Савол: Суд даъво аризамизни судгача тартибда кўрмагансан деб аризани қайтарди нима қилишим керак?
Бир тадбиркор мурожаатчимиз шундай мурожаат қилган.
Жавоб: Низони судгача ҳал қилиш нима? Сиз бирор бир фирма ёки корхона билан шартнома имзолаётганингизда агар шартнома юзасидан низо келиб чиқадиган бўлса аввал уни судгача ҳал қилишингиз ҳақида келишасиз. Кўпинча тадбиркорлар шу судгача ҳал қилиш босқичидан ўтмай иқтисодий судга даъво ариза билан мурожаат қилишади. Натижада суд уларнинг аризасини кўрмасдан қолдиради. Иқтисодий процессуал кодекснинг 107-моддасида даъвогар низони судгача ҳал қилиш (талабнома юбориш) тартибига риоя этмаган бўлса, башарти бу шу тоифадаги низолар учун қонунда ёки тарафлар шартномасида назарда тутилган бўлса суд аризани кўрмасдан қолдириши белгилаган. Демак бу ерда суднинг чиқарган ажрими қонуний.
Низони судгача ҳал қилиш жавобгарга талабнома юбориш орқали амалга оширилиши мумкин. Бунда ҳуқуқлари ва қонуний манфаатлари бузилган хўжалик юритувчи субъект мазкур ҳуқуқ ва манфаатларни бузган хўжалик юритувчи субъектга нисбатан талабнома билдиришга ҳақлидир. (Хўжалик юритувчи субъектлар фаолиятининг шартномавий-ҳуқуқий базаси тўғрисида қонуннинг 17-моддаси)
Талабномада қуйидагилар кўрсатилиши керак:
- шартнома томонларининг номи;
- талабнома билдирилган сана ва унинг рақами;
- талабнома билдириш учун асос бўлган ҳолатлар;
- талабномада баён этилган ҳолатларни тасдиқловчи далиллар;
- арз қилувчининг талаблари;
- қарзнинг суммаси ва унинг ҳисоб-китоби, арз қилувчининг тўлов ва почта реквизитлари;
- талабномага илова қилинаётган ҳужжатларнинг рўйхати.
Иккинчи томон талабномани олгандан сўнг 15 кун ичида Сизга жавоб бериши лозим. Талабномага ўз вақтида жавоб берилмаса ёки бажарилиши рад этилса, сиз даъво билан судга мурожаат қилишингиз мумкин.
Шу сабабли сиз бу вазиятда жавобгарга талабнома юбориб, жавобгар томонидан 15 кун ичида жавоб бўлмаган тақдирда судга мурожаат қилишингиз лозим шунда суд сизнинг аризангизни иш юритувига қабул қилади.
Учқудуқ туман адлия бўлими.