LOTIN-КИРИЛЛ

ЮКСАЛИШГА ЕТАКЛАГАН КАРВОН!

Учқудуқлик ҳайкалтарошни биласизми?

ЮКСАЛИШГА ЕТАКЛАГАН КАРВОН! 

Шарипов Элмурод Нурмуҳаммедович 3-сонли гидрометаллургия заводи, қуюлтириш, саноат чиқиндиларини зарарсизлантириш ва реагентлар тайёрлаш цехининг реагентларни дозаловчиси бўлиб ишлайди. 

Учқудуқ шаҳрига кираверишингизда салобатли бир-биридан чиройли туялар карвони ва олдинда шахдам қадамлар билан кетаётган қўрқмас бироқ, самимий “карвонбоши” сизни қаршилайди. Синчковлик билан қараб турсангиз бирор бир деталь унутиб қолдирилмаганлигига амин бўласиз-да, “қойил-эй!” деб юборасиз беихтиёр. Ҳатто қўлингиздаги телефон камерасини тўғирлаб, чиройли экан, дея эсдалик учун суратга ҳам тушиб қўясиз. 

Бугун эса бу карвон ёнига, қанотлари кенг ёйилган бургут, тоғу тошларда моҳирлик билан ҳаракатланадиган тоғ эчкиси, ҳайбатидан одам сесканадиган эчкиэмарларни ва оқ лайлакларни кўриш мумкин. Замонавий қарашларимиз билан айтадиган бўлсак, ажойиб селфибоп жой.  

Шимолий кон бошқармаси 3 - сонли гидрометаллургия заводида ишлаётганларнинг аксарияти бу санъат “монументи” муаллифи Элмурод ака эканлигини яхши билишади. Мен бу истеъдод соҳиби ҳақида барча учқудуқликлар билишини хоҳладим ва Элмурод акага қўнғироқ қилдим. 

Қаҳрамоним навбатдаги меҳнат таътилида экан. Гўшакдан: “алло, эшитаман!”, деган овоз келиши билан саволларимни қалаштириб юбордим: “Бу ҳайкалларнинг ҳар бири учун қанча вақт сарфлайсиз, уларни тасаввурингизда чизиб оласизми, ёки қоғозга тушириб оласизми?! Умуман бу ноёб қобилият сизга кимдан ўтган ёки ҳайкалтарошлик йўналишида бирор бир мактабда ўқиганмисиз?! 

Шу тариқа телефон орқали бўлса-да, “учқудуқлик ҳайкалтарош” ҳақида батафсил маълумотлар олдим ва сизларга ҳам илиндим. 

ЎЗИНИНГ ҲИКОЯСИ

 Ёшлигимдан рассомчиликка қизиққанман. Расм чизиш жону-дилим. Ижод намуналарим туман газетасида чоп этиларди, мен бундан илҳомланардим. Яна изланишда давом этардим. Олий таълимда рассомчилик йўналишида ўқишни орзулаганман, бироқ тақдир мени олий таълим даргоҳида эмас ҳаёт мактабида ўқиб, тажриба оширишимни истади, шекилли 1991 йилда акамга эргашиб, Учқудуққа келдим. Бир оиланинг икки забардаст ўғли “Ялла” гуруҳининг “Учқудуқ” қўшиғи туфайли танийдиган ўша машҳур шаҳарчага қадам қўйдик. 

Ўшанда отамнинг дуоси-ю маслаҳати билан ИКАРУС русумли автобусда 8 соат йўл юрганмиз. Адоғи кўринмас йўлдан юриб келаётган автобус деразасидан кўрганим бийдай чўл. Юрагим туб-тубида қанақа жойларга бораяпман, ўзи деган ҳадик бўлди, албатта. Лекин етиб келгач, тасаввурларим тамоман ўзгарди. Кўп қаватли уйлари маҳобатли (7 - қаватли уйлар камдан-кам шаҳарларда бўларди) шунинг билан бирга тоза-озода, саранжом-сариштали шаҳарчани кўриб кўнглим анча таскин топганди. 

Акам Навоий қурилиш бошқармасида иш бошлади мен эса суҳбатга кирдим. Натижада чизиб берган расм ва чизмаларим асосида тўртинчи разрядли график-дизайнер вазифасига ишга қабул қилиндим. Ўша йиллари завод қурилиши эндигина бошланган ҳамма кучлар энг муҳим объект қурилишига сафарбар этилганди. Мен ҳам Зарафшон қурилиш бошқармаси таркибида икки-уч йил мобайнида завод қурилишида фаол иштирок этдим. Шу тариқа жонажон завод кўз ўнгимда қад ростлади. Ҳар бир ғишти, ҳар бир металь конструкцияси умуман ҳар бир қаричи мен учун азиз бўлган заводга 1994 йилда ишга қабул қилиндим. Сорбция, регенерация ва тайёр маҳсулот цехида график-дизайнер бўлиб ишлай бошладим. Кейинчалик маъмурий хўжалик бўлимига ўтказишди. Бу орада Учқудуқдаги Кончилик ўқув юртининг кечки таълимида таҳсил олдим. Билим юртини тугаллаб, 2004 йилда қуюлтириш, саноат чиқиндиларини зарарсизлантириш ва реагентлар тайёрлаш цехининг реагентларни дозаловчиси вазифасига ишга ўтдим. Мана 20 йилдан буён шу касбда ишлаб келяпман.

Мен улғайган оилада меҳнатга шу билан бир қаторда санъатга меҳр ўзгача эди. Отам фармацевт, бироқ кўп нарсада уқуви бор айниқса устачиликда тенгсиз эдилар. Уйда бирор нима бузилиб қолса, ўзлари тузатардилар. Мусиқага жуда қизиқардилар. Балким мана шундай ижодий муҳит менда рассомлик қобилиятини шакллантирган ва сайқаллантиргандир.

Йиллар ўтиб ҳайкалтарошликка ҳам қўл урдим. Яхши эслайман, 2010-2011 йиллар эди. Ўшанда Ахатов Неъматилло Асатович 3-сонли гидрометаллургия заводи директори эди. -Ленинградда бўлганимда, оғзидан сув пуркаб турган балиқ ҳайкалини кўрдим, жуда чиройли. Сиз ҳам шунақа қилиб ясаб бера оласизми, - деди. 

“Ҳаракат қиламан!”, дедиму, “Қўлимдан келармикан?! Ўхшамаса-чи”, дея иккиландим. Лекин ясадим. Учта делфинни бирлаштирилган ҳолатини тасвирладим. Завод марказида ясаган ҳайкалим ўрнатилган ҳолда ҳовуз ташкил қилинди. Чиройли манзара чиқди. Бу менинг биринчи ишим эди. Кейинчалик яна ўз устимда ишлай бошладим. Кичиқроқ буюмлар ясаб кўрдим. Заводда атриум барпо қилина бошланди. Атриумни том қисми арка сифат қилиб ёпилди. Мана шу арканинг тепа қисмига, ташқи томондан ҳумо қушини ўрнатилиши ҳақида таклифлар бўлди. Ҳумо қушини ясашни яна менга ишониб топширишди. Берилган муддатда ишни якунладим. Таъбир жоиз бўлса ҳар бир яратган санъат асаримга нисбатан ён-атрофимдагиларнинг ижобий фикрлари менга илҳом беради, изланишга ундайди, албатта.  

Цехнинг собиқ бошлиғи Нурманов Маҳмуд Жумабаевич (раҳматли) мени чақириб: “Элмурод ака, туман марказига қўйиладиган туялар карвонини ясашимиз керак”, деди. Ишга киришиб кетдим, биринчи катта туя ишлаб чиқаришда ишлатилмайдиган яроқсиз темир бўлакларидан ясалган. Аввалига туялар сони 6 та эди. Навоий КМК бошқарув раиси, бош директор Қ.Санақуловнинг кўрсатмаси асосида туялар карвонига “карвонбоши”, туман ҳокими С.Хамроев ғоясига кўра “бўталоқ” қўшилди. Бу ғоя ва таклифлар Учқудуқ дарвозаси бўлган мазкур монументнинг мажозий маъносини бадиий қимматини янада оширди, деб ўйлайман.

Хуллас уч ой давомида қилган меҳнатларимиз бугун Учқудуқ кўркига - кўрк қўшиб турибди. Тарихни ўз объективида муҳрлаётган тумандошларимиз ва меҳмонларга қараб, қилган меҳнатим самарасидан фахрланиб кетаман.

    Ундан кейин Нарбадалов Шуҳрат Иброҳимович ташаббуси билан заводнинг киравериш қисмига ҳам бир қанча ҳайвонлар ҳайкалларини ясадик ва жойлаштирдик. Ҳозирда ишдан бўш вақтларимда буюртмалар қабул қиламан.

  Тўғри, ҳайкалтарошлик иши машаққатли, оғир. Бироқ, натижасидан қувониб юрасиз. Келажакда бирор бир устахона очиб, ёшларга ҳайкалтарошлик санъатини ўргатиш умуман – мактаб яратишни мақсад қилганман.

Баъзида рассомчиликкка қайтгим келиб қолади. Балким келажакда яна рассомчилик билан шуғулланарман…

Биз нима ҳам дердик, Учқудуғимиз ана шундай яратишга яратувчанликка муштоқ фидойи инсонлари билан кўркам бўлаверсин! Бизга-да уларни кўз-кўзлаб, алқаб ёзиш эзгу ишларини сиз азизларга етказиш, тарихга муҳрлаш саодати қайта-қайта насиб этаверсин!

Дилором САЛИМОВА,

3-сонли ГМЗ маънавият ва маърифат ишлари бўйича инспектор

O'qilgan: 272 bora

Uchquduq tumani

Tuman markazi - Uchquduq shahri.Tumanning tuzilgan vaqti – 1982 yil 22-aprel. Territoriyasi – 4663 ming2 km. Tuman markazi Navoiy viloyati markazigacha bulgan masofa – 300 km. Aholisi - 37028 ming kishi

Qisqacha ma'lumot

Aloqada bo'ling

  Email: This email address is being protected from spambots. You need JavaScript enabled to view it.
  Telefon: (+99879)222-00-05-101
  Telefon: (+99879)222-00-05-102
  Faks: (0436) 593-11-01
  Manzil: Navoiy viloyati, Uchquduq tumani, Amir Temur ko‘chasi, 28-uy

Ijtimoiy tarmoqlarda: