Қизилқум табиати ўзгача: ёз жазирамасида қанот қоққан қушнинг пати куйгудек, қишининг аёзида қолган жонзотнинг суяги бир умр илимайди. Саҳро бу ерда яшовчи одам боласи ва чўл набототини обдон синовдан ўтказади. Шунинг учун ҳам ушбу чўл инжиқликлари аро меҳнат қилаётган азаматларни ҳеч муболағасиз қаҳрамонлар, дейиш мумкин.
Мен бугун “Довғизтов” конида жамиятимиздаги кўплар ибрат олгулик, бир осмон остида яшаб, бир ҳаводан нафас олаётган замондошларига фидойилик намунаси бўлгулик замон қаҳрамонларини учратдим.
Яқин кунларда “Довғизтов” конида саноатга тадбиқ этилиши кутилаётган даврий оқим технологияси комплекси ишга туширилади. Ана шу баҳона Учқудуқдан ....км узоқликда жойлашган “Довғизтов” конига йўл олдик.
...Қуёш ҳали кўрпасидан бош кўтармаган, туни билан хизматини ўтаган ой уйқусираб, эринибгина хира кумуш нур элар, олис-олисларда қизариб-бўзарган янги тонг тарихга айланаётган туннинг ўрнини йиғиш билан овора. Чамаси икки ярим соатликлик масофа. Одатда, йўллар менга илҳом беради, “Юрган – дарё, ўтирган – бўйра” мақолининг мушоҳадасини англайман. Шу вақтда уловда сенга ҳамрох бўлганнинг сукути бисёр бўлсаю сен эса мазза қилиб йўл билан гурунглашсанг! Ахир, минглаб одамларни кўрган, кутиб-кузатган бу йўлларда ҳикмату афсоналар мил-мил.
Довғизтовга бораверсангиз йўлнинг чап томонида “Девқизтоғ” бўй кўрсатаверади: бошида кўзларингиз бу оддий қояларнинг маъносини тушунмайди. Бироқ, қозоқ халқининг афсоналари хаёлингиздан ўтиши билан кўз олдингизда катта-кичик, майда-чуйда қоялар уйқуда ётган улкан алпкелбат қиз ҳайбатини “ясайди”. Уйқудаги гўзал! “Воажаб! Тоғлар ҳам одамлардек бир-бирига ўхшаш бўларкан-да?!”, дея ҳайратланасиз.
Бир неча йиллар олдин Наманганнинг Қирғизистон билан чегарадош тоғларида ер сатҳидан анча баландликда, юксакда мана шундай “уйқудаги гўзал”ни кўргандим. Табиатга беқиёс ва мукаммал сайқал берган Эгам гул водий ва саҳро “гўзаллари”ни ҳам эгиз қилиб яратган бўлса ажаб, эмас! Бугунги, биз йўл олган Довғизтов ҳудуди (поселка) га яқин жойда аллазамонлар туғилган “девқиз” ўз овулидагилардан қаттиқ ранжиб саҳрога бош олиб чиқиб кетган ва ана шу кенгликларда осмонга тикилганича мангу уйқуга кетган экан.
Абадий оромдаги улкан қиз асрлар оша тоғ-тошга айланиб, у уйқуга кетган ҳудуд Дов (каттакон), ғиз (қиз), тов (тоғи), деб атала бошланган. “Довғизтов” нинг тарихи шунақа эмиш. Ичи тўла сир дунёнинг қизиқ асотири-да бу ҳам! Автоулов йўлини давом эттираркан, менга “девқиз” эртагини сўйлаган ўша майда-чуйда қоялар кўздан ғойиб бўлади. Мен тарих билан хайрлашиб, бугунги давр қаҳрамонларининг афсоналар бўлгулик илму ирфонлари ва меҳнат-шижоатларини ёзишга шошиламан.
Халқ кўз тиккан ризқнинг залвори ва масъулияти оғир бўлади. Бу йўлда эришилган муваффақият завқига берилиб, зиммага юкланган вазифага бепарволик ёхуд машаққатли жараёнларда масъулиятни унутиш ғоят хатарли. Шу билан бирга, шиддат билан шошаётган давр илмидан орқада қолиш ҳам ярамайди. Бугунги давр қаҳрамони ё замон билан ҳамнафас бўлиши ёки даврдан ўзиб ҳаракатланиши зарур.
Шимолий кон бошқармасида ана шундай замон қаҳрамонлари меҳнат қиладилар. “Довғизтов” конида ишга туширилган даврий узлуксиз технология комплекси илм-шижоатли, довюрак, ўз касбини астойдил севувчи мутахассис ходимларнинг меҳнатлари маҳсули сифатида қад ростлади.
Шимолий кон бошқармасида биринчи марта қурилган ушбу мажмуа “Довғизтов” конида кон техникалари орқали тоғ жинсларини ташиш масофасини қисқартириш ва ёқилғи-мой маҳсулотлари харажатларини камайтириш ҳамда меҳнат унумдорлигини оширишга хизмат қилади. Ана шу жиҳатдан олиб қараганда тоғ-кон жинсларини конвеер линиялари орқали ташиш энг қулай ва тежамкор воситадир. Узунлиги 1900 м, эни 2 м бўлган даврий оқим технологиясини барпо этишда 5000 тн металлоконструкция ишлатилди.
Ўтган 2024 йилда “Довғизтов” конида йиллик режа 115,5 фоизга бажарилган бўлса, жорий йилда 41,1 млн. кубметр тоғ жинсларини қазиб олиш режалаштирилган. Бугун кон-металлургия тарихига муҳрланаётган ана шундай улуғвор ишларнинг самарасидан умидлар катта.
Дунё миқёсида ҳар бир соҳада хусусан кон-металлургия саноатида ҳам кескин рақобат кетмоқда. Шу боис, ишлаб чиқаришда ўз имкониятларини ярата олаётганларгина айни вақтдаги шиддатли эврилишлар муҳитида юксак мавқеини сақлаб қолади.
Даврий оқим технологияси мажмуаси ҳам зукко мутахассисларнинг илмий-технологик ғоялари маҳсулидир. Ушбу комплекснинг бунёд этилишида Навоий машинасозлик заводи фидойилари, Зарафшон қурилиш бошқармаси меҳнаткашлари ва Шимолий кон бошқармасининг жонкуяр ходимлари ишчанлик ва шижоат билан меҳнат қилиб қудратли комбинатнинг ҳар ишда бирдам ва илғор эканини кўрсатдилар.
Мажмуанинг очилиш маросими жуда шукуҳли ва файзли ўтди. Уч-тўрт кун олдин келганимда ватан иқтисодиёти йўлидаги ҳар қандай меҳнат ва машаққатни шараф билиб астойдил ишга киришган, чўл шамоли юзларини қорайтирган мутахассислар ва ишчиларнинг бугун елкаларидан тоғ ағдарилгандек!.
Евгений Серков, Ботиржон Ишматов, Ойбек Асадовдек оқ-сариқдан келган йигитларнинг юзини олган қуёш бугун уларнинг юзида порлаётгандек. Уларнинг табиат инжиқликларию куннинг қайси маҳали бўлишидан қатъий назар касбларига садоқат билан қилган хизматлари ушбу мажмуанинг тез фурсатларда ишга туширилишига сабаб бўлди. Бу эса, гигант корхонанинг ҳар бир ходими республикамиз иқтисодий қудратини мустаҳкамлаш йўлида шай ва уйғоқ эканига яна бир далолатдир.
Улкан технологик мажмуага қараб ўрта асрларда соҳибқирон Темур бобомизнинг: “Қудратимизга шубҳа қилсангиз, биз қурдирган биноларга боқинг!”, деган сўзлари нақадар тўғрилигини тушуниш мумкин. Ҳақиқатан ҳам мазкур комплекс бугунги асримизда яшаётган юзлаб Темурийларнинг куч-қудрати ифодасидир.
Нилуфар Муйдинова,
ШКБ Ахборот ва маънавият-маърифат гуруҳи раҳбари.