Аслини олганда, дўстга садоқат, бирдамлик каби эзгу туйғулар халқимиз орасида қадрият даражасига кўтарилган. Азал-азалдан ота-боболаримизнинг ўгитларида, мақол ва ҳикоятларда, шунингдек шоиру донишмандларимизнинг асарларида дўстлик туйғуси улуғланган, таъбир жоиз бўлса, бундай дунёқараш асрлар давомида қон-қонимизга сингиб кетган.
Халқлар дўстлиги ва умумхалқ бирдамлик кунини байрам сифатида белгилашдан асосий мақсад – жамиятимизнинг турли қатламлари ҳамда тузилмалари ўртасида ҳамжиҳатлик, бағрикенглик, миллатлараро тотувликни мустаҳкамлаш ва дўстлик алоқаларини янада ривожлантиришдан иборат. Ҳозир мамлакатимизда 130 дан зиёд миллат ва элатлар ҳамда 16 та диний конфессия вакиллари истиқомат қилиб, 141 та миллий маданий марказ ва 36 та дўстлик жамияти фаолият юритмоқда.
Шу жумладан Учқудуқ туманида ҳам 30 га яқин миллат ва элат вакиллари тинч-тотув, иноқликда умргузаронлик қилиб, Ватан равнақи халқ фаровонлигига муносиб улуш қўшмоқдалар.
Сана муносабати билан Шимолий кон бошқармаси тасарруфидаги Идоравий ҳарбийлаштирилган қўриқлаш отряди томонидан “Тонг” ошхонасида байрам дастурхони безатилди. Унда бўлинмада меҳнат қилаётган турли миллатга мансуб опа-сингилларимиз иштирок этишди.
Иштирокчилар турли миллат вакилларининг миллий либослари, миллий таомларидан иборат кўргазма билан яқиндан танишдилар. Миллатлараро тотувлик, диний бағрикенлик мавзуларида ўзаро фикр-мулоҳазалар билдирилиб, иш тажрибалари билан ўртоқлашдилар.
Ушбу тадбирда “Учқудуқ” маданият уйи хонандалари шунингдек, туман рус маданияти маркази жамоаси томонидан ижро этилган куй-қўшиқлар барчага байрам кайфиятини улашди.
Бугунги кунда бўлинмада Ринат Исанов, Проза Майдабекова, Деҳқон Ҳамроев, Рахила Боханова, Марина Королкова, Толиб Суюнов каби турли миллатлар вакиллари бир оила аъзоларидек, елкама-елка туриб хизмат қилишмоқда.