Собиржон (исми ўзгартирилган) 2021 йил июнь ойидан бери Андижон темир йўл масофасида йўл созловчи бўлиб ишлаб келаётганди. Фаолияти давомида ҳамкасбларига қўлидан келганича ёрдамини аямади, кўмак сўраганга йўқ, демади.
2022 йил март ойида ҳамкасби Икром (исми ўзгартирилган) ундан мобиль илова орқали банклардан онлайн кредит олиш учун ёрдам беришини сўрайди. У ҳамкасбининг “Redmi 11” русумли телефонида мобиль илова орқали 10 миллион сўм кредит расмийлаштириб беради.
Икром бу пулларни пластик картадан икки йил давомида бўлиб-бўлиб тўлаши шарт эди ва банк томонидан бу пуллар автоматик равишда ечиб олинарди. Ўшанда Собиржон хамкасбининг мобиль иловасига кириш паролини ҳам ўрнатиб бериб, келгусида ўзининг асл мақсадини хаёлида “пишитиб” қўйганди.
2023 йил сентябрида Собиржонга пул зарур бўлиб, “пулни қаердан топсам экан?”, деб ўйлайди ва Икромнинг уяли телефонига банкнинг мобиль иловасини ўрнатиб берганлиги эсига тушади. Эрталаб ишга борганида танишлари билан гаплашиб олиш учун Икромдан телефонини бериб туришини сўрайди.
Телефон қўлига тегиши биланоқ, унинг ёнидан узоқроққа бориб, яширин равишда банк мобиль иловасига кирмоқчи бўлади. Аммо уринишлари зое кетиб, қачонлардир ўзи ўрнатган кириш пароли нотўғри эканлиги тўғрисидаги хабарни олади.
Ҳар ишни йўлини топган Собиржон бу сафар ҳам ишни амаллайди, ўрнатилган илованинг паролини янгилаб, “2222” паролни ўрнатади ва иловага киради. Банкдан Икромнинг номига 14 миллион 244 минг сўм миқдорида қўшимча кредит расмийлаштириб ҳамкасбининг иловадаги ҳисоб рақамига тушириб олинишига эришади.
Ишни қилсанг, пухта қил, хом қилмагин, деганларидек яширин тарзда олинган кредитни тўғридан-тўғри пластик картасига эмас синфдош дўстининг картасига ўтказиб олишни режалаштиради. Россия Федерациясидан танишлари пул жўнатмоқчи эканлигини, ўзининг пластик картасига пул туширса банк томонидан кредитлари учун ечиб олинаётганлигини айтиб, синфдошини розилигини олади. 14 миллион 244 минг сўм миқдордаги пул маблағини синфдош дўстининг пластик картасига ўтказиб олади.
Режаси силлиққина бўлиб амалга ошган Собиржон уяли телефонни Икромга қайтариб беради. Ишдан сўнг синфдошига учрашиб, унинг пластик картасини олади ва пулларни ўз эҳтиёжларига ишлатиб юборади.
Орадан кўп ўтмай Икром пластик картасига тушган ойлик иш ҳаққидан банк кредити учун ҳар доимгидан кўпроқ пул ечиб олинганлигидан ҳайрон бўлиб, банкка мурожаат қилади. Аниқланганидек, мобиль иловаси орқали 14 миллион 244 минг сўм миқдорда қўшимча кредит расмийлаштирилганлиги ва бу пуллар бошқа пластик картасига ўтказиб юборилганлиги маълум бўлади.
Икром дарҳол ҳуқуқ-тартибот органларига бу ҳақда хабар беради. Олиб борилган текширув ҳаракатлари натижасида кўп ўтмай Собиржоннинг содир этган қилмиши фош этилади.
Собиржон томонидан ўз ҳамкасбининг пул маблағини фирибгарлик йўли билан талон-торож қилганлиги ҳолати бўйича жиноят иши қўзғатилиб, унга нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 168-моддаси 3-қисми “г” банди билан айблов эълон қилинади. Эҳтиёт чораси тариқасида қамоққа олиш қўлланилади.
“Ишонмагин дўстингга сомон тиқар пўстингга”, деб бежизга айтишмаган. Ҳозирда мақоладаги сингари воқеа-ҳодисаларга бот-бот дуч келаётганлигимиз боис: “Бу дунёда чин дўст топиш қийин” дейишгача борамиз. Лекин бир-биримизга бўлган ишонч — Яратган томонидан аталган ҳаёт йўлимизда бизни асровчи энг чиройли туҳфа. Ноодатий бўлиб кўринса-да, шундай хулосани илгари сурамиз: Оламни асранг дўстлар, одамни асранг дўстлар!
Шерзод ШОДМОНОВ,
ИИВ транспорт ва туризм объектларида
хавфсизликни таъминлаш департаменти терговчиси.