Дунё саноатида сульфидли маъдандан олтин ишлаб чиқариш – ўта мураккаб жараёнлардан бири саналади. Бу жараённинг асосий муаммоси шундаки, олтин табиий ҳолатда сульфид минералларининг қатламлари остида яширин ҳолда бўлиб, уни ажратиб олиш катта меҳнат ва технологик инновацияларни талаб қилади.
Бироқ, инсон ақли ва сабр-матонати ҳар қандай тўсиқни енгиб ўтишга қодир. Ҳар бир мураккаб жараённинг ортида катта ютуқлар яширин ва ана шу қийинликларнинг мағзини чақиш, инсоннинг ўзига ва меҳнатининг қудратига бўлган ишончини мустаҳкамлайди. Бугунги кунда сульфидли рудани қайта ишлашнинг самарали усулларидан бири бу биооксидлаш жараёнидир.
2008 йилда Жанубий Африка Республикасидан 10 литрлик идишда олиб келинган тирик микроорганизм учқудуқлик мутахассисларнинг меҳнати, интилиш ва изланишлари натижасида улкан миқёсдаги биопроцесснинг асосига айланди. Бу биологик микрожонзотлар сульфид қатламини парчалаш ва олтинни ажратиш жараёнида муҳим рол ўйнайди.
Агарда ўша 10 литрлик идишдаги бактериялар ўз вақтида кичик ҳажм ҳисобланган бўлса ҳозирда уларнинг авлодлари 60 та улкан реакторларга ҳам сиғмай тошади, баъзида.
3-сонли гидрометаллургия заводи BIOX цехининг ҳар бир реактори 983 куб метр ҳажмга эга. Бу рақамлар биооксидлаш цехининг ҳайбати ва залворидан далолат бериб турибди.
Ана шу кичкинагина микрожонзотлардан бошланган улкан жараён ҳозирда жаҳон саноатида илғор технологиялар сирасига кириб, қимматбаҳо металларни қайта ишлашнинг экологик хавфсиз ва самарали усулларидан бирига айланди. Бу эса изланиш, илмий тадқиқотлар ва фидоийлик демакдир!.
Ҳақиқатда, тинимсиз меҳнат орқали кичик бир нуқта улкан космосга айланиши мумкин. Бугунги BIOX цехи мана шу эволюциянинг ёрқин тимсоли ҳисобланади. Чунки шу митти бактериялар бўтана таркибидаги олтинни ўраб турган сульфидли минералларни парчалайди ва олтинни “озодлик”ка олиб чиқади. Айтиш жоизки, бу жараённи бирор бир мукаммал технология бактериялар каби аниқликда бажара олмайди.
ВIОХ цехи таркибида икки муҳим биооксидлаш участкаси ҳамда қарама-қарши ювиш ва нейтраллаш участкаси фаолият юритмоқда. Биооксидлаш цехи уч навбатда ишга туширилган бўлиб, дастлаб 2008 йилда 24 та реактор билан иш бошлаган. Иккинчи навбати эса 2011 йилда ишга туширилиб 48 та реактор билан фаолиятни давом эттирган.
Давлатимиз раҳбари томонидан Инвестицион лойиҳаларни саноатга тадбиқ этиш юзасидан қабул қилинган чора-тадбирлар дастурига биноан 2025 йил январь ойида 12 та қўшимча реактор фойдаланишга берилди. Натижада ишлаб чиқариш унумдорлиги ортиб, етказиб берилаётган хомашё ҳажми ошишига эришилди.
Бактерияга аммоний сульфат, аммофос ва калий сульфатидан иборат 15 фоизли кимёвий реагентлар доимий бериб борилади. Бу озуқавий модда микроорганизмларнинг ҳаётий фаолиятини сақлашга жараённинг узлуксизлигини таъминлашга хизмат қилади.
Бактерия оксидлаган флотобойитма "биокек" деб аталади ва қарама-қарши ювиш қуюлтиргичларга йўналтирилади. У ерда “биокек” темир, мишьяк ионлари ва сульфат кислотаси қолдиқларидан тозаланади ҳамда қуюлтирилади. Бўтана зичлиги 1200 г/литргача оширилади.
Қарама қарши ювиш жараёнидан чиқадиган чиқинди сувлар нейтраллаш жараёнига юборилади. Нейтраллаш жараёнида суюқ фазадаги темир ва мишяк ионлари оҳактош билан нейтралланади ва чўкма ҳолатига ўтказилиб, саноат чиқиндиларини зарарсизлантириш ва реагентлар тайёрлаш цехининг қуюлтиргичларига юборилади. Бу жараёнда ишлатиладиган сув қайта ишлаш учун цехга йўналтирилади, бунда сувнинг ортиқча сарфини олдини олади. Биооксидлаш цехида технологик кўрсатгичларни яхшилаш ва намуналар таҳлилини аниқ ва тўғри ўтказишни назорат қилиш мақсадида ҳар бир реактор устига намуна олгичлар ўрнатилган. Бактериялар учун энг қулай ҳарорат 40-44°C бўлиб, улар фаол ишлагани сари муҳит қизиб кетади.Ҳар бир реактор ҳароратини белгиланган ҳароратда бўлишини таъминлаш учун реакторларга совутиш тизими ўрнатилган. Шунингдек, ҳар 4 соатда 8-9 та асосий кўрсаткич мунтазам ўлчаниб, жараён назорат қилиб борилади.
Бу шундай нозик жараёнки, бактериялар тирик организмлар бўлгани учун уларга зарур шароитларни яратиб бериш мураккаб саноат мажмуасиининг асосий вазифаларидан бири.
Олтинни сульфидли қопламалардан халос бўлиши бу табиат ва фан уйғунлигидаги улкан синов. Буни аъло даражада уддалаётган цехга Бобур Эшпўлатов раҳбарлик қилади. 140 нафар ишчи-мутахассис фаолият олиб бораётган катта жамоада иш самарадорлигини ошириш янгиликларни жорий этиш борасида ҳам қатор ишлар амалга оширилмоқда.
Жумладан, лабораторияда намуналарни фильтрловчи янги схема ва қурилмалар ишга туширилган. Реакторларни таъмирлаш ишларини тезлаштириш учун бир қатор чора-тадбирлар амалга оширилган бўлиб, режали таъмирлаш ишлари 100-115% бажарилмоқда. Биореакторларда узоқ йиллар давомида ечимини кутган технологик кўпикни бартараф этиш усули ишлаб чиқилган. Завод раҳбарияти ва цех муҳандис-ходимлари биореакторлар ичидаги маҳсулотни аэролифтлар ёрдамида тепага кўтариб, технологик кўпик устидан ёғдириш усулини жорий қилишди. Эндиликда технологик кўпик пастга тўкилиши натижасида биореакторлар конструкциясининг кимёвий емирилишининг олди олинди.
Эътиборлиси, ҳар бир реакторга ЭРЛИФТ қурилмаси ўрнатилган бўлиб, бу биореакторларнинг зичлигини белгиланган регламентда бўлишини таъминлашга хизмат қилади.
Биооксидлаш цехида механиклар жамоаси WARMAN 10/8 ва WARMAN 12/10 насосларини модернизация қилиш орқали карама-қарши ювиш участкасида сув узатиш ҳажмини соатига 600-650 м³дан 850-900 м³га оширишга эришдилар. Қарама-қарши ювиш ва нейтраллаш участкасида оксидланган бўтана сифатини яхшилаш учун сув миқдори 7% оширилди. Бу эса қолдиқ темир миқдорини 0,3 гр/л гача камайтиришга ва сифатли маҳсулот олишга ёрдам беради.
Технологик жараёнларни автоматлаштириш гуруҳи ва электр таъминоти жамоаси томонидан цехда электр узилишларига қарши чоралар кўрилди. Узилишларда қурилмаларни тез ва аниқ ишга тушириш схемаси ишлаб чиқилди. Шунингдек, цехдаги барча ёритиш воситалари энергия тежамкор лампаларга алмаштирилиб, электр сарфи 70-80%га қисқартирилди. Шу тариқа заводнинг технологик жараёнларини самарали автоматлаштириш ва харажатларни камайтиришга эришилди.
Бу каби ютуқларда цехда меҳнат қилаётган ҳар бир ишчи-ходимнинг ҳиссаси беқиёс. Жумладан, цех бошлиғи ўринбосари Фаррух Турсунов, биооксидлаш участкаси бошлиғи Раҳим Садиков, қарама-қарши ювиш участкасидан Раҳим Мейлиев, цех механиги Фарход Мамаюсупов, цех энергетиги Қаҳрамон Тилавов, технологик жиҳозларни автоматлаштириш гуруҳи раҳбари Суҳроб Йўлдошев, шунингдек, усталар Алишер Ражабов, Хусен Ахмедов, Озодбек Муҳаммадиев, Феруз Бахромов, Ихтиёр Тошев, Алимардон Хушиев, Сирож Холматов ва Мансур Исматовларнинг меҳнати таҳсинга сазовор.
Бундан ташқари, жонкуяр ишчи-ходимлар Аброр Эргашев, Элёр Холиқов, Эркин Ҳамдамов, Икром Тўлаев, Фахриддин Жабборов, Мақсуд Суннатов, Фарид Нуров, Фаррух Каримов, Лазиз Ҳасанов, Азиз Раззоқов, Асрор Раҳмонов, Элёр Кабиров, Ҳазрат Ёдгоров, Илҳом Жўраев, Нурпес Кураков, Абдумажид Мухиддинов ҳамда Латиф Нурматовлар ҳам юқорида қайд этилган муваффақиятларда ўзларининг муносиб ҳиссасини қўшиб келмоқдалар.
Цехда бактерия биринчи марта олиб келинган кундан бошлаб то ҳозирга қадар ишлаб келаётган мутахассислар Раҳимжон Садиков, Шерали Истамов, Озод Хамроев, Бекдулло Ҳакимов, Абдувоҳид Эшмуродовларнинг қилаётган меҳнатлари алоҳида эътирофга лойиқ.
Асосийси, номлари тилган олинган ва олинмаган цех жамоасини барча ишчи-мутахассисларнинг машаққатли меҳнати ва саъй-ҳаракатлари билан ишлаб чиқариш жараёни самарали давом эттирилмоқда.
Феруза ЯНДАШОВА, махсус мухбиримиз.