Куни-кеча туман ҳокимлиги катта мажлислар залида Халқ депутатлари Учқудуқ туман кенгашининг навбатдаги 68-сессияси бўлиб ўтди.
Сессия ишида туман кенгаши депутатлари, кун тартибида муҳокама қилинган масалаларга тегишли корхона-ташкилот ва муассасалар раҳбарлари ҳамда ОАВ вакиллари иштирок этди.
Мажлисни туман ҳокими, Халқ депутатлари Учқудуқ туман кенгаши раиси С.Хамроев бошқариб борди.
Депутатлар сессия кун тартибида “Ёшларни ҳар томонлама қўллаб қувватлаш ва уларнинг ижтимоий фаоллигини янада оширишга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида” туманда ёшлар томонидан кўтарилган таклиф ва ташаббуслар, муаммо ва масалалар ечими юзасидан комплекс чора-тадбирлар дастури, “Аҳолининг санитария-эпидемиологик осойишталиги тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг туман мактабгача таълим ташкилотларидаги ижросини ўрганиш натижалари тўғрисидаги масалалар муҳокама қилинди.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2022 йил 25 ноябр куни Навоий вилоятига ташрифи давомида билдирилган ташаббуслар ва белгилаб берилган вазифалардан келиб чиққан ҳолда Учқудуқ туманида 2022-2023-йилларда амалга ошириладиган асосий вазифалар бўйича тасдиқланган “Йўл харитаси” ижроси, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 31 мартдаги “Хотин-қизлар муаммоларини ўрганиш ва ҳал этиш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги 145-сонли қарори ижросини таъминлаш мақсадида туманда “Аёллар дафтари” рўйхатига киритилган эҳтиёжманд хотин-қизларга кўрсатилган ёрдамлар ҳақидаги масалалар юзасидан туман молия ва иқтисод бўлими бошлиғи ўринбосари Ф.Исломов, туман ҳокими ўринбосари, оила ва хотин-қизлар бўлими бошлиғи Н.Нажмиддиноваларнинг ҳисоботи тингланди
Шунингдек, депутатлар томонидан “Муддатидан илгари Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловини ўтказувчи участка сайлов комиссиялари аъзолигига номзодларни тавсия этиш тўғрисида”ги масала ҳам кўриб чиқилди.
Сессияда референдум жараёнини намунали ўтказган 27 та референдумни ўтказувчи участка комиссия раисларига туман ҳокимининг ташаккурномаси ва эсдалик совғалари топширилди.
Халқ депутатлари Учқудуқ туман кенгашининг навбатдаги 68-сессияси кун тартибида муҳокама қилинган масалалар юзасидан тегишли қарорлар қабул қилинди ва ижрога қаратилди.
УЧҚУДУҚ ТУМАН ҲОКИМЛИГИ АХБОРОТ ХИЗМАТИ.