Ўзбекистонда 12 декабрдан газ заправкаларнинг иш вақтига ўзгартиришлар киритилиб, соат 06:00 дан 12:00 гача этиб белгиланди. Бу ҳақда “Ҳудудгазтаъминот” матбуот хизмати хабар берди.
Маълум қилинишича, 11 декабрь куни газ таъминоти ташкилотлари томонидан аҳоли ва улгуржи истеъмолчиларга 105,8 миллион куб метр табиий газ етказиб берилди. Бундан ташқари суюлтирилган газ истеъмолчиларига 2543 тонна ёқилғи етказилган.
“Муаммолар кузатилган жойларда газ таъминотини яхшилаш борасида соҳа мутахассислари томонидан барча керакли ишлар давом эттирилмоқда. Жумладан, авария-тиклаш жараёнлари тезкорлик билан олиб борилмоқда”, — дейилади хабарда.
Бундан ташқари, айрим жойларда истеъмол ортгани сабабли газ босими пасайиши кузатилмоқда. Шунинг учун бугундан АГТКШлар иш вақтига ўзгартиришлар киритилиб, соат 06:00 дан 12:00 гача этиб белгиланди. Ушбу чоралар вақтинчалик бўлиб, ҳаво ҳарорати кескин пасайиб кетган вақтда қўлланилади.
Ноқулай об-ҳаво шароитларига қарамай истеъмолчиларнинг газ таъминотини яхшилаш ишлари давом эттирилмоқда. Мазкур даврда алоҳида маҳалла ва хонадонларда газ етишмовчилигини олдини олиш мақсадида, “Ҳудудгазтаъминот” АЖ фуқаролардан газ жиҳозларидан фақат бирламчи заруриятлар учун фойдаланишни, уйдан чиқиб кетаётганда имкон қадар иситиш жиҳозларини ўчиришни сўрайди.