Республикамиз Президентининг «2022-2030 йилларда “Навоийуран” давлат корхонасида уранни қазиб олиш, қайта ишлаш ҳажмларини ошириш ҳамда уни трансформация қилиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори билан тасдиқланган инвестиция лойиҳалари рўйхатида “Актау” конида уран қазиш майдонини қуриш лойиҳасини амалга ошириш вазифаси ҳам қўйилган. Уч босқичли лойиҳанинг қиймати 5 млн. доллар бўлиб, унинг амалга оширилиши билан 100 га яқин янги иш ўринлари очилади.
Марказий Қизилқумнинг шимолий кенгликлари Томди тумани ҳудудида ушбу кон ҳудуд географиясидан келиб чиққан ҳолда “Актау” деб номланган. У “Навоийуран” ДК балансидаги йигирманчи кон бўлиб рўйхатга олинди. Умумий майдони 52 гектар бўлган конда ҳозирда тажриба-саноат ишлари олиб борилмоқда. Мутахассисларнинг дастлабки ҳисоб-китобларга кўра коннинг захиралари 15 йилгача етади.
— Бу ерда 1962-1965 йилларда геологик қидирув ишлари олиб борилган ва унинг натижасига кўра, “Юқори Эоцен” горизонти қумли қатламининг оксидланиш зонаси чегараларида уран минерализацияси аниқланган, — дейди “Навоийуран” ДК “Зафаробод” кон бошқармаси бош геологи Мурат Мирзаев. — Кейинчалик 2008-2015 йилларда “Актау” конида “Бўкантау” геология-қидирув экспедицияси мутахассислари томонидан баҳолаш ва қидирув ишлари олиб борилиб, етарлича бой уран минерализацияси ривожланганлиги аниқланди ва тажриба-саноат ишлари бошлаб юборилди. Бу эса корхона хомашё базасини сезиларли даражада кенгайтирди.
Тажриба-саноат ишларини олиб боришнинг асосий вазифалари – уран маъданларини ер остида эритмага ўтказиш усули билан қазиб олиш имкониятини аниқлаш ҳамда асосий геотехнологик кўрсаткичлар қийматларини олиш ва ишлаб чиқариш режимининг оптимал вариантини танлашдан иборат. Шу асосда “Актау”да тажриба-саноат ишларида бурғилаш ва тайёргарлик ишлари
2021 йилнинг ўрталарида бошланиб, 2022 йил октябрь ойида кўзланган натижага эришилди. Бугунги кунда тажриба-саноат ишлари натижасига кўра, ер остида эритмага ўтказиш усули билан қазиб олиш имконияти жуда самарали ва унумдор эканлиги ҳам ўз тасдиғини топди.
Ҳозирда конда 1 та маҳаллий сорбцион ускунаси ишлаб турибди. Ундаги ҳар бир жараён мутахассисларнинг назоратида. Геотехнологик конларда физик-кимёвий жараёнлар асосан ер остида олиб борилади. Бундай усул эса геолог, геотехнолог, геофизик каби мутахассислардан юқори билим ва малака талаб этади.
— Ҳозирда конда 7 та бурғилаш қурилмаси ишламоқда ва тайёр бурғиланган қудуқларда металл олиш учун пассив оксидлаш жараёни олиб борилаяпти, — дейди “Навоийуран” ДК геотехнологик бўлим бошлиғи Анвар Сафаров. — Жорий йилнинг февраль ойида 5-сонли маҳаллий сорбцион ускунаси қурилиб ишга туширилди. Келгусида жами 5 та маҳаллий сорбцион ускуналарнинг қурилиши режалаштирилган. Ҳозирги кунда кондаги 95 та сўриб олувчи қудуқларнинг 50 тасидан уран олинмоқда. 25 таси уран олиш учун тайёрлаш босқичида бўлса, қолган қудуқлар эса ишлаб чиқаришда фойдаланиш учун топшириш жараёнида. Кон майдони нафақат қумликлар, иқлим шароитлари, балки руда конларининг 500 метргача чуқурлиги билан ҳам мураккабдир.
Албатта, ишчи-ходимларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш, улар учун етарлича меҳнат шароитларини яратишнинг ишлаб чиқариш самарадорлигида ўз ўрни бор. Қизилқумнинг инжиқ об-ҳаво шароитлари эътиборга олиниб, “Актау”да замонавий ишчилар қўрғончаси бунёд этилган. У 40 кишига мўлжалланган ошхона, тиббиёт хонаси, ишчилар кийиниш ва ювиниш хоналари, дам олиш вақтларини мазмунли ўтказишлари учун маънавият ва спорт хоналари, ёзги дам олиш айвонидан иборат. Қўрғонча атрофи ободонлаштирилиб, ҳудудда кўкаламзорлаштириш ишлари олиб борилди ҳамда манзарали дарахт кўчатлари ўтқазилди.
Бир сўз билан айтганда, истиқболли конлардан бири бўлган “Актау”ни ўзлаштириш Янги Ўзбекистоннинг иқтисодий барқарорлигига муносиб ҳисса бўлиб қўшилмоқда.