йўналтирилади. Бу орқали муҳит рН кўрсаткичи 1 дан 8,5 гача оширилиб, оптимал ишқорий муҳит яратилади.

Биооксидлаш цехида технологик кўрсатгичларни яхшилаш ва намуналар таҳлилини аниқ ва тўғри ўтказишни назорат қилиш мақсадида ҳар бир реактор устига намуна олгичлар ўрнатилган. Бактериялар учун энг қулай ҳарорат 40-44°C бўлиб, улар фаол ишлагани сари муҳит қизиб кетади. Реакторларда ички муҳитни барқарор ушлаб туриш учун гидроциклонли схема ишлаб чиқилган. Ҳар бир реакторга 4 тадан музлатгич ўрнатилган. Шунингдек, ҳар 4 соатда 8-9 та асосий кўрсаткич мунтазам ўлчаниб, жараён назорат қилиб борилади. Бу шундай нозик жараёнки, бактериялар тирик организмлар бўлгани учун уларга зарур шароитларни яратиб бериш мураккаб саноат мажмуасиининг асосий вазифаларидан бири.

Олтинни сульфидли қопламалардан халос бўлиши бу табиат ва фан уйғунлигидаги улкан синов. Буни аъло даражада уддалаётган цехга Бобур Эшпўлатов раҳбарлик қилади. 140 нафар ишчи-мутахассис фаолият олиб бораётган катта жамоада иш самарадорлигини ошириш янгиликларни жорий этиш борасида ҳам қатор ишлар амалга оширилмоқда.Жумладан, лабораторияда намуналарни фильтрловчи янги схема ва қурилмалар ишга туширилган. Реакторларни таъмирлаш ишларини тезлаштириш учун бир қатор чора-тадбирлар амалга оширилган бўлиб, режали таъмирлаш ишлари 100-115% бажарилмоқда. Биореакторларда узоқ йиллар давомида ечимини кутган технологик кўпикни бартараф этиш усули ишлаб чиқилган. Завод раҳбарияти ва цех муҳандис-ходимлари биореакторлар ичидаги маҳсулотни аэролифтлар ёрдамида тепага кўтариб, технологик кўпик устидан ёғдириш усулини жорий қилишди. Эндиликда технологик кўпик пастга тўкилиши натижасида биореакторлар конструкциясининг кимёвий емирилишининг олди олинди.

Биооксидлаш цехида механиклар жамоаси WARMAN 10/8 ва WARMAN 12/10 насосларини модернизация қилиш орқали карама-қарши ювиш участкасида сув узатиш ҳажмини соатига 600-650 м³дан 850-900 м³га оширишга эришдилар. Қарама-қарши ювиш ва нейтраллаш участкасида оксидланган бўтана сифатини яхшилаш учун сув миқдори 7% оширилди. Бу эса қолдиқ темир миқдорини 0,3 гр/л гача камайтиришга ва сифатли маҳсулот олишга ёрдам беради. УПФ бўлимида эса насос ўрнига аэролифтли схема ишлаб чиқилган бўлиб, бу валюта сарфини иқтисод қилиш имконини берди.

Технологик жараёнларни автоматлаштириш гуруҳи ва электр таъминоти жамоаси томонидан цехда электр узилишларига қарши чоралар кўрилди. Узилишларда қурилмаларни тез ва аниқ ишга тушириш схемаси ишлаб чиқилди. Шунингдек, цехдаги барча ёритиш воситалари энергия тежамкор лампаларга алмаштирилиб, электр сарфи 70-80%га қисқартирилди. Шу тариқа заводнинг технологик жараёнларини самарали автоматлаштириш ва харажатларни камайтиришга эришилди.

Бу каби ютуқларда цехда меҳнат қилаётган ҳар бир ишчи-ходимнинг ҳиссаси беқиёс. Жумладан, Рахим Содиқов бошчилигидаги биооксидлаш участкаси жамоасининг Жасур Туробов, Озод Муҳаммадиев, Шерали Истамов, Феруз Бахромов, аппаратчилар Асрор Рахмонов, Элёр Қодиров, Азиз Раззоқов, Хазрат Ёдгоров сингари ўз касбига садоқат билан ёндошиб ишлаётганларнинг меҳнати ҳар қанча таҳсинга сазовор.

Қарама-қарши ювиш участкасида Раҳим Мейлиев раҳбарлигидаги Алимардон Хушиев, Нодир Тожимуратов, Сирож Холматов, Мансур Исматов ва Илёс Собировлар ишлаб чиқариш жараёнини юксалтиришга ҳисса қўшиб келмоқдалар. Энергетиклар участкасида Қаҳрамон Тилавов, Алишер Ражабов, механик хизмат кўрсатиш бўлимидаги тажрибали мутахассислар Фарход Мамаюсупов, Ҳусен Ахмедов, Отамурод Сатторовлар малака ва салоҳиятини ишга солиб, ускуналарнинг узлуксиз ишлашини таъминламоқда. 

Шунингдек, назорат-ўлчов асбоблар бўлими раҳбари Сухроб Йўлдошев ҳам билимли ва масъулият мутахассислардан.

Цехда бактериялар биринчи марта олиб келинган кундан бошлаб то ҳозирга қадар ишлаб келаётган мутахассислар Раҳимжон Содиқов, Шерали Истамов, шунингдек, Озод Хамроев, Бекдулло Ҳакимов, Абдувоҳид Эшмуродовларнинг меҳнати алоҳида эътирофга лойиқ. 

Асосийси, номлари тилган олинган ва олинмаган цех жамоасини барча ишчи-мутахассисларнинг машаққатли меҳнати ва саъй-ҳаракатлари билан ишлаб чиқариш жараёни самарали давом эттирилмоқда.

O'qilgan: 77 bora

Uchquduq tumani

Tuman markazi - Uchquduq shahri.Tumanning tuzilgan vaqti – 1982 yil 22-aprel. Territoriyasi – 4663 ming2 km. Tuman markazi Navoiy viloyati markazigacha bulgan masofa – 300 km. Aholisi - 37028 ming kishi

Qisqacha ma'lumot

Aloqada bo'ling

  Email: This email address is being protected from spambots. You need JavaScript enabled to view it.
  Telefon: (+99879)222-00-05-101
  Telefon: (+99879)222-00-05-102
  Faks: (0436) 593-11-01
  Manzil: Navoiy viloyati, Uchquduq tumani, Amir Temur ko‘chasi, 28-uy

Ijtimoiy tarmoqlarda: