“Янги Ўзбекистон — ёшлар мамлакати!» шиори остида бўлиб ўтаётган “Ёшлар ойлиги” доирасида Шимолий кон бошқармасида “Раҳбар ва ёшлар” учрашуви ўтказилди. Унда ШКБ директори Неъматилло Ахатов корхона ёшлари билан суҳбатлашди, уларнинг таклиф, фикр ва мулоҳазаларини ҳамда келажакдаги режаларини тинглади.
Бугунги кунда 8 мингдан ошиқ ишчи-ходим фаолият юритаётган корхонада 30 ёшгача бўлган ёшлар 2248 нафарни ташкил этади. Уларнинг 371 нафари хотин-қизлар, 66 нафари раҳбар ходимлар, 144 нафари муҳандис техник ходимлардир.
Очиқ ва ошкора мулоқотлар майдонига айланган учрашувда корхонада ёш мутахассис сифатида иш бошлаётган йигит – қизлар учун барча имконият ва шароитлар яратилганлиги таъкидланди. Ана шундай қулайликлардан фойдаланаётган корхона ёшлари жорий йилнинг ярим йиллигида 8 та рационализаторлик таклифлари ишлаб чиқишган.
Ҳозирда ишлаб чиқаришга фаол тадбиқ этилаётган ушбу рационализаторлик таклифларидан 1 млрд. 310 млн. сўм иқтисодий самарадорлик кутилмоқда.
Нафақат Шимолий кон бошқармасида балки "НКМК" АЖда ҳам тан олинган ишлаб чиқариш жараёнларида қўлланилаётган рационализаторлик таклифлари муаллифлариНуриддин Камолов, Азамат Исамов, Азиз Солиев, Зухриддин Мустафоев, Ержан Жанахметов каби ёшларимизнинг қатори кенг.
Тадбир давомида раҳбарлари билан учрашган ёшларга ўзларининг таклиф ва муаммоларини ҳам айтишга имкон берилди. –“Орзу” истироҳат боғида ёшлар йўлигини ташкил этмоқчиман, - деди Муроджон.
Ҳам корхонадаги ишини давом эттириб, ҳам тадбиркорлик қилишни мақсад қилган ғайратли интилувчан бу ёш лойиҳа чизмалари ва умумий харажатлар ҳақида маълумот берди.
“Албатта биз сени, Учқудуқ учун қилинадиган ҳар бир ташаббусни қўллаб-қувватлаймиз”, дея ёшларни руҳлантирди корхона раҳбари. Бундан дадиллашган ёшларнинг кўпчилиги "бўйинбоғсиз учрашув"га келган директорга ўз фикр-мулоҳазалари ва таклифларини айтдилар.
ШКБ ахборот хизмати.