Ватанга муҳаббат, юртга садоқатни сақлаган инсон борки юрти учун нимадир қилишга ҳаракат қилади. Бугун биз таърифини келтириб ўтмоқчи бўлганимиз Шимолий кон бошқармасига қарашли “Шарқий” конида меҳнат қилиб келаётган экскаваторчи Мамарахимов Жамолитдин Махмирзаевич бўлади.
Навоийнинг сўлим гўшаси, Оллоҳнинг назари тушган юрт Нуротада туғилиб ўсган Жамолитдин ака армия хизматини Украинада ўтаб, ўз меҳнат фаолиятини Шимолий кон бошқармаси “Шарқий” конида бошлаган. Синовли йилларда меҳнатда тобланган, тажриба тўплаган қаҳрамонимиз аввалига оддий ишчи, экскаватор ёрдамчиси бўлиб узоқ йиллар самарали фаолият юритган. Ҳозирда тажрибали экскаватор машинисти сифатида ўнлаб ёшларга устозлик қилиб келмоқда. Ҳамкасбларига ёшларга меҳнат ортидан топилган эҳтиром баҳосиз эканлигини таъкидлашдан чарчамайди.
Бир ҳовучда 12-20 тонна рудани узиб оладиган бу қудратли техникани бошқариш Жамолитдин Махмирзаевичга ҳеч бир қийинчилик туғдирмайди. Боиси, корхонадаги соғлом муҳит, жамоанинг аҳиллиги қолаверса оиласининг тинчлигиҳам бир корхонада 30 йил меҳнат қилишга замин яратди имкон берди, десак хато қилмаган бўламиз.
Юртимизда ҳалол меҳнат қилган ўз касбининг чинаккам фидоийси бўлган инсонлар доимо эътиборда. Мақоламиз қаҳрамони ЖамолитдинМамарахимов ҳам II ваIII даражали “Кончилик шуҳрати” кўкрак нишони билан тақдирланган, бир неча маротаба фахрий ёрлиқ ва ташаккурномаларга сазовор бўлган.
-Жонажон корхонам – менинг кичик Ватаним! Ватаним фаровонлиги йўлида чарчоқ нима билмайман, - дейди биз билан суҳбатда Жамолитдин Мамарахимов.
Оила инсон бахт-саодатини таъминловчи қўрғондир. Жамолитдин ака ва Элмира опанинг бахт қўрғонида Улуғбек, Нилуфар, Юлдуз исмли фарзандлар камолга етди. Ўғли Улуғбек ҳарбий, қизи Нилуфар 3-гидрометаллургия заводида лаборант бўлиб ишлайди. Оиланинг кенжаси Юлдуз олий ўқув юртида ўқиш ниятида имтиҳонларга тайёргарлик кўрмоқда.
“Данагидан мағзи ширин” дейишганидек, шириндан-шакар неваранинг бобо-бувиси бўлган бу оилада саодат, бахт, меҳр-муҳаббат доимий меҳмон!
Нилуфар РУЗИЕВА,