Олтин ишлаб чиқариш жараёни табиатнинг беқиёс неъматлари ва инсон ақл-заковатининг уйғунлигидан иборат. Бу жараён ҳар бир маъданнинг хусусиятига боғлиқ бўлиб, унинг сири юз йиллар давомида тадқиқ қилинган.
Улкан корхона 3-сонли гидрометаллургия заводида ҳам дастлаб олтин оксидли маъданлар асосида олинган бўлса, кейинчалик маъданлар таркиби сульфидлига алмаштирилди. Бунинг ортидан 2008 йилда 2-цех таркибида флотация цехи янгидан барпо этилди. Бу завод ҳаётида янги саҳифа очди, дейиш мумкин.
Дастлаб, майдалаш цехи таркибида фаолиятини бошлаган бўлса-да, муҳим жараёнлар кечадиган ушбу цех 2010 йилдан алоҳида флотация цехи сифатида ажралиб чиқди. 24 та машиналари билан фаолият бошлаган цех йиллар давомида тараққиёт ва юксалиш йўлини босиб ўтди. Ҳозирда машиналари сони 67 тага етказилган.
Флотация жараёнида Кокпатас, Довғистов ва Омонтойтов конларидан келадиган маъданлар махсус гидроциклонлар ёрдамида флотомашиналарга тушади. Ҳар бир саф флотацияси устидан ўтаётганингизда пастда тинимсиз оқиб турган қора кўпикли сувга кўзингиз тушади.
Фойдали минералларни фойдасиз жинслардан ажратиб олиш учун майдалаш цехидан келган минерал хом ашёга бирламчи ишлов бериш шу цехда амалга оширилади. Майдалаш цехидан бўтана ҳолига келтирилган маҳсулот флотация орқали махсус реагентлар ёрдамида бойитилади.
Флотореагент сифатида кимёвий моддалардан фойдаланилади. Бутилли ксантогенат калий тўпловчи вазифасини бажарса мис купороси – фаоллаштирувчи сифатида ишлатилади. Бир қатор кимёвий ишлов бериш ортидан тайёр бўлган флотоконцентрат флотация орқали 18 куб метрли концентрат қабул қилувчи идишларга йўналтирилади.
Тўрт босиқичли бойитишдан ўтган ҳар бир концентрат энг сўнги босқич қуюқлаштириш бўлимига йўналтирилади. Ҳажми 2516 метр куб келадиган 2 та қуюлтиргич тайёр бойитма махсус чўктирувчи реагент престол ёрдамида тиндирилиб зичлиги оширилади, таркибидаги сув тиндирилади.
Туну кун давом этадиган бойитиш жараёни йиллар давомида бир маромда давом этса-да, ўзига хос ўзгаришлар цех тарихида намоён бўлади. 2008-2010 йиллар оралиғида сульфидли маъданлардан олтин ажратиб олиш 68-70% ни ташкил қилган бўлса, 2010 йил феврал ойида цикллар оралиғидаги флотация (МЦФ-1,2) қуриб ишга туширилиши самарадорликнинг ошишига ҳисса қўшди. Калцийланган сода ва каустик сода эритмасини флотация жараёнига қўшиш натижасида сувнинг юмшоқлиги ошиб, умумий ажратиб олиш кўрсаткичи 80-81% гача кўтарилди.
Флотациянинг биринчи навбатида Швециянинг "Metso minerale" фирмаси РСС-20 ва РСС-70 русумли флотомашина, иккинчи навбатида эса Россиянинг "РИВС" фирмаси РИФ-25 ва РИФ-70 русумли флотомашинаси ўрнатилган. 2017-2018 йилларда унумдорликни ошириш мақсадида РСС-70 флотомашинаси РИФ-70 русумли флотомашинасига алмаштирилди. Реагентлар тақсимотида ҳам ўзгаришлар қилинди.
Жумладан, бутилли ксантогенат калий (БКК) ва оксал (Т-92) реагентларнинг сарфи ўзгармаган ҳолда тақсимлаш нуқталари кўпайтирилди. Пировардида унумдорлик яна бир неча фоизга ошди ва электр энергия истеъмоли ҳам сезиларли даражада камайди.
2024 йил сентябр ойида цикллар оралиғидаги флотация (МЦФ-5) қуриб ишга туширилиши натижасида маъданни қайта ишлаш ҳажми 10-15% га оширилди. Эътирофлиси маҳаллийлаштириш дастури доирасида технологиялар босқичма босқич янгиланиб борилмоқда.
Флотация цехининг муваффақияти ва самарадорлиги унинг фидойи, меҳнатсевар жамоасига ҳам боғлиқ албатта. 107 нафар ишчи-мутахассисдан иборат жамоа Акмал Бахранов бошчилигида ўз олдига қўйган режа-мақсадлар сари ишонч билан одимламоқда. Цех бошлиғининг ўринбосари О. Намозов, цех энергетиги А.Назаров, цех механиги А.Хамзаев, реагентларни тайёрлаш ва дозалаш бўлими бошлиғи Н.Юлдашов каби мутахассислар иш жараёнининг узлуксизлигини таъминлашда катта ҳисса қўшаётир. Электр қурилмаларини таъмирлаш устачилик участкаси устаси А.Ҳикматиллаев, технологик қурилмаларни таъмирлаш бўйича устачилик участкаси устаси М.Нодиров, асбоблар ва аппаратураларни таъмирлаш бўйича устачилик участкаси устаси В.Тошниёзов сингари мутахассислар эса техник хизмат кўрсатиш ҳамда таъмирлаш ишларини сидқидилдан бажармоқдалар.
Бевосита иш жараёнида флотаторлар Б.Дусмурадов, О.Боймирзаев, дозалаш аппаратчиси М.Тошев, электромонтёрлар С.Беков, Х.Джуманкулов, таъмирловчи чилангар М.Хаджаев, назорат ўлчов асбоблари ва автоматика бўйича чилангар Б.Худоймуродов, электрогазпайвандловчи М.Эгамбер-диевлар ўз фидоийлиги билан ажралиб туради.
Мухтасар айтганда, флотация цехида меҳнат қилаётган аҳил жамоанинг касбий маҳорати юқори шу боис бу ерда режа-топшириқ ортиғи билан уддаланади.
Феруза ЯНДАШОВА,
махсус мухбиримиз.