Шавкат Мирзиёевнинг қарори билан, 27 январ куни Бишкекда имзоланган келишув тасдиқланди. Унга кўра, Ўзбекистон ва Қирғизистон фуқаролари икки мамлакат чегарасини ID-карта ёрдамида кесиб ўтиши мумкин бўлади. Шу тариқа, Қирғизистон – Ўзбекистон фуқаролари хорижга чиқиш паспортисиз чиқиши мумкин бўлган биринчи давлатга айланади.
27 апрел куни президент Шавкат Мирзиёев “Халқаро шартномани тасдиқлаш тўғрисида” қарор имзолади.
Қарор билан, 2006 йил 3 октябрда Тошкент шаҳрида имзоланган Ўзбекистон ва Қирғизистон ҳукуматлари ўртасида фуқароларнинг ўзаро келиб-кетишлари тўғрисидаги битимга ўзгартиришлар киритилмоқда.
Бу ўзгаришлар ҳақидаги баённома 2023 йил 27 январ куни Мирзиёевнинг Бишкекка давлат ташрифи вақтида имзоланган эди. Унга кўра, икки мамлакат фуқаролари хорижга чиқиш паспортисиз, ID-картани кўрсатган ҳолда ўзаро чегарани кесиб ўтиши мумкин бўлади.
Ўзбекистон томонидан қарор ижросини таъминлашга Ички ишлар вазирлиги ва ДХХ Чегара қўшинлари масъул этиб белгиланди. Ташқи ишлар вазирлиги Ўзбекистон Республикаси томонидан бу халқаро шартноманинг кучга кириши учун зарур бўлган давлат ички тартиб-таомиллари бажарилгани ҳақида Қирғизистон томонига билдиришнома юборади.
Янги тартиб қачондан кучга кириши маълум эмас.
Енгиллик амалиётга татбиқ этилгач, фуқароларнинг чегарадан кириш-чиқиши ҳақидаги маълумотлар электрон тарзда қайд этилади, паспортга штамп босишга ҳожат қолмайди.
Бу тартиб исталган транспорт орқали (самолёт, поезд, автомобил, автобус ва ҳк) чегарани кесиб ўтишда амал қилиши айтилган.
Эслатиб ўтамиз, бугунги кунгача ҳали бирорта давлат билан ID-карта орқали ўзаро бориб-келиш тартиби йўлга қўйилмаган эди. Қирғизистон биринчиси бўлмоқда.
Шавкат Мирзиёевнинг 27 апрелдаги бошқа бир қарори билан, шунингдек, Ўзбекистон ва Қирғизистон ҳукуматлари ўртасида фавқулодда вазиятларнинг олдини олиш ва бартараф этиш соҳасида ҳамкорлик тўғрисидаги битим ҳам тасдиқланди.
2022 йил ноябр ойида Ўзбекистон ва Қирғизистон президентлари чегара бўйича келишувларни имзолаган, шундан сўнг икки мамлакат ўртасида чегара масаласида ҳеч қандай келишмовчиликка ўрин қолмагани эълон қилинганди.