Дарҳақиқат, инсон ҳаётидан қимматроқ нарса йўқ. Шу боис соғлиқни сақлаш тизимини такомиллаштириш ва аҳолига тиббий хизмат кўрсатиш сифатини ошириш масалалари доимий диққат марказдаги масалалардан бўлиб келмоқда. Бош қомусимизда ҳам ҳар бир инсон малакали тиббий хизматдан фойдаланиш ҳуқуқига эга эканлиги белгилаб қўйилган. Фуқароларнинг ушбу ҳуқуқини рўёбга чиқариш борасида тиббиёт муассасаларининг ўрни беқиёс!
Учқудуқ туман тиббиёт бирлашмаси тасарруфидаги 80 – ўринли стационар бўлими, 1 та кўп тармоқли марказий поликлиника, 7 та оилавий шифокорлик пункти, 1 та оилавий поликлиника 3 та маҳалла тиббий пункти томонидан 37 594 нафар аҳолига малакали тиббий хизмат кўрсатиб келинмоқда.
Бирлашмада шифокорлар сони 56 нафарни ташкил этиб, бу ҳар 1000 аҳолига 14,9 та шифокор тўғри келишини англатади. Ўрта махсус маълумотли тиббиёт ходимлари сони эса 409 нафар бўлиб, бу кўрсаткич 1000 аҳолига 109,0 тани ташкил этади. Жорий йилда 2950 нафар бемор шифо топганлигини эътироф этиш ўринли, албатта1.
Шифохонанинг моддий техник базасини яхшилашга берилаётган эътиборни, жарроҳлик бўлими мисолида кўриш мумкин. Бўлим 10 ўринли бўлиб, барча зарурий ва замонавий асбоб – ускуналар билан жиҳозланган. Йилида малакали жарроҳлар томонидан 500-550 нафар беморларда жарроҳлик амалиёти ўтказилиб, беморлар соғлом ҳаётга қайтарилмоқда.
«Ташаббусли бюджет» лойиҳаси доирасида ажратилган маблағ ҳисобидан биполяр учлик ва пинцетли электрокоагулятор тўплами, катта жарроҳлик тўплами, жарроҳлик столи, амалиётхона ёритгич рефлекторлари, кардиомониторлар ҳамда республикамиз шифохоналарида саноқли ҳисобланган лапароскоп аппарати харид қилинди. Бу аппарат ёрдамида беморларда юқори технологияли жарроҳлик амалиётини амалга ошириш имкони яратилди.
Ҳақиқатдан ҳам бу каби тиббиёт соҳасида қўлланилаётган янгиликлар бирламчи тиббий санитария муассасаларида юқори технологияли жарроҳлик амалиётларини ўтказиш, тиббиётни аҳолига янада яқинлаштириш, касалликларни эрта аниқлаш, шошилинч ҳолатларда беморлар ҳаётини сақлаб қолиш имкониятларини ошириши билан ҳам аҳамиятлидир.
Бугунги кунда Учқудуқ туман тиббиёт бирлашмасида шифокорлар ва тиббиёт ходимларининг фидойилиги ва кўрсатаётган тиббий хизматлари, аҳолининг саломатлигини таъминлашда ва уларнинг турмуш сифати яхшиланишида муносиб ўрни бор.