Азалдан ўзининг дўстлик, биродарлик ва бағрикенглик анъаналари билан шуҳрат қозонган қадимий ва бетакрор Ўзбекистон заминида бугунги кунда 130 дан ортиқ миллат ва элат вакиллари ўзаро тинч ва аҳил яшаб, эзгу орзу-умид, аниқ мақсад ва ниятлар йўлида ҳамкор, ҳамфикр ва ҳамжиҳат бўлиб юртимиз равнақига муносиб ҳисса қўшмоқда.
28 июль куни тумандаги “Учқудуқ” маданият уйи қаршисида 30 июлъ “Халқлар дўстлиги куни” муносабати билан “Биз бир оиладек дўстликда яшаймиз!” шиори остида тадбир ўтказилган бўлса унинг давоми сифатида "Учқудуқ" маданият уйида
Шимолий кон бошқармаси тасарруфидаги корхона ва ташкилотларда фаолият юритаётган ишчи ходилар ўртасида "Дўстлик оҳанглари" танлови ҳам юқори савияда ўтказилди. Ўтказилган тадбирда тумандаги корхона ва ташкилотларда фаолият олиб бораётган турли миллат вакилларининг чиқишлари мамлакатимизда ҳар бир миллатнинг тенг ҳуқуқли ва эркин яшаб келаётганлигининг исботи бўлди. Тадбирда сўз олганлар томонидан бағрикенглик – давлатимиз сиёсатининг асосий ғояларидан бири эканлиги яна бир бор таъкидланди.
Миллатлараро дўстлик намуналари акс этган тадбирда туманимизда истиқомат қилиб келаётган 20 дан ортиқ турли миллат вакиллари жам бўлдилар. Қизилқум маданият уйи ҳамкорлигида ўтказилган тадбирда нафақат санъат вакиллари, балки тиббиёт ходимидан тортиб, педагогларгача, чилангар, қурувчи, умуман санъатга алоқадор бўлмаган касб эгалари томонидан намойиш этилган турли миллат қўшиқлари-ю, намойиш этилган турли халқлар урф-одатлари байрам дастурини янада гўзал ўтишига ўз ҳиссасини қўшди. Тадбирда туман ҳокимининг ўринбосарлари ҳамда тегишли идораларнинг масъуллари иштирок этиб, кўп миллатли туманимиз аҳлини байрам билан самимий муборакбот этдилар.
Бундай гўзал байрамлар чинакам дўстлик ва бағрикенглик замини бўлган учқудуқликларнинг ёдида узоқ вақт қолиши шубҳасиз.