2023 йил 28 июнь – ҳижрий 1444 йил Зулҳижжа ойининг 10-куни Ислом умматининг энг йирик байрами – Қурбон ҳайити кунидир.
“Қизилқум” жомеъ-масжиди жамоаси барча учқудуқлик мўмин-мусулмонларни ушбу байрам билан қутлайди.
Қурбон ҳайити – улуғ байрам. Пайғамбаримиз (с.а.в). бу кунда янада меҳрибонроқ, шафқатлироқ бўлар, етим-есирлар бошини силар, қариялар, касалмандлар, муҳтожлардан хабар олар, уларнинг кўнгилларига ҳам байрам шукуҳини олиб кирар эдилар.
Қалбларимиз қувончга ва эзгу ниятларга тўлган ушбу саодатли ва мунаввар дамларда аввало шундай табаррук кунларга етказгани, байрамни тинч ва осуда муҳитда, оиламиз, қариндош-уруғлар, қўни-қўшнилар билан ҳамжиҳатликда кутиб олаётганимиз учун Яратганга чексиз шукроналар айтамиз.
Дарҳақиқат, халқимиз азал-азалдан диний арконларни мукаммал адо этиб келган эл ҳисобланади. Бу борада динимизнинг энг катта байрамларидан ҳисобланган диний ва миллий байрам сифатида халқимиз онгу шуурига сингиб кетган икки Ҳайит байрамларини жуда кенг миқёсда, ўзгача шодиёналик билан нишонланиши эса азал-азалдан ота-боболаримиздан қолган бой миллий ва диний меросимиз ҳисобланади.
Бу борада эса Расулуллоҳ (с.а.в). бизларга исломнинг икки улуғ байрами хабарини берганлар: “Аллоҳ таоло исломгача бўлган даврда нишонлайдиган байрамлар ўрнига афзалроқ бўлган Рамазон ва Қурбон ҳайити байрамини ҳадя қилди” – деганлар. (Абу Довуд ривояти).
Барча дунё мусулмонлари Ийд ал-Адҳа – Қурбон ҳайитини катта шукуҳ ва хурсандчилик ила нишонлаш остонасида турибди.Яна шу кунларда 25 нафар учқудуқликбиродарларимиз ҳаж сафарида бўлиб, Яратгандан Ватанимиз тараққиёти, халқимиз равнақини сўраб Маккаи мукаррамада, Арафот ва Мино водийсида дуои хайрлар қилмоқдалар.
Куни-кеча давлатимиз раҳбари томонидан "Қурбон ҳайитини нишонлаш тўғрисида"ги қарори қабул қилинди. Унга кўра, ушбу муборак кунларни мазмунли ва кўтаринки кайфиятда ўтказиш учун Рамазон ҳайити муносабати билан юртимизда дам олиш кунлари эълон қилинганидан хабарингиз бор, албатта! . Ишонаманки, бундай қулай шароит байрамнинг файзу тароватини, қадр-қимматини янада оширади. Бинобарин, ушбу ҳордиқ кунлари – мўътабар ота-оналарни зиёрат қилиш, беморлар ва муҳтожлар ҳолидан хабар олиш, яқинлар билан дийдор кўришиш учун яхши имкониятдир.
Жаннатмакон юртимизни турли бало-офатлардан Яратганнинг ўзи асрасин, кейинги Қурбон ҳайити кунларига сиҳат-саломатликда етиб боришимизни ҳаммамизга Аллоҳнинг ўзи насиб этсин. Юртимизга тинчлик, халқимизга фаровонлик, Юртбошимизнинг эл-юрт манфаати йўлидаги хайрли ишларига юксак муваффақиятлар ёр бўлсин! Ватанимиз истиқболи порлоқ, диёримиз тинчлиги ва осойишталиги бардавом, халқимиз фаровонлиги янада зиёда бўлишини Парвардигордан сўраб қоламиз. Келаётган қутлуғ байрамнинг файзу баракоти қалбларимиз ва хонадонларимизни мунаввар ва хушнуд айласин.
Байрам шукуҳидан қалбларимиз янада нурафшон бўлсин!
Ийд ал-Адҳа – Қурбон ҳайити ҳайити муборак бўлсин, азизлар!
Абдижалол ТУРДИЕВ,
“Қизилқум” жомеъ-масжиди имом-хатиби.