Давлатимизнинг асосий қонуни — Конституциямизда, Оила кодексида, «Бола ҳуқуқларининг кафолатлари тўғрисида»ги, «Васийлик ва ҳомийлик тўғрисида»ги, «Вояга етмаганлар ўртасида назорацизлик ва ҳуқуқбузарликлар профилактикаси тўғрисида»ги қонунларда фарзандларимиз, вояга етмаган болалар манфаатларининг тўлақонли ҳимояси кафолатланган.
Бу борада алоҳида ғамхўрликка, шунингдек ўз ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатлари ҳимоя қилинишига муҳтож бўлган этим болалар ва ота-онасининг қарамоғидан маҳрум бўлган болалар, ота-оналик ҳуқуқидан маҳрум этилмаган ота-онаси бўлган ҳамда болаларнинг ҳаёти ёки соғлиғига бевосита таҳдид туғдираётган ёки уларнинг таъминоти, тарбия ва таълим олишига доир талабларга жавоб бермайдиган шароитда яшаётган болаларга васийлик ва ҳомийлик белгилаш масалалари муҳим ўрин тутади.
Шуни инобатга олиб, Учқудуқ туман "Инсон" ижтимоий хизматлар маркази ташаббуси билан мактабгача ва мактаб таълим муассасалари масъуллари учун “Вояга етмаганларга нисбатан васийлик ва ҳомийлик белгилаш масалалари" мавзусида ўқув-семинари ўтказилди.
Жараёнда васийлик ва ҳомийликнинг асосий принсиплари, мажбуриятлар ва белгилаш тартиби бўйича тақдимот ўтказилди. Интерактив усулда ташкил этилган семинар якунида барча иштирокчилар ўзларини қизиқтирган саволлар бўйича батафсил жавоб олишди.