LOTIN-КИРИЛЛ

АҲОЛИНИ ИЖТИМОИЙ ҲИМОЯЛАШДА ПЕНСИЯ ТАЪМИНОТИНИНГ АҲАМИЯТИ

photo 2023 05 27 00 19 24
Сўнгги йилларда мамлакатимизда инсон қадрини улуғлашга йўналтирилган ижтимоий ҳимоя сиёсати доирасида изчил ислоҳотлар амалга оширилмоқда.
Ушбу ислоҳотлар доирасида пенсия тизимини такомиллаштиришга, пенсиялар миқдорини мунтазам ошириб боришга алоҳида аҳамият қаратилмоқда.
Жумладан, фуқароларнинг оворагарчилигини бартараф этиш, бюрократик тўсиқларни қисқартириш, шунингдек қонунчилик базасини такомиллаштириш мақсадида фуқаронинг 2005 йил 1 январдан аввалги давр учун иш стажи шахснинг меҳнат дафтарчасидаги мавжуд ёзувлар асосида, ҳеч қандай тасдиқловчи ҳужжатлар талаб этилмасдан пенсия тайинланмоқда.
Шунингдек, пенсия ва нафақалар фуқаронинг хоҳишига кўра рўйхатга олинган доимий яшаш ёки вақтинча яшаш жойи бўйича тайинланиши ва тўланиши йўлга қўйилган. Уч йил ва ундан аввал тайинланган, қайта ҳисобланган пенсияларнинг текширилишига йўл қўйилмайди. Аёлларга пенсия ҳисоблашда уларнинг болани парваришлаш таътилида бўлиш вақтидаги қўшиб ҳисобланадиган иш стажи даври икки баробарга, яъни уч йилдан олти йилга оширилганлиги пенсия тизими ислоҳотидаги муҳим қадамлар бўлди.
Шу билан бирга, Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегияси доирасида давлат пенсия таъминоти тизимини такомиллаштириш ҳамда фуқароларнинг пенсия миқдорлари мамлакатнинг иқтисодий кўрсаткичларига мувофиқ изчил ошириб борилишини таъминлаш устувор вазифа сифатида белгиланган.
Ҳозирги кунда туманимизда пенсия ва нафақа олувчилар сони 4267 нафарни, шундан, ёшга доир пенсия 3196 нафарни, ногиронлик пенсияси 565 нафарни, боқувчисини йўқотганлик пенсияси 237 нафарни, 18 ёшгача болаликдан ногиронлар 149 нафарни, зарур иш стажига эга бўлмаган кекса ёшдаги ва меҳнатга лаёқатсиз фуқароларга бериладиган ижтимоий нафақа олувчилар 53 нафарни, болаликдан ногиронларга қаровчи парваришлаш нафақаси олувчилар 67 нафарни ташкил қилади.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 4 майдаги “Фуқароларга давлат пенсияларини тайинлаш жараёнини соддалаштириш ҳамда пенсия ва нафақаларни етказиш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПҚ-5102-сонли Қарорига асосан, 2023 йил 1 январдан бошлаб, давлат пенсияларини тайинлаш учун фуқаролардан фақат паспорт ёки идентификация ID-картаси талаб этилиши белгиланган бўлиб, давлат пенсияларини тайинлаш Ягона Миллий меҳнат тизимига киритилган электрон маълумотлар асосида амалга оширилмоқда. Бунда, меҳнат стажи, иш ҳақи, олий таълим муассасаларидаги ўқиш ҳамда ҳарбий хизмат даври тўғрисидаги ҳужжатлар Пенсия жамғармаси томонидан ягона миллий меҳнат тизимидан фойдаланган ҳолда электрон маълумотлар алмашинуви асосида олинмоқда. Бу эса, фуқароларнинг аввал ишлаган корхона ва ташкилотларидан ҳамда архив идоларидан бир неча ойлаб ҳужжат йиғиб, овора бўлишининг олди олинмоқда.
Вазирлар Маҳкамасининг 2023 йил 23 мартдаги 119-сон қарорига асосан “Ижтимоий ҳимояга муҳтож бўлган айрим тоифадаги шахсларга нафақа тайинлаш ва тўлаш тартиби тўғрисида”ги Низом тасдиқланди. Ушбу Низом билан, ногиронлиги бўлган 18 ёшгача болаларга ногиронлик нафақаси ҳамда парваришлаш нафақаси тиббий-меҳнат эксперт комиссиялари томонидан пенсия жамғармасининг ахборот тизимига юборилган электрон маълумотлар асосида «проактив шакл»да, яъни фуқаронинг бирор бир шаклдаги мурожаати талаб этилмасдан тайинлаш жорий этилди.
Шунингдек, ногиронлик нафақаси, боқувчисини йўқотганлик нафақаси ҳамда ёшга доир нафақалар давлат хизматлари марказлари ёки ягона интерактив давлат хизматлари портали орқали мурожаат қилиш натижасида ахборот тизими томонидан инсон омилисиз автоматик тарзда тайинлаш йўлга қўйилди.

2022 йил 19 сентябрдаги 791-сонли Ўзбекистон Республикаси Қонуни билан “Фуқароларнинг давлат пенсия таъминоти тўғрисида”ги Қонунига ўзгартиш ва қўшимчалар киритилди. Жумладан, 2023 йил 1 январдан, ёшга доир, ногиронлик ҳамда боқувчисини йўқотганлик пенсияларини ҳисоблаб чиқариш учун қабул қилинадиган ўртача ойлик иш ҳақининг энг кўп миқдори пенсияни ҳисоблаш базавий миқдорининг ўн баробаридан ўн икки баробаригача оширилди. Натижада, туман бўйича 1837 нафар фуқароларнинг пенсияси 1000 сўмдан 950 минг сўмгача оширилди.
Шунингдек, 2022 йил 26 октябрдаги 795-сонли Ўзбекистон Республикаси қонуни билан киритилган ўзгартишга кўра, фуқарога I ва II гуруҳ ногиронлик пенсияси тайинланганидан кейин камида 1 йил иш стажига эга бўлса, унинг аризаси асосида иш стажи ва иш ҳақи инобатга олинган ҳолда пенсия ҳар икки йилда бир маротаба қайта ҳисоблаб чиқилиши жорий қилинди.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2023 йил 28 мартдаги “Иш ҳақи, пенсиялар ва нафақалар миқдорини ошириш тўғрисида”ги ПФ-45-сонли фармонига асосан, 2023 йил 1 апрелдан бошлаб пенсиялар ва нафақалар миқдори 7 фоизга оширилди. Бу фармон асосида, туман бўйича 4297 нафар фуқароларнинг пенсия ва нафақалари қайта ҳисобланиб, апрел ойидан оширилган миқдорда тўлаб келинмоқда.
Мамлакатимизда аҳолига кўрсатилаётган ижтимоий хизматлар ва ёрдамнинг манзиллилигини янада ошириш бўйича изчил чора-тадбирлар амалга оширилмоқда, аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш тартиб-таомиллари босқичма-босқич рақамлаштирилмоқда.
Президентининг 2020 йил 4 августдаги “Аҳолига давлат ижтимоий хизматлари ва ёрдам тақдим этиш тартиб-таомилларини автоматлаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги ПҚ-4797-сонли қарорига асосан, 2020 йил 1 ноябрдан бошлаб, кам таъминланган оилаларга болалар нафақаси ва моддий ёрдам тайинлаш тўғрисидаги аризаларни кўриб чиқиш ва уларни тайинлаш “Ижтимоий ҳимоя ягона реестри” ахборот тизими орқали амалга оширилмоқда.
Бугунги кунда ижтимоий нафақа олувчилар сони 356 нафарни, шундан, болалар нафақаси 343 нафарни, моддий ёрдам олувчилар сони 13 нафарни ташкил қилади.
Юқорида айтиб ўтилган барча тоифадаги пенсия ва нафақа олувчиларга туман бўйича бир ойда 9 млрд. 710 млн сўмлик пенсия ва нафақа тўловлари тўлаб берилмоқда.
Ушбу факт ва рақамлардан кўриниб турибдики, пенсия таъминоти тизимида кечаётган изчил ислоҳотлар “Инсон қадри учун” эзгу ғоясини рўёбга чиқариш, кучли ижтимоий ҳимоя сиёсатини ҳаётга татбиқ этишга қаратилганлиги билан ҳам аҳамиятлидир.

Отабек ХОЛМУРОДОВ,
Бюджетдан ташқари пенсия жамғармаси туман бўлими бошлиғи.

O'qilgan: 371 bora

Uchquduq tumani

Tuman markazi - Uchquduq shahri.Tumanning tuzilgan vaqti – 1982 yil 22-aprel. Territoriyasi – 4663 ming2 km. Tuman markazi Navoiy viloyati markazigacha bulgan masofa – 300 km. Aholisi - 37028 ming kishi

Qisqacha ma'lumot

Aloqada bo'ling

  Email: This email address is being protected from spambots. You need JavaScript enabled to view it.
  Telefon: (+99879)222-00-05-101
  Telefon: (+99879)222-00-05-102
  Faks: (0436) 593-11-01
  Manzil: Navoiy viloyati, Uchquduq tumani, Amir Temur ko‘chasi, 28-uy

Ijtimoiy tarmoqlarda: