Қадрдон даврвозамиз олдида кичкина супача бўларди. Онам акамнинг келишини ўша ерда ўтириб кутарди. Кўчадан ўтган, қайтган йўловчилар, қўни-қўшнилар билан гурунглашиб, кўнгил чигилини ёзар: “Болагинамнинг вақти йўқ-да, уззу-кун ишда”, ўзини ўзи овутган бўларди.
Орадан ойлар, йиллар ўтди. Ўзим ҳам она бўлдим. Ҳар сафар онам зиёратига борганимда: «Оналар фарзандларини меҳр бешигига белайдилар. Фарзандлар катта бўлгач ота-оналарини сабр бешигига белар экан-да?» дейсиз. «Қаерда бўлмасин, ўз кунларига соғ-саломат бўлишсин», дея менга юзланасиз. Турмушим тинчлиги, болаларим соғлиги ҳақида сўрайсиз.
...Ҳовлимизни райҳон, намозшомгуллар ифори тутган. Онам гулларни ўзгача меҳр бериб парваришлайди. Қўни - қўшни, қишлоқдошлардан ҳам ширин сўзи, меҳр-муҳаббатини қизғонмаган онам, биз олти нафар ўғил-қизни койиганини ҳеч эслолмайман. Эрта тонгдан шом қоронғусигача қўллари ишдан бўшамас, туннинг алламаҳалигача эса “урчуқ”да ип йигирип, шоли «олача» тўқиб, кигиз босарди.
...Ўшанда кузакнинг илк кунлари эди. Энди аввалгидек қадрдон супачага чиқиб ўтиролмайсиз. Хастасиз. Кўча дарвозасини очиқ қолдиришни сўрайсиз. Шундоққина уйимиз олдидаги қумлоқ кўчадан ўтган - қайтган машиналарга термуласиз. Биламан, ҳар сафаргидек акамни кутяпсиз. «Акангни машинаси-ми?» дейсиз, келишидан умидвор бўлиб.
Шу чоқда акам дарвозамизга бурилмай, кўча бошига ўтиб кетадилар. У ерда қайнонасининг уйи бор. Акамнинг машинаси изидан кўтарилган чанг анчагача ҳавода муаллақ қолади.
Биласиз, акамнинг машинаси эканлигини аниқ биласиз! Шундай бўлса-да: “Болажонимнинг машинасига ўхшаб кетаркан”, дейсиз ўзингизни овутган бўлиб. Энди менинг жаҳлим чиқади. Мен нодон сизга далда бўлиш ўрнига баттар дилингизни оғритаман. “Ўзингиз талабчан, қаттиққўл эмассиз”, дея онажонимни ёзғираман.
Ниҳоят, акам қишлоқ тепасидан қайтадилар. Баъзида илҳақ кутиб ўтирган онамга дийдорни кейинги сафарга қолдириб, ўтиб кетсалар баъзида машинани дарвозамизга қараб бурадилар. О! Шунда онам қувончини бир кўрсангиз эди. Ўзи емай чой сандиқ тубида сақлаган майизу новвотлар, ҳолваю қанд-қурслар токчадан тушиб, акам учун ёзилган дастурхонга кўрк бағишлайди. Йўқ-йўқ, гап ахир таомда эмас-ку!? Лекин онам асраб қўйган ўрик қоқию майиз, новвотларда қуёш янглиғ меҳр бор.
...Ўшанда акам ва унинг хотини бемеҳрлигидан куйиниб: «Ота-она болам қачон катта бўларкин» деб кутаркан. Улар: «Ота-онам қачон...» деб кун санаркан, деганингизда титраб кетгандим. Энди ўйлаб қарасам, нодон фарзанднинг соғинчига сазовор бўлишдан умидворликнинг ўзи нодонлик экан!
Бугун эса, бугун ... Онам акамни интиқ кутадиган ўша қадрдон супача бўм-бўш.
Кўзимиз нури, қалбимиз қўри, ҳаётимиз гули бўлган азиз фарзандлар. Ота-онангиз зиёратига тез-тез бориб туринг, ахир улар омонат дунёда топилмайдиган омонатингиздир!. Соғинчларда сарғаймасин соғинчлар!
Райҳон ҚОДИРОВА, журналист.