Бугун дунёнинг ривожланган мамлакатларида юзлаб учқудуқлик ёшларимиз таълим олмоқда. Учқудуқ туман ҳокимлиги ташаббуси билан улар иштирокида онлайн мулоқот ташкил қилинди.
Туман ҳокими, сектор раҳбарлари ҳамда битирувчи ёшлар иштирок этган мулоқотларда юртимизда ёшлар учун яратилаётган шарт-шароитлар, уларга берилаётган имкониятлар ҳақида сўз юритилди. Шунингдек, “Ёшлар жамғармаси” маблағлари асосида учқудуқлик ёшларга берилаётган кўмак, уларнинг олий ва ўрта – махсус таълимдаги шартнома пуллари, сафарбарлик чақируви маблағларининг айнан “Ёшлар жамғармаси” маблағлари ҳисобидан қоплаб берилаётганлиги урғуланди. Касб-ҳунар ўрганиш истагида бўлган ёшлар касбга ўқитилмоқда. Субсидия асосида асбоб-усканалар харид қилиниб, ёшлар ўзини ўзи банд қилмоқда. Ўтган 2022 йилда бу мақсадларга жами 1 млрд. 500 млн. сўм маблағ йўналтирилган. Бу ҳақда онлайн мулоқот давомида батафсил маълумотлар бериб ўтилди.
Ўзгача форматда ўтказилган онлайн мулоқотларда Қозоғистон, Россия Федарацияси, Корея, АҚШ, Белорусия сингари чет давлатлар олий таълим муассасаларида таҳсил олаётган 8 нафар талаба иштирок этди.
Анвар Тўраев, “Ифтихор” МФЙ яшайди. Ҳозирда Корея давлатида Yongsan университетида магистратура йўналишида таҳсил олади. У Қулқудуқ овулидаги 1-сонли умумий ўрта таълим мактабида инглиз тилидан дарс берган. “ Соли Фармонович, сиз билан кўп учрашганман. Ёшларимиз билимга чанқоқ, интилувчан. Ҳатто олис овул ёшлари ҳам инглиз тилини жуда катта қизиқиш билан ўрганадилар, дарсдан ташқари қўшимча машғулотлар тўгараклар ташкил этгандим. Бу билан нима демоқчиман, интилувчан ёшларнинг тил ўрганишларига кўпроқ эътибор қаратиш лозим”.
- Чет элда ўқишнинг ўзига хос фойдали жиҳатлари бор, чунки бундай ёшларнинг дунё қараши кенг бўлади. Жумладан, хорижда ўқишни тугатиб қайтган ёшларимиз ривожланмай қолган соҳаларни халқаро андозалар асосида ривожлантиришга ва кашф этилмаган ғояларни ҳаётга татбиқ этишга ёрдам беради. Келгусида нуфузли университетда олган билим ва кўникмаларимни албатта ватанимда тадбиқ этишни ўз олдимга мақсад қилганман, дейди Нью-Йорк шаҳридаги Long Aylend университети 1-курс талабаси Аббос Эргашев.
Шимолий кон бошқармаси бош технологи Ойбек Ашуров, ШКБ бош ҳисобчиси в.б. Елена Надеждина Россия Федерациясидаги нуфузли олийгоҳларни тугатган.
-Дунё металлургия саноати соҳасида кучли ўнталикдан жой эгаллаган комбинатда ишлаш мен учун улкан бахт, катта шараф, - деди мулоқот давомида Ойбек Ашуров. – 2013 йилда Уральск университетини тугатганман. Ишга жуда кўп таклифлар бўлди. Лекин мен қолмадим, олган билимларимни ватанимда тадбиқ этишга қарор қилдим. Бундан хурсандман. Етук, билимли мутахассисга ўзимизда ҳам талаб бор. Яхши ўқиб, билимли ва етук мутахассис бўлиб юртга қайтинглар, - деди Шимолий кон бошқармаси бош технологи Ойбек Ашуров.
ШКБ бош ҳисобчиси в.б. Елена Надеждина ҳам билимли ва салоҳиятли кадрлар ҳамма жойда кераклиги, бу учун ҳар бир ёш яхши ўқиб, кучли мутахассис бўлиш кераклигини уқтирди.
Шунингдек, туман ҳокими, туман сектор раҳбарлари ҳам чет элда таҳсил олаётган талабаларга ёт ғоя ва оқимларга берилмасдан, фақат ўқишни ўйлаб, пухта билим эгаллаб, етук мутахассис бўлиб, Учқудуққа ота-онаси бағрига соғ-саломат қайтиб келишларига омадлар тиладилар!.
УЧҚУДУҚ ТУМАН ҲОКИМЛИГИ АХБОРОТ ХИЗМАТИ.