Ҳаммамизнинг у ёки бу соҳада устозимиз бор. Кимдир устозидан касб-ҳунар ўрганса, яна кимдир мактаб ва олий ўқув юртларида ундан ҳаётий билимлар олади. Хуллас, бирон инсон йўқки, дунё ҳаётининг қайсидир жабҳасида бир устознинг этагидан тутмаган ёки бир мураббийга иши тушмаган бўлсин. Навбатдаги қаҳрамонимиз Учқудуқ касб-ҳунар мактаби информатика ва ахборот технологиялари фани ўқитувчиси Насиба Шодиева.
Насиба 1988 йил Навоий вилояти Қизилтепа туманида туғилган. Навоий давлат педагогика интитутида таҳсил олган. Ҳозирда у туман касб-ҳунар мактабида информатика ва ахборот технологиялари фанидан дарс бериб келмоқда. Фаолияти давомида халқаро, республика ва туман семинарларида ўз мақолалари билан иштирок этиб келаётган ёш устозлардан.
Иқтидорли ўқитувчи Насиба Шодиева ўз йўналишида ўқитувчилар учун кўплаб мультимедиали ишланмалар,услубий ва электрон қўлланмалар ишлаб чиққан. Самарали меҳнатлари бир неча бор вилоят ҳудудий бошқармаси томонидан эътироф этилган.
Халқимизда устоз ва мураббийларни эъзозлаб: “Устоз-отангдек улуғ”, дея таъриф беришлари бежизга эмас. Чунки устозлик масъулиятли ва машаққатли касб, оғир ва давомли меҳнатни, сабр-тоқатни талаб қиладиган касб. Ёш бўлсада ҳамкасблари орасида ўзини тиришқоқлиги ва жонкуярлиги билан алоҳида ҳурматга эга бўлган Насибани келажакда албатта юксак мукофотларга эга бўлишини ва шогирдларнинг энг севимли устози бўлиб қолишини тилаб қоламиз.