Ҳар қандай соҳада - касбга бўлган меҳр, интилиш ва масъулиятни ўзининг ҳаёт тарзига айлантирган инсонлар қадрланади. Лутфулла Хушмуродов ҳам ўзининг билими меҳнатсеварлиги ва масъулияти билан бугун ҳурмат-эътибор қозонган инсонлардан.
У 1979 йилда Навоий вилояти Хатирчи туманида туғилган. Самарқанд озиқ-овқат техникумини техник-иқтисодчи мутахассислиги бўйича тамомлаган. Аввалига Хатирчи туманида 2009 йилдан эса Учқудуқда иш фаолиятини давом эттирган. Кейинчалик туман электр таъминоти корхонасида ҳисобчи, корхона бошлиғи ўринбосари, бошлиқ вазифасини вақтинча бажарувчи сингари масъулиятли лавозимларида ишлаб ҳурмат-эътибор қозонган.
Эътиборлиси, бу йиллар давомида ҳудудда нафақат узлуксиз электр таъминоти узатилишини назорат қилиш балки энергиядан оқилона фойдаланиш бўйича ҳам эзгу ишларни йўлга қўйди.
Лутфулло Нуриллаевичнинг ўз ишига бўлган масъулияти корхона ривожига қўшаётган ҳиссаси инобатга олиниб, янгидан ташкил этилган "Ҳудудий электр тармоқлари "АЖ Учқудуқ туман "Энергосавдо" бўлимига раҳбар этиб тайинланди.
16 нафар ишчи-мутахассис меҳнат қилаётган аҳил жамоанинг асосий вазифаси электр энергияни белгиланган тарифларда ёки белгиланган тарифлардан чегирмалар қўллаган ҳолда истеъмолчиларга сотишдан иборат.
- Энергияни тежаш, ҳар бир инсонда тежамкорлик маданиятига дахлдорлик туйғусини шакллантириш қолаверса, муқобил энергия манбаларини ишга солиш жараёнларини жадаллаштиришни даврнинг ўзи тақозо этаяпти, - деди биз билан суҳбатда Лутфулла Хушмуродов.
Оила инсон учун мукаддас ва улуғ даргоҳдир. Лутфулла Нуриллаевичнинг ҳам барча ҳавас қилса аризигулик оиласи бор. Турмуш ўртоғи Матлюба Хасанова ардоқли устоз. Туманимиздаги 12-мактабда ўзбек тили ва адабиёти фанидан ёш авлодга таълим тарбия бериб келмоқда.
“Бир юрак, бир билак бўлиб”, яшаётган бу ибратли оилада уч нафар ўғил вояга етмоқда. Келгусида ота-онасидан ибрат олган ўғиллар ҳам элу юрт равнақига муносиб улуш қўшадиган етук баркамол инсонлар бўлиб вояга етишига ишонамиз.