Учқудуқлик 78 ёшли Умитхан Райимбаева референдумда ўзи бориб, овоз беришни ният қилиб юрганди. Бироқ кутилмаган бетоблик бунга тўсқинлик қилди. Аммо онахоннинг истаги барибир амалга ошди: у ўз конституцион ҳуқуқидан фойдаланиб, референдумда овоз берди.
Ҳудудларда кексалиги ёки соғлиги сабабли референдум участкаларига боролмаган фуқароларнинг овозлари кўчма қутилар орқали олинди. Хусусан, туманимиздаги 20-умумий ўрта таълим мактабида жойлашган 213 - референдум участкасида рўйхатга олинган 13 нафар ана шундай овоз берувчининг хонадонига борилди.
Тунгишбай Нагиматов ҳам шундай имкониятдан фойдаланиб овоз бериш жараёнида қатнашди: “Фарзандларим эрталабдан референдум участкасига ўзлари бориб овоз бериб келишди. Мени эса кексалигим сабабли сарсон қилмаслик учун уйга участка аъзолари ўзлари келишди. Мен ҳам овоз бердим”, – дейди отахон.
Шу тариқа бетоблиги ёки кексалиги туфайли референдум участкаларига боролмаган фуқаролар ҳам овоз бериш имконига эга бўлишмоқда.
Аббос СУЛТОНОВ,
вилоят прокуратураси ёрдамчи прокурори.