Икки ва ундан ортиқ талабани ижарага қўйишда хонадоннинг майдони ҳар бир талаба учун 12 квадрат метрдан кам бўлмаслиги керак, деган қоида киритилиши мумкин.
Вазирлар Маҳкамасининг "Олий таълим муассасалари талабаларини турар жой билан таъминлаш тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги қарори лойиҳаси эълон қилинди.Президент фармони билан тасдиқланган 2022–2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистон тараққиёт стратегиясини “Инсонга эътибор ва сифатли таълим йили”да амалга оширишга оид давлат дастурида талабаларни ётоқхонага онлайн жойлашиш имкониятларини берувчи, Давлат хизматлари маркази ва Ягона интерактив давлат хизматлари портали орқали кўрсатиладиган бепул электрон хизматни жорий этиш, бунда:
ётоқхоналар ҳисобини юритиш реестрини ишлаб чиқиш;
ижтимоий ҳимояга муҳтож талабаларни устувор равишда жойлаштириш;
Ягона интерактив давлат хизматлари портали орқали электрон ариза бериш ва тўловларни амалга ошириш имкониятини яратиш назарда тутиш белгиланган.
2023 йил 1 сентябрдан бошлаб давлат олий таълим муассасалари талабаларига ижара тўловининг бир қисмини давлат бюджети ҳисобидан қоплаб беришнинг соддалаштирилган тартиби жорий этилади.
Бунда:
талабгорларга ойлик ижара тўловининг бир қисми ижара шартномасининг суммасидан қатъи назар Тошкент шаҳрида – базавий ҳисоблаш миқдорининг бир баравари, қолган ҳудудларда – базавий ҳисоблаш миқдорининг ярим баравари миқдорида тўланади;
ижара шартномасида икки ва ундан ортиқ талабаларни расмийлаштиришда хонадоннинг майдони ҳар бир талаба учун 12 (ўн икки) метр квадратдан кам бўлмаслиги лозим;
талабалар сафига қабул қилинган ва талабалар турар жойи билан қамраб олинмаган олий таълим муассасасидан узоқ жойлашган ҳудудлардан келган биринчи босқич талабалари (доимий яшаш жойи бошқа туманда (шаҳарда) бўлган ижара асосида яшайдиган талабалар)га, олий таълим муассасаларига ушбу мақсадларда ажратилган маблағлар доирасида сентябрь ва октябрь ойлари учун ижара шартномаси талаб этмасдан ойлик ижара тўловининг бир қисми қоплаб берилади ҳамда белгиланган тартибда ижара шартномаси тақдим этган талабаларга ноябрь ойидан тўловлар давом эттирилади;
давлат олий таълим муассасалари томонидан ижара ҳуқуқи асосида яшаётган, бироқ ижара тўловлари ушбу қарорда белгиланган тартибда давлат бюджети ҳисобидан қопланадиган талабаларнинг 60 фоизидан ортган қисми учун ойлик ижара тўлови бир қисмини ушбу олий таълим муассасаси томонидан тасдиқланган мезонлар ва тартиб асосида молиявий имкониятидан келиб чиқиб бюджетдан ташқари маблағлари ҳисобидан қоплаб берилиши мумкин.
Талабалар билан тузиладиган турар жой ижара шартномаларини давлат солиқ хизмати органларида солиқ тўловчининг шахсий кабинети орқали масофадан туриб биометрик идентификациялаш (Face-ID) технологияси орқали электрон шаклда реал вақт режимида ҳисобга қўйишга рухсат этилади.