Давлат активларини бошқариш агентлиги фуқаролар уйини сотиш ҳақида интернетда мустақил эълон беришини тақиқлашни таклиф этмоқда (https://regulation.gov.uz/oz/d/90244?c_i=68144).
Давактив “Риелторлик фаолияти тўғрисида”ги қонун лойиҳасини муҳокама учун эълон қилибди. Мазкур лойиҳанинг 27-моддасида қуйидагича норма таклиф қилиняпти:
“Жисмоний ёки юридик шахсларнинг кўчмас мулк объектларини реклама қилиш ва эълонлари, шу жумладан бутунжаҳон ахборот тармоғи Интернетда ёки ижтимоий тармоқлар саҳифаларида жойлаштириладиганлари, кўчмас мулк мулкдорлари томонидан фақат риелторлик ташкилотлари ва кўчмас мулк бўйича агентлар орқали бепуллик асосида амалга оширилади”.
Яъни, унга кўра, энди ўз уйини сотиш ҳақида интернетда эълон беришни фақат риелтор ёки агентлар орқали амалга ошириш мумкин, эркин ўзи эълон бериш эса тақиқланади.
Муҳокама 29 декабрга қадар давом этади, унда ҳар ким ўз фикрини қолдириши мумкин.