Аслини олганда, дўстга садоқат, бирдамлик каби эзгу туйғулар халқимиз орасида қадрият даражасига кўтарилган. Азал-азалдан ота-боболаримизнинг ўгитларида, мақол ва ҳикоятларда, шунингдек шоиру донишмандларимизнинг асарларида дўстлик туйғуси улуғланган, таъбир жоиз бўлса, бундай дунёқараш асрлар давомида қон-қонимизга сингиб кетган.
Халқлар дўстлиги ва умумхалқ бирдамлик кунини байрам сифатида белгилашдан асосий мақсад – жамиятимизнинг турли қатламлари ҳамда тузилмалари ўртасида ҳамжиҳатлик, бағрикенглик, миллатлараро тотувликни мустаҳкамлаш ва дўстлик алоқаларини янада ривожлантиришдан иборат. Ҳозир мамлакатимизда 130 дан зиёд миллат ва элатлар ҳамда 16 та диний конфессия вакиллари истиқомат қилиб, 141 та миллий маданий марказ ва 36 та дўстлик жамияти фаолият юритмоқда.
Шу жумладан Учқудуқ туманида ҳам 30 га яқин миллат ва элат вакиллари тинч-тотув, иноқликда умргузаронлик қилиб, Ватан равнақи халқ фаровонлигига муносиб улуш қўшмоқдалар.
Сана муносабати билан Шимолий кон бошқармаси тасарруфидаги корхона-ташкилотларда “Ўзбекистон – барчамиз учун ягона Ватандир!” мавзусида маънавий-маърифий тадбирлар бўлиб ўтмоқда. Ана шундай тадбирлардан бири темир йўл цехида семинар тарзида ўтказилди. Унда корхонага қарашли бўлим ва бўлинмаларда меҳнат қилаётган турли миллатга мансуб опа-сингилларимиз иштирок этишди.
Иштирокчилар турли миллат вакилларининг миллий либослари, миллий таомларидан иборат кўргазма билан яқиндан танишдилар. Миллатлараро тотувлик, диний бағрикенлик мавзуларида ўзаро фикр-мулоҳазалар билдирилиб, иш тажрибалари билан ўртоқлашдилар.
Шунингдек, хотин-қизларнинг жамиятда тутган ўрни, оила мустаҳкамлигини таъминлашдаги беқиёс ҳиссаси ҳақида ҳам сўз борди.
Семинар ишида “Учқудуқ” маданият уйи бадиий жамоаларининг концерт дастури намойиш этилди.
Дилафрўз ХАЛИМОВА,
ШКБ оила ва хотин-қизларни қўллаб қувватлаш кенгаши раиси.