Савол; Бола пулини олиш ёки “Аёллар дафеари”га кириш учун домий рўйхатга туриш шартми ?
Жавоб;
Вазирлар Маҳкамасининг 2021-йил 21-октабрдаги 654-сон қарорига 1-илова билан тасдиқланган “Кам таъминланган оилаларни “Ижтимоий ҳимоя ягона реестри” ахборот тизими орқали аниқлаш, уларга кам таъминланган оилалар болалари учун нафақа ва моддий ёрдам тайинлаш ва тўлаш тартиби тўғрисида”ги низом 13-бандига кўра кам таъминланган деб эътироф этилган оилага болалар нафақаси ёхуд моддий ёрдам яшаш жойи бўйича оиланинг муомалага лаёқатли аъзосининг ёзма аризасига асосан тайинланади.
Эътибор берган бўлсангиз, ушбу нормада “яшаш жойи” жумласи келтирилган. Яъни қоидада мурожаат қилиш учун “доимий ёки вақтинча рўйхатда турадиган жой” жумласи келтирилмаган.
Шунинг учун ҳозир сиз қаерда яшаётган бўлсангиз, шу ердаги МФЙга мурожаат қилишга ҳақлисиз.
Агар МФЙ ходимлари “рўйхатда йўқсан” деган важни келтиришса, сиз туман адлия бўлимига мурожаат қилишингиз лозим.
Энди «Аёллар дафтари» масаласига келсак. Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 31 мартдаги 145-сон қарорига 1-иловада тасдиқланган «Аёллар дафтари»ни юритиш орқали хотин-қизлар муаммоларини тизимли равишда ҳал этиш ва уларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш тартиби тўғрисидаги низом 4-бандида «Аёллар дафтари»га кимлар киритилиши кераклиги белгиланган.
Низомнинг 5-бандида «Аёллар дафтари»га хотин-қизлар яшаб турган жойи бўйича киритилиши, бунда хотин-қизларнинг яшаш жойи бўйича доимий ёки вақтинча рўйхатда турмаслиги «Аёллар дафтари»га киритишни рад этиш учун асос ҳисобланмаслиги қайд этилган.
Учқудуқ туман адлия бўлими.