Бугунги кунда Шимолий кон бошқармасида 8000 нафардан ортиқ ишчи-ходим меҳнат қилаётир. Маъданнинг аниқланиши, олиниши, ажратилиши, тайёр маҳсулот ҳолига келгунига қадар бўлган машаққатли, ғоят масъулиятли ва жуда нозик жараёнларида барча ходимларнинг ҳиссалари бор. Гарчи, ходимлар турли соҳада фаолият олиб борсалар-да, худди занжир каби
бир-бирларини тақозо этиб, занжирнинг ғоя, меҳнат, масъулият, самара деб номланувчи халқаларида жипслик ила шараф билан меҳнат қиладилар. Улар миллати, тили турли, аммо диллари ягона мақсад сари боғланган “Шимол” азаматларидир!
Она тупроқ кончиларга бағридаги “боласини” осонликча бермайди: офтобнинг қайноқ тафти, совуқнинг аччиқ изғиринлари Учқудуқни, унинг кон-хазиналарини “сийламай” ўтмайди. Ёзнинг жазирамасию қишнинг аёзида каръерларда меҳнат қилиш жўн иш эмас. Маъданни қаттиқ “қучиб” олган замин ёз тафтидан саримойдек эриб турса-да, жазираманинг тандирдек оташи меҳнатни оғирлаштиради. Қишда тупроқ тошдек қотиб, аёз бор заҳрини сочади. Кончи азаматларнинг ана шундай оғир меҳнатлари орқали қазиб олинган тошларметаллургларга - маъданни ажратиб, олтин ҳолига келтириш учун 3-гидрометаллургия заводига юборилади.
1995 йил 14 июнь республикамиз иқтисодиёти ва
“Навоий кон-металлургия комбинати” акциядорлик жамияти тарихига олтин ҳарфлар билан ёзилган кундир. Ушбу санада саҳрода қудратли техник ва технологик салоҳият, бемисл заковат маҳсули сифатида 3-гидрометаллургия заводи ишга туширилди. Завод ёш мустақил давлат учун айни вақтда ўта зарур ва қудратли келажак барпо этиш йўлидаги улкан аҳамиятга молик саноат корхонаси эди.
Шимолий кон бошқармасининг олтин ишлаб чиқаришдаги асосий жараёнлари мана шу заводда амалга оширилади, “Олтин заводи” деб аташларининг боиси ҳам шунда!
3-гидрометаллургия заводи. Ўзида бир неча цех, участка ва бўлимларни жамлаган йирик саноат инфратузилмаси.
Заводнинг йирик майдалаш цехи. Цехнинг асосий вазифаси “Кокпатас” ва “Даугизтау” конларидан келтирилувчи йирик сульфидли маъданларни майдалаш, қабул қилиш ва майдалаш цехига юборишдир.
Ушбу цехни заводнинг остонаси, десак янглишмаймиз. Боиси, Шимолий кон бошқармасининг қон-томири вазифасини бажарувчи темир йўлларида каръерлардан келтирилган катта-катта тош ҳолидаги маъдан ортилган думпкарлар мана шу цех дарвозаси орқали заводга кириб келади. Цехнинг ўта муҳим ва аҳамиятли бўлган улкан майдалигичи йирик ўлчамда келувчи маъданларни майдалаб беради. Майдалагичдаги жараённи кузата туриб, болаликда ичган “буғдой оши”мизни эслайман. Бувим раҳматли буғдойни ўғирда янчиб жуда мазали буғдой оши пиширардилар. Бунинг учун ўғирга буғдойни солиб, келида янчардилар. Ўғир ҳам, кели ҳам оғир эди, шу учун мен фақат кузатувчи бўлардим. Бувим мени оғир меҳнатдан аярдилар, бу менимча, ҳар бир буви-боболарнинг набираларга фарзандларидан орттирган, сайқалланган, қаймоқ меҳри натижаси бўлса керак! Ўғирга шитирлаб тушаётган қаттиқ-қаттиқ буғдойлар оғир келидан мушт еб хилм бўлиб чиқишарди. Ҳозир думпкардан қулоқни қоматга келтирадиган даражадаги шовқин билан шиддат-ла майдалагичга тўкилган тошлар ҳам халимлик сари кейинги жараёнга йўл оладилар.
Қияли конвеер шахтаси ичида ҳаракатланаётган конвеернинг шовқинига аҳамият бермайман-да, чангдан хира тортган чироқлар ёғдусидаги узундан-узун йўлакни Самарқанддаги Мирзо Улуғбек обсерваториясига менгзайман. Расадхонанинг ҳам пойдеворидан шифти қадар илм, цехда ҳам кузатаётганим мени ҳайратга солаётган жараён илм қудратидан ҳаракатланмоқда эди. Айни вақтда эса, бу ерда нужум илми олими Улуғбек Мирзодан фарқли равишда, залворли меҳнати билан ер остидан юлдуз топиб, ватанга тақдим этаётган ходимлар меҳнат қилмоқда эдилар.
Заводнинг майдалаш цехи.Майдалаш цехида маъданлар тегирмон блокларига узатилади. Ушбу блокларда маъданларнинг майдаланиш жараёни ўтади ва майдаланган тайёр маҳсулот флотация цехига юборилади. Бундан ташқари, флотация цехида ҳосил бўлувчи флотоконценрат ҳам алоҳида майдалаш тегирмонида майдаланади.
1994 йиллар. Республикамиз ҳали ёш, иқтисодиётни ривожлантиришга маҳкам бел боғлаган даврлар. Юрт ривожланиш сари босқичма-босқич одимлаётган, дон омбори тўлмаган, янги уйга кўчиб ўтган кичик бир оила каби етишмовчиликлар, қийинчиликлар кузатиладиган мустақилликнинг илк беш йиллиги. Тушида ҳам, ўнгида ҳам пахта кўрган, ёмғир-қор демай, даласидан бери келмаган меҳнаткаш халқимиз истиқлол неъматига эришганида дон омборининг таги кўриниб қолган, ёш республика олдида дон тақчиллигига учрашдек оғир ижтимоий-иқтисодий жараён турган даврлар эди. Ўша пайтлар менинг бола кўнглим жамиятда содир бўлаётган ижтимоий-сиёсий ўзгаришларни тушунмаган, юртнинг дон-дун идиши тешилгани ҳақида ҳаёл қилибди, дейсизми?
Азалдан тегирмон ризқ рамзи, барака манбаи саналган. Эсимда, ўша пайтлар қишлоқ аҳолисининг каттаю кичиги дала ерга экилган буғдой ўримидан кейин тўкилган бутун-яримта бошоқларни териш учун чиқишарди. Қаро шомгача бир белбоғ-ярим белбоғ бошоқ теришарди, оналар,
майда-чуйда болалар нон учун курашишарди гўё. Уйга келиб буғдойларини жамлаб, бир хамирликка етадиган донни тегирмонга ун қилиш учун болаларини югуртиришарди. Бир хамирлик буғдой кейинги нонга етиб олиш учун жуда катта умид эди...
Ҳозирда дастурхони неъматга тўлиқ бўлса-да, ношукурлик қиладиган инсонларни кўрсам, бошоқларнинг игнаси қўлларига санчилиб қонаган қўлларини аямай нон умидида буғдой тераётган ўша меҳнаткаш, сабрли болалар кўз олдимдан ўтадию бўғзимга йиғи тиқилади.
Бола пайтларимда кўрганим ўша тегирмон тимсоли бугун мен ишлаётган ташкилотдаги кўпчиликнинг орзуларига йўллар, имконлар очди.
Заводнинг ҳар жабҳада такомиллашувида Ўзбекистон Қаҳрамони Қувондиқ Санақуловнинг ўрни беқиёс. Бош директоримиз раҳнамолигида бошланган йил – 3-гидрометаллургия заводининг саноатдаги кескин бурилиши, самарали ўсиш даврининг дебочаси бўлди. Заводга тадбиқ этилажак ҳар бир техник-технологик жараённинг Қувондиқ Санақулович томонидан шахсан назоратга олиниши ортидан заводда катта аҳамиятга молик янгиликлар сари қадам ташланди. Завод ишга туширилганида ишлаб чиқариш кам бўлган бўлса, кейинчалик маъданни қайта ишлаш самараси янада ортди. Қаттиқ сульфидли маъданларни ҳам қайта ишлаш бошлаб юборилди.
Майдалаш цехи заводнинг юраги ҳисобланади, сабаби ушбу цехда қайта ишланган маъдан заводнинг бошқа цех ва участкалари маромини белгилайди.
Бугун кўпмингкишилик жамоанинг ризқи донишманд аждодлар ташбеҳлаганидек – барака манбаи тегирмоннинг тоши орасида!
Бойитиш. Бу сўзни ҳар ким ўз дунёқарашидан, касб-коридан келиб чиққан ҳолда тушунади. Масалан, мусаввир куз пейзажини тасвирлаш учун картинага зарғалдоқ-қизил ранглар берсаю шаффоф ёмғир ва ёмғирпўш тутган қизнинг тасвирини ифодаламаса, картина у қадар бой кўринмайди. Инсон тафаккурини китоб, бекажонлар таомини тузу зираворлар, одамлар умрини меҳнат бойитади. Хуллас, бойитиш тушунчаси нафақат ижтимоий, балки, кон-металлургия соҳасига ҳам хос бўлган физик-кимёвий жараёндир.
Заводнинг флотация цехи. Цехнинг асосий вазифаси маъданнинг физик-кимёвий хусусиятларидан фойдаланган ҳолда, кимёвий реагентлар ёрдамида фойдали компонентларни ажратиб олиш, яъни бойитишдир.
Флотация жараёни фойдали қазилмаларни бойитиш учун ишлатилади.Майдалаш цехида – тегирмонлар тиши орасида майдаланган маъдан сув билан аралашиб бўтана кўринишида флотация цехига бойитиш учун юборилади. Флотация жараёни махсус флотомашиналарда амалга оширилади.
Боя кўрганимиз атрофга шиддатли шовқин солиб майдалагичга тўкилиб янчилган харсанглар ва тегирмон тишлари орасида майин ун ҳолига келтирилган маъдан зарралари энди флотомашинада, флотацион жараёнлар таъсирида ранг-тусини худди балиқ тухумларининг рангидек тим
қора-ялтироққа ўзгартириб, кислород ёрдамида кўпириб, бир-бири билан жой талашаётган, зичликдан қисилиб юқорига интилаётган занжи балиқлар кўринишини беради. Ҳамроҳим – цех бошлиғи ўринбосари Зуҳриддин Сирожев жараён тўғрисида тушунтираркан, ҳар бир флотомашинагаалоҳида эътибор билан қарар, уқувли ва илмли, бугун ва келажакнинг умидлимутахассиси экани кўзларидаги учқунда намоён бўларди. Мен эса, айни пайтда олтин ишлаб чиқаришнинг энг нозик ва аҳамиятли нуқталаридан бирида турганимни ҳис этардим.
Заводнинг биооксидлаш цехи. Цехнинг асосий вазифаси флотация жараёнида ажратиб олинган флотацион концентратни бактериялар ёрдамида биологик қайта ишлаш, яъни оксидлашдир.
Цех тавсифига тўхталишдан олдин, яқин тарихга қайтиб, бироз мушоҳада юритмоқ истадим.
Яратган ҳар бир давр учун қаҳрамонлар танлайди, ҳар бир миллат ва халқ учун тенгсиз даҳолар, алпонлар, ижодкорларни саралаб беради. Замон ўша улуғларининг шиддати, зиёси, илҳомидан юксалади, танланганлар сабабидан халққа кўп-кўп яхшиликлар етади. “Навоийкон-металлургия комбинати” акциядорлик жамиятининг пойдевори ва келажаги учун ҳам танланганларнинг ҳиссаси беқиёс бўлган!
Биооксидлаш цехида борарканман, кўпмингкишилик жамоа ва туман аҳолисининг ризқ манбаи бўлган заводнинг 2000 йиллардан кейинги тақдирида кескин бурилишясаган, шиддатли эврилишсари бошлаган цехнинг бунёд этилишидаги улкан илмий технологик аҳамиятга эга қарор ортида ўша улуғларнинг заҳматли меҳнатлари турганини юрак-юрагимдан ҳис этаман. 2000 йилларда ҳудудда оксидланган маъданлар захирасининг йилдан-йилга камаяётгани суяги ватан ишқида, халқ ризқи дардида симиллайдиган илм соҳибларига технологияни саноатга жорий этиш - сульфидли маъдандан олтинни олишдек масъулиятли вазифани юклаганди. Ушбу мураккаб технология талаб этадиган вазифани амалга ошириш мақсадида жаҳоннинг бир нечта етакчи компанияларининг таклифлари ўрганиб чиқилди. Натижада, экологик тоза, энерготежамкорлиги юқори, технологик жараёнларни бошқариш қулайлиги учун ҳам сульфидли маъданларни биологик оксидлаш технологияси танлаб олинди. Жанубий Африка давлатининг “BIOMIN” компанияси томонидан таклиф этилган сульфидли маъданларни биологик оксидлашга асосланган мажмуанинг биринчи босқичи 2008 йилнинг 12 апрелида фойдаланишга топширилди. Энг сўнгги илғор технология жараёнини ўз ичига олган мажмуа заводнинг ишлаб чиқариш қувватини бир неча баробарга ошириш ҳамда, сульфидли маргумуш маъданларни ишлаб чиқариш имконини берди.
Туман аҳолиси орасида ушбу цех тўғрисида турлича тасаввурлар бор, тўғрироғи, цех фаолиятини бошлаган йиллари халқ ажойиб афсоналар тўқиб чиқарганди. Эмишки, Африкадан фалон сўмга бир шиша идишдами, челакдами шаффоф жонзотлар келтирилган, улар олтин атрофидаги металларни еб олтинни қолдираркан, шу йўл билан тиллони осонликча ажратиб олиш мумкин экан...
Бу шу қадар жўн ҳикоя бўлишига қарамай, то мураккаб жараённи ўз кўзингиз билан кўрмагунингизча, технологик қудратни суяк-суягингиздан ҳис этмагунингизча афсонага ишонишда давом этаверасиз!
Жамиятнинг ҳамма нозик жинс вакилаларига ҳам насиб этавермайдиган бахт айни вақтда мен билан бирга эканини юксакликда, ердан нақд 14 метр баландликдаги – биореакторларни кузатиш майдонида теранроқ англадим.
Аҳоли орасида афсона бўлган, ундан ташқари, ёз мавсумида келган журналистлар: “Еб тўймас бактериялар”, дея номлашган жонзотларни кўришга қизиқаман. Бироқ, бактериялар истиқомат қилувчи қора рангли улкан идишларнинг ҳайбати қўрқитади.Устига-устак Учқудуқнинг қишки бетутқин шамоли эсиб турганига саломатлигимни ўйлаб баландликка чиқишгачўчийман. Менга ҳамроҳ бўлган цех бошлиғи Бобур ака Эшпўлатовнинг моҳир металлурглиги ё закий суҳбатдошлиги иш бердими, хуллас, унинг шижоати мени биореакторларни тепадан томоша қилишга ундади. Суҳбатдошимнинг бактериялар тўғрисидаги қизиқ суҳбати таъсиридан қўрқувим чекинди. Ҳаёлан митти тасаввур қилганим бактериялар мен ўйлагандан ҳам минг карра митти эканига ишонч ҳосил қилдим. Бобур ака уларнинг иқлимимизга мослашуви, характери, истиқомати тўғрисида гапираркан, унинг сўзларида ота-оналар фарзандларига берадиган таърифдагидек ишонч, эътибор ва меҳр сезилиб турарди. Мен бу ерда нафақат ўз касбини, мутахассислигининг салбию ижобий жиҳатлари, залворию қувончи билан севган инсонгагина хос бўлган характер соҳибини, балки, юрт иқтисодиёти учун илмдан узилмаган ватанпарвар фуқарони учратдим.
Технологик жараённи кузатиш ҳам ҳайратли, ҳам завқли! Флотация цехининг қуюлтиргичларида қуюлтирилган бўтана биооксидлаш цехининг хомашё узатиш бўлимига юборилади ва бактериялар ёрдамида оксидланади. Шуни таъкидлаб ўтиш жоизки, бактериал оксидлаш жараёни иссиқлик ажралиши билан олиб борилади, шунинг учун биореакторлардаги бўтана ҳароратини ўрнатилган чегарада ушлаш учун биореакторларга совутиш тизимлари ўрнатилган. Бўтананинг зичлиги белгиланган даражага етганидан сўнг у сорбциялаш жараёнига юборилади.
Заводнинг қуюлтириш, саноат чиқиндиларини зарарсизлантириш ва реагентларни тайёрлаш цехи.
Цехнинг асосий вазифаси флотация чиқинди бўтанасини ва биооксидлаш цехининг нейтралланган чиқиндиларини қуюлтириш, оҳаксутини, оҳактош бўтанасини тайёрлаш, турли реагентлар эритмасини қабул қилиш ва сақлаш, реагентларни истеъмолчиларга тайёрлаб, етказиб беришдан иборат.
Ўтган асрнинг 40-50 йилларида не-не машаққатлар билан улкан Қизилқум чўлларига келтирилган обиҳаётнинг ҳар бир томчиси бугун ҳам қадрли хазина! Заводнинг қайта ишлаш ва ишлаб чиқариш жараёни учун цех ва участкаларда сувнинг ўрни ўта муҳим саналади. 2021 йилда флотация чиқиндилари ва нейтралланган маҳсулотларнинг қуюлтириш жараёнларидаги зичлигининг ўзгаришлари натижасида, чиқиндига кетадиган сувларнинг бир қисмини технологияда қайта фойдаланишга қайтаришга ва бунинг самараси ўлароқ, йилига 1,5 млн. м3 сув тежашга эришилди.
2022 йилда республика миқёсида ўтказилган “Йил аёли” кўрик танловида “Саноатда саодат топган аёл” дея эътироф этилган Гулжамила Турганбаева ҳам мана шу цехнинг кимёгарларидан. Реагентларни тайёрлаш жараёни эса кимёнинг қудратини намоён этади. Цехда оҳак махсус тегирмонларда майдаланиб, ундан оҳак сути ишлаб чиқарилади. Оҳактошни махсус тегирмонларда майдаланиб, оҳактош бўтанаси тайёрланади. Биооксидлаш цехининг қарама қарши ювиш қуюлтиргичларидан чиқадиган кислотали сувларни нейтраллаш учун оҳактош бўтанаси ишлатилади.
Юқорида санаб ўтилган, цехнинг асосий қурилмаларидаги иш жараёнини кузатаркансиз, кимёвий ҳайратдан беихтиёр, “Тасанно, кимёгарлар!”, деб юборасиз. Ахир кимё бу – мўъжиза-ку!
Заводнинг сорбция, регенерация ва тайёр маҳсулот цехи.Цехнинг асосий вазифаси биоксидланган ва куйдирилган маҳсулотлардаги олтинни эритиш ва олтинни ажратиб олиш, олтинсизлантирилган кўмирни қайта ишлатишга тайёрлашдан иборатдир.
Заводнинг фильтрлаш, қуритиш ва куйдиришцехи дунё
кон-металлургия саноатида муҳим янгилик сифатида катта эътирофга сазовор бўлгани билан аҳамиятлидир. Янги технологиянинг жорий этилиши туфайли цех бўлмаган даврда таркибида маълум миқдорда олтин мавжуд бўлганчиқинди сифатида саноат чиқиндилари хўжалиги участкасига юборилган. Чиқиндиларда олтин бевосита табиий углерод билан боғланганлиги сабабли, ўша пайтлардаги технологиянинг бу масалада қудрати ожизлик қиларди. Олтинни табиий углероддан олиш учун ягона усул куйдиришдир.
Заводнинг ривожланиши, илмий-техник истиқбол йўли бир нафас тўхтаб қолган эмас. Бу маскан ишлаб чиқариш ҳудудигина эмас, балки мутахассислиги бўйича фан доктори мақомига эришган илм эгаларига амалиёт мактаби бўлгани билан ҳам қутлуғ даргоҳдир. Заводда ўз соҳасининг, фидойи, уйғоққалб, сочидан тирноғи қадар илм, салоҳият эгалари бўлган мутахассисларнинг фаолият олиб бораётгани эса металлургия саноатининг ёрқин келажагига мустаҳкам ишончдир.
2009-2019 йиллар давомида комбинат ва Шимолий кон бошқармаси мутахассислари томонидан уч мингдан ортиқ - муваффақиятли, муваффақиятсиз тажрибалар ўтказилди. Ўн йил айтиш учун жуда осон ва енгил сўз. Бироқ, заводнинг ана шу ўн йилликдаги техник-технологик муаммолари, елкадаги вазифалар залвори, улкан масъулият юки илм эгаларини мунозара ватадқиқотлардан, илмий баҳслардан йироқлаштиргани йўқ. Аксинча, қалбларидаги изланиш ва тадқиқотлар олови юксалса юксалдики пасаймади. Натижада жаҳон бозори талабларига мос технологик жараён ишлаб чиқилди. Дунёнинг нуфузли давлатлари, хусусан, Германия, Россия ва Қозоғистонда бўлиб ўтган халқаро конференцияларда муносиб ҳимоя қилиниб, илмий анжуманларнинг I-даражали дипломларига сазовор бўлди. Аниқ исбот ва далилларга асосланган ихтиро халқаро миқёсда ҳам тан олиниб, Ўзбекистон ва Германияда патент олинди.
Комбинатнинг бир гуруҳмутахассис-олимлари Бутунжаҳон интеллектуал мулк агентлигининг олтин медалини қўлга киритилишига сабаб бўлган. Ана шундай изланувчан,
тиниб-тинчимас илм соҳибларининг уйғоқ тафаккури сабаб, 3-гидрометаллургия заводида дунёда ягона бўлган фильтрлаш, қуритиш ва куйдириш цехи саноатга тадбиқ этилди.
Олтиннинг туғилиши тўғрисида қисқача билганларимни шу ерда, яна давомини ёзишни ният қилиб, якунламоқчиман. Аслида, ҳар сонияси илм қудратидан ҳаракатланаётган, ишчи-ходимларига муносиб меҳнат шароити яратган ушбу завод ҳақида, қатъий тартиб-интизом, шахсий жавобгарлик ва юксак масъулият ҳисси ила меҳнат қилаётган ва тақдирига “Навоий
кон-металлургия комбинати” акциядорлик жамиятидек улкан корхонада меҳнат қилиш бахти битилганидан масрур одамлар тўғрисида яна қанча-қанчалаб китобларни ёзиш мумкин.
Йўллар – тафаккур учун энг яхши дўст, ўйлар, режалар, орзулар доясига ўхшайди гўё! Қай томон бормай, йўлимнинг қайтувида Учқудуғим бор. Остонаси бошланмаёқ олисдан чироқлари кўзга ташланади. Ёлқинларидан қадрдон уйингизга етганингизни ҳис этасизу, йўл чарчоқлари арийди!
Бу – 3-гидрометаллургия заводининг ёғдулари! Ушбу улуғ даргоҳда меҳнат қилаётган ходимларнинг илм шуълалари! Яқинлашсангиз нури қалбингизни ёриштириб юборади. Суҳбатлашсангиз, тафаккурингиз юксалади. Дунёқарашингизни янги-янги оламлар, дунёлар кашфиёти, самога талпинган илҳомлар шуури чулғаб олади!
Нилуфар Муйдинова,
Шимолий кон бошқармаси мутахассиси.