Учқудуқ туманидаги № 99818 – сонли ҳарбий қисмда Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари ташкил этилганлигининг 32 йиллиги ҳамда 14 январь Ватан ҳимоячилари куни байрами кенг нишонланди.
Ватанимиз мустақиллиги, халқимизнинг тинч, эркин ва фаровон ҳаётининг мустаҳкам кафолати бўлган Ўзбекистон Қуролли Кучлари ўтган 32 йилда ғоят мураккаб ва айни пайтда шонли шаклланиш йўлини босиб ўтди.
Aйниқса, кейинги йилларда олиб борилаётган туб ислоҳотлар натижасида миллий армиямиз ҳар қандай хавф-хатарга муносиб зарба бера оладиган қудратли, тезкор ва самарали кучга айланиб бормоқда. Юртимиз хавфсизлиги, сарҳадларимиз дахлсизлигини ишончли ҳимоя қилишга, аҳолининг тинч ва осуда ҳаётига қаратилган ҳар қандай ғаразли қарашларнинг олдини олишга қодир бўлган, ихчам, тезкор, ташкилий жиҳатдан мукаммал, замонавий қурол-яроғ ва ҳарбий техника билан таъминланган миллий армиямиз шакллантирилди.
Бугун ота-оналар ўз фарзандларини армияга кўзда ёш, юракда хавотир билан эмас, балки менинг ўғлим ҳақиқий Ватан ҳимоячиси бўлади, деб, юксак ишонч ва фахр туйғуси билан кузатмоқда.
№ 99818 – сонли ҳарбий қисм маърифат залида бўлиб ўтган байрам тадбирида Учқудуқ туман ҳокими Соли Хамроев, ҳуқуқ-тартибот идоралари раҳбарлари, Шимолий кон бошқармаси мутасаддилари иштирок этди.
Ўзбекистон Қуролли Кучлари ташкил этилганининг 32 йиллиги ва 14 январь Ватан ҳимоячилари куни муносабати билан "Халқ ва армия - бир тану бир жон" мавзусида ўтказилган маърифий – маданий тадбирида туман ҳокими С.Хамроев сўзга чиқиб, мамлакатимизнинг турли гўшаларидан келиб Учқудуқ туманидаги № 99818 – сонли ҳарбий қисмда ўз йигитлик бурчини ўтаётган қўрқмас ва ҳақиқий ватанпарвар аскар ва офицерларни шунингдек, эл-юрт тинчлиги ва осойишталиги йўлида хизмат қилаётган барча ҳарбийларни байрам билан муборакбод этди. Уларнинг ота-оналарига, яқинларига улкан миннатдорчилик билдирди.
Тадбир давомида, бугунги кунда аҳолингинг тинчлиги, осойишталиги ва ижтимоий ривожланишида ўз ҳиссасини қўшаётган бир қатор ҳарбийлар тақдирланди.
Ташкил этилган байрам дастурида № 99818 – сонли ҳарбий қисм зобит ва аскарлари томонидан саҳналаштирилган ичакузди ҳангомалар турли хил характерларда ижро этилиб, бутун зални кулдира олди. Асосий мавзу фидойилик, инсонпарварлик, ҳарбий хизматда учраб турадиган баъзи бир муаммолар енгил ҳазил-мутойиба асосида саҳнага олиб чиқилганлиги, персонажларнинг ранг-баранглиги билан ўзига хослик касб этди.
Шунингдек, “Учқудуқ” маданият саройи ҳамда “Қизилқум” маданият маркази бадиий жамоалари томонидан юртни тараннум этувчи куй-қўшиқлар ва рақсалар ижро этилди.
УЧҚУДУҚ ТУМАН ҲОКИМЛИГИ АХБОРОТ ХИЗМАТИ