Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг мажлисида “Фармацевтика соҳасидаги қонунчилик такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиришлар киритиш тўғрисида”ги қонун лойиҳаси муҳокама қилинди.
Мазкур масала юзасидан Соғлиқни сақлаш вазирининг ўринбосари Фаррух Шарипов маъруза қилди:
– Ушбу қонун лойиҳаси билан Соғлиқни сақлаш вазирлиги ваколатидан рецептсиз бериладиган дори воситалари рўйхатини йилига камида бир марта тасдиқлаш нормаси ва унга алоқадор бўлган бандлар чиқарилмоқда. Бу ортиқча ҳужжатларни расмийлаштириш ҳолатларини бартараф этади. Амалиётда ушбу тартиб Соғлиқни сақлаш вазирлиги Адлия вазирлигидан рўйхатдан ўтказиладиган буйруқни қабул қилишини назарда тутади. Бу эса бир муддат вақтни талаб қилади. Ушбу вақт давомида дори воситаларининг ўрамида ва қўллаш бўйича йўриқномасида рецептсиз берилиши кўрсатилганлигига қарамасдан улар Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан тасдиқланадиган рецептсиз бериладиган дори воситалари рўйхатига киритилгунига қадар уларни қўллаш тартиби мавҳум бўлиб қолмоқда. Бунда Фармацевтика маҳсулотлари хавфсизлиги маркази экспертлар кенгаши томонидан рўйхатдан ўтказиш мақсадида бир ойда камида икки марта йиғилиш ўтказилиши инобатга олинса, рецептсиз бериладиган дори воситалари рўйхатини шунча марта янгилаш ва Адлия вазирлигидан ўтказиш зарур бўлмоқда.
Қонун лойиҳаси билан рецептсиз бериладиган дори воситалари рўйхатини Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан тасдиқланишини назарда тутувчи ортиқча бюрократик норма чиқариб ташланмоқда. Натижада дори воситалари Фармацевтика маҳсулотлари хавфсизлиги маркази томонидан давлат рўйхатидан ўтказилиши чоғида “Дори воситаларини рецепт билан ва рецептсиз бериладиган дори воситалари тоифасига киритиш тартиби тўғрисидаги низом” асосида унинг рецептсиз ёки рецепт асосида берилишига оид тоифаси аниқланади. Давлат рўйхатидан ўтказилган дори воситаси автоматик шакллантирилиб бориладиган рўйхатда қайд этилиб, очиқ веб-сайтда жойлаштирилади.
Шу билан бирга, қонун лойиҳасида дори моддалари (субстанциялар)ни давлат рўйхатидан ўтказишга оид нормани бекор қилиш назарда тутилмоқда. Чунки бугунги кунда дори воситаларини ишлаб чиқариш амалиётига жорий қилинган халқаро стандартлар (GMP) ва сифат назоратига қўйилган талаблар доирасида субстанцияларни назорат қилишнинг альтернатив механизмлари жорий этилган.
Муҳокамаларда қайд этилганидек, таклиф этилаётган янгиликлар соҳадаги айрим такрорланувчи ва бюрократик талабларни бекор қилиш орқали республика аҳолисининг сифатли, хавфсиз, самарадор ва арзон дори воситалари билан таъминлаш даражасининг ошишига хизмат қилади.