Инсон дунёга келар экан, соғлом турмуш кечиришга, ҳар дам соғлом бўлишга ҳаракат қилади. Саломатлиги яхши инсонга атрофидаги бахт, омад татийди албатта. Айни кунларда юртимизда аҳоли саломатлигини муҳофаза қилиш борасида ҳам қатор хайрли ишлар амалга оширилиб келинмоқда. Жумладан туманимизда “Опен бюджет” портали орқали 500 млн сўм маблағ эвазига капитал таъмирланган янги шифохона биноси ҳам шу ислоҳотлар самараси албатта.
Учқудуқ туман тиббиёт бирлашмасининг юқумли касалликлар бўлими биносининг эскилиги, даволанаётган фуқароларга қатор ноқулайликлар келтириб чиқараётган эди. Бугун фойдаланишга топширилган бино эса замон талабларига мос равишда реконструкция қилиниб, зарур жиҳозлар билан таъминланди. Шу муносабат билан бўлиб ўтган тадбирда туман ҳокими С.Ф,Хамроев бошчилигида, давлат ва жамоат ташкилотлари вакиллари, тиббиёт муассасалари ходимлари иштирок этди.
Қурилиш ва таъмирлаш ишлари якунига кўра бўлимда беморлар учун зарур шароитлар яратилди. 10 ўринга мўлжалланган шифохонада муолажа, лаборатория, диагностика ва даволаш хоналари беморлар учун хизмат қилмоқда.
– Аҳолига тиббий хизмат кўрсатиш сифатини ошириш – бизнинг энг асосий вазифамиз, мазкур шифохонада беморларни малакали даволашни йўлга қўйишни замонавий технологиялар асосида ташкил этишга алоҳида эътибор қаратамиз - деди туман тиббиёт бирлашмаси бош шифокори Хуршид Шукуров.
Бино қурилишида иштирок этган қурувчиларнинг меҳнатига тасанно айтиш баробарида, туман ҳокими томонидан қурувчи усталарга тўн кийдирилди.
Машаққатли меҳнат эвазига бунёд этилган бино узоқ йиллар давомида аҳолига хизмат қилишини истаб қоламиз.
УЧҚУДУҚ ТУМАН ҲОКИМЛИГИ МАТБУОТ ХИЗМАТИ