Ўзбекистон Республикаси қонун билан тасдиқланадиган ўз давлат рамзлари — байроғи, герби ва мадҳиясига эга. Боиси, давлат рамзлари ҳар бир халқнинг мустақиллиги, озодлиги, тинчлиги ва барқарорлиги тимсоли ҳисобланади. Лекин дунёда биронта рамз ёки тимсол давлатни, миллатни жаҳонга Давлат байроғидек танита олмайди. Бинобарин, миллий давлатчилигимиз тарихининг барча даврларида давлат рамзлари, хусусан, байроқ Ватан тимсоли сифатида муқаддас саналган. Соҳибқирон бобомиз замонида байроқни паст тутиш ёки сарбознинг қўлидан тушиб кетиши хосияциз саналган. Байроқнинг пасайтирилиши мағлубият ва ортга чекиниш ишораси бўлган.
Бугун ҳам ватан байроғи деганда, кўз олдимизда бутун бир мамлакатнинг тимсоли, жаҳоннинг сиёсий-ижтимоий харитасидаги қиёфаси гавдаланади. “Давлат байроғи тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонунининг 2-моддасида “Ўзбекистон Республикасининг Давлат байроғи Ўзбекистон Республикаси давлат суверенитетининг рамзидир”, деб белгилаб қўйилган. "Ўзбекистон Республикаси Давлат байроғи тўғрисида"ги Қонун 1991 йил 18 ноябрда Ўзбекистон Республикаси Олий Кенгашининг навбатдан ташқари ўтказилган ВИИ Сессиясида қабул қилинган.
18-ноябр давлатимиз байроғининг қабул қилинганлигига 31 йил тўлди. 1991-йилнинг 18-ноябри эса “Ўзбекистон Республикасининг Давлат байроғи тўғрисида”ги қонун қабул қилинган сана сифатида тарихимизга муҳрланди. Зотан, байроқ бу – эркинлик, озодлик, тинчлик ва барқарорлик тимсолидир.
Қонунчилигимиздаги байроқ ҳақидаги нормалардан хабардормизми?
Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 5-моддасига кўра давлат байроғи бу Ўзбекистон Республикасининг давлат рамзидир. Ўзбекистон Республикаси Давлат байроғи тоғрисидаги қонунимизга мувофиқ Ўзбекистон Республикасининг Давлат байроғи халқаро муносабатларда Ўзбекистон Республикасининг тимсоли ҳисобланади.
Давлат байроғи доимий равишда Ўзбекистон Республикаси Президенти қароргоҳларининг, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг, республика давлат бошқаруви органларининг, маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг, судларнинг, прокуратура органларининг биноларида, Ўзбекистон Республикасининг дипломатик ваколатхоналари, консуллик муассасалари, шунингдек халқаро ташкилотлар ҳузуридаги ваколатхоналари бошлиқларининг хизмат хоналарида, доимий равишда Ўзбекистон Республикасининг Давлат чегарасидан ўтиш пунктларида, спорт майдонларида — Ўзбекистон Республикаси чемпионатларини, миллий терма командалар иштирокида халқаро спорт мусобақаларини ўтказиш вақтида ҳамда халқаро спорт мусобақаларининг Ўзбекистон Республикаси спорт терма командаларининг вакиллари бўлган ғолибларини мукофотлаш маросимларини ўтказиш вақтида кўтарилади.
“Ўзбекистон Республикасининг Давлат байроғи тўғрисида”ги қонуннинг 5-2-моддасига кўра Ўзбекистон Республикаси Давлат байроғининг элементларини нодавлат ташкилотлари ҳужжатларининг реквизитлари ёки реклама материалларига киритилишига йўл қўйилмайди. Ўзбекистон Республикаси Давлат байроғининг тасвири туширилган белгилардан ишлаб чиқарилаётган ёки реализация қилинаётган товарларни (ишларни, хизматларни) ўтказиш учун тижорат мақсадларида фойдаланиш мумкин эмас. Нодавлат нотижорат ташкилотларининг рамзлари Ўзбекистон Республикасининг Давлат байроғига ўхшаш бўлиши мумкин эмас.
Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тоғрисидаги кодексининг 203-1-моддасига кўра давлат байроғига доир қонунчиликни бузиш, фуқароларга 900 000 сўмгача, мансабдор шахсларга 2 100 000 сўмгача жарима солиш тариқасида жавобгарликка сабаб бўлиши, Жиноят кодексимизнинг 215-моддасига кўра давлат байроғига ҳурмацизлик қилиш 7 500 000 сўмгача жарима, уч юз олтмиш соатгача мажбурий жамоат ишлари ёхуд уч йилгача ахлоқ тузатиш ишлари билан жазоланиши белгиланган.
Айни кунларда, Учқудуқ туман Адлия бўлими томонидан тумандаги барча ташкилотларда байроғимизнинг 31 йиллиги муносабати билан тарғибот тадбирлари ўтказилмоқда.
Учқудуқ туман адлия бўлими
Юридик хизмат кўрсатиш маркази
бош юрисконсулти
Шодиева Нафиса Минбой қизи