Аёл…. Бу сўзни тилга олишимиз билан кўнглимиз илиқ ҳиссиётлар билан чулғаниб, кўз ўнгимизда меҳрибон онажонимизнинг, латофатли опа-сингилларимизнинг сиймоси гавдаланади. Уларнинг куйиб-пишиб уй юмушлари билан банд ҳолатлари хотираларимизда айлана бошлайди. Бироқ бугунги кунда аёлларимизни нафақат уй бекаси, балки жамики мавжуд касб эгалари сифатида ҳам кўришимиз мумкин. Яъни бу ишлаб чиқариш бўладими, таълим тизими дейсизми, тиббиёт йўналиши бўладими, транспорт соҳаси, чорвачилик ва ҳатто коинот тизими билан боғлиқ йўналишларда ҳам уларнинг бевосита иштирокини кўришимиз мумкин. Бу албатта бугунги кунда юртимизда олиб борилаётган ислоҳотлар самараси ва хотин-қизлар учун яратилаётган шарт-шароитлар натижасидир.
“НКМК” АЖ ШКБда ҳам бир қанча хотин-қизларимиз турли соҳаларда фаолият юрутиб келишмоқда. Ютуқларимиз билан биргаликда хоҳлаймизми-хоҳлаймизми камчиликлар, муаммолар, баъзида нохуш холатлар ҳам бўлиб туради. Бундай ҳолатларни олдини олиш, аёлларимизнинг қизиқишлари ёки бўлмасам муаммолари билан ўртоқлашиш, уларнинг эришган натижаларини кўрсатиш билан бирга йўл қўйилаётган хато ва камчиликларига ечим топпиш учун ҳам “Аёллар жамоатчилик кенгаши” фаолият юритиб келади. Яқинда ҳам “Аёллар жамоатчилик кенгаши” раиси Д.Р. Халимова бошчилигида 3-Гидрометаллургия заводи хотин-қизлари билан “Оила масъулияти, мустаҳкамлиги, оилавий ажримлар ва уларнинг олдини олиш” ҳамда “Биз зўравонликка қаршимиз” мавзусида навбатдаги давра суҳбати ўтказилди. Мазкур тадбирга Учқудуқ туман ҳокими ўринбосари - Н.З. Нажмиддинова, Учқудуқ туман ИИБ ХПБ хотин-қизлар масалалари бўйича катта инспектори - Д.С. Камолова, туман адлия бўлими юристи - Д.Рустамова ҳамда “Қизилқум” жоме масжиди отинойиси - О.Тўрақулова отинойилар иштирок этишди.
Тарғибот тадбири жуда юқори савияда ўтди. Чунки ташриф буюрган ҳар бир мутахассис ўз йўналишида маъруза қилди, фикрини аниқ далиллар, айни дамда ён атрофимизда яъни, туманимизда содир бўлаётган воқеа-ҳодисалар орқали тушунтириб берди. Йиғилиш давомида айтилганлардан, жамиятимизда хотин-қизлар учун яратилаётган имкониятлар, шароитлар, берилаётган имтиёзлар, аёлларимиз қўлга киритаётган ютуқлар ҳақидаги фикрлар кишини қанчалик қувонтирган бўлса, баъзи бир орамизда содир этилаётган дилхираликлар, арзигулик сабаби йўқ жанжаллар, фирибгарликлар ва жиноятлар, аёллар ҳам шунчаликка бордими-эй, деган ўй-хаёллар оғушига олиб киргани ҳам ҳақиқатдир. Тўғри, булар кўнгил ойнасига бироз хиралик торттирсада, лекин янада ҳушёрликни оширишга, қўяётган ҳар бир қадамингни натижаси ҳақида ўйлашга мажбур қилади.
Йиғилиш сўнггида ҳаммага бир разм солдим, ҳар ким қаричи бўйича тегишли хулосани чиқарди. Кимдир камчиликларини англади, кимдир тўғри йўлдалигидан қувонди. Асосийси, қизлар тарбияси муҳим масала эканлиги англанилди.
ШКБ ахборот ва маънавият-маърифат гуруҳи инспектори
Дилором Салимова