Бугун “Учқудуқ” ишлаб чиқариш майдони Сульфат кислота ишлаб чиқариш цехида “Ҳар кунинг Наврўз бўлсин, жонажон Ўзбекистоним!” шиори остида Наврўз сайли ўтказилди. Ушбу байрамона тадбирда цех меҳнат жамоасидан ташқари, темир йўл участкаси, идоравий ҳарбийлаштирилган қўриқлаш отряди, техник назорат бўлими ва лабораториянинг жами 300 нафардан ортиқ ишчи-ходимлари иштирок этишди.
Дастлаб “Учқудуқ” ишлаб чиқариш майдони бошлиғи А.Каримов йиғилганларни байрам билан табриклаб, барчага энг эзгу тилакларини билдирди.
Дошқозонларда ош дамланиб, дастурхонлар баҳорий ва миллий таомлар бўлган кўк сомса, кўк чучвара, сумалак, бешбармоқлар ва турли хил пишириқлар билан безатилди.
Аҳамиятлиси, байрам баҳона меҳнат жамоалари ўзаро танловларда иштирок этиб, сайлга қанчалик катта тайёргарлик кўрганликларини исботлашди. Хусусан, ҳакамлар ҳайъати “Энг яхши безатилган дастурхон”, “Энг чиройли ва миллий кўринишда кийинган жамоа” каби номинациялар, шунингдек, эркаклар ўртасида тош кўтариш, армрестлинг ва аёллар ўртасида стол тенниси бўйича ғолибларни аниқлашди.
Ишчи-ходимлар томонидан байрам учун махсус тайёрлаб келинган миллий урф-одатлар акс этган саҳна кўринишлари, “Учқудуқ” маданият саройи бадиий жамоаларининг куй-қўшиқларига уланиб кетди. Келин салом, беточар, ҳалинчакда айтишув каби миллий маросим ва халқ ўйинлари барча йиғилганларга байрамона кайфият улашди.
Тадбир сўнггида кўрик-танлов ва мусобақаларда ғолиб бўлганларга цех раҳбарияти ва касаба уюшма қўмитасининг диплом ва эсдалик совғалари топширилди.
Қувонарлиси, ҳар йилгидан фарқли ўлароқ, бу йилги байрам сайлларининг иш жойларида ташкил этилаётгани барча ишчи-ходимларни қамраб олиш имкониятини бермоқда.
Бу каби байрам сайиллари корхонанинг барча таркибий бўлинмаларида бўлиб ўтмоқда.