LOTIN-КИРИЛЛ

Шавкат Мирзиёев 65 ёшда. Унинг сиёсат оламидаги қадамларига назар

    Шавкат Мирзиёев президентликка келгач, мамлакатдаги вазиятни юмшатиш, бозор иқтисодиётини рағбатлантириш, хорижий инвестицияларни жалб қилиш, қўшни мамлакатлар билан алоқаларини қайта тиклаш каби бир қатор ислоҳотларни амалга оширди.

 

   Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев 65 ёшни қарши олди. У ўтган вақт ичида мамлакат раҳбарлигида қандай ўзгаришлар амалга оширди?

   Шавкат Миромонович Мирзиёев 1957 йил 24 июлда Жиззах вилоятининг Зомин туманида шифокор оиласида туғилган. 1981 йили Тошкент ирригация ва қишлоқ хўжалигини механизациялаш муҳандислари институтини тугатган. Муҳандис-механик мутахассислигига эга. Техника фанлари номзоди, доцент.

 

   Меҳнат фаолиятини 1981 йилда Тошкент ирригация ва қишлоқ хўжалигини механизациялаш муҳандислари институтида бошлаб, ўқув ишлари бўйича проректор лавозимигача бўлган лавозимларда ишлайди. 1990 йили Республика Олий Совети депутатлигига сайланиб, айни вақтда Мандат комиссиясининг раиси сифатида ҳам фаолият кўрсатди.

 
 

   Амал пиллапоялари бўйлаб

Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон сиёсатида президентликкача бўлган барча поғоналарни босиб ўтган. Яъни, сиёсатда «қайнаган» одам. Аввалига, 1992 йилда Тошкент шаҳрининг Мирзо Улуғбек тумани ҳокими лавозимига тайинланган. 1996-2001 йилларда Жиззах вилояти ҳокими, 2001-2003 йиллар мобайнида Самарқанд вилояти ҳокими лавозимларида ишлаб, мазкур туман ва вилоятларни ижтимоий-иқтисодий жиҳатдан ривожлантиришга катта ҳисса қўшади.

  2003 йилдан бош вазир бўлади. Яъни, унинг фаолиятида фақат ўсиш кузатилган: аввал туман ҳокими, кейин вилоят ҳокими ва 2003 йил мамлакат сиёсатидаги иккинчи одамга айланиш. Жиззахдан Самарқандга ўтиши ҳам аслида шунчаки бир вилоятдан бошқасига ўтиш деб қаралмайди, Самарқандга ишга ўтиш ҳар қанақасига «кўтарилиш» ҳисобланарди.

 

  Мирзиёев бош вазирликка ўтишида айнан Самарқанддаги фаолияти асосий омил бўлган. Биринчи президент Ислом Каримов Самарқандда туғилгани учун бу вилоятга раҳбар қўйишда айниқса етти ўлчаб бир кесган. Катта эҳтимол билан, Шавкат Мирзиёевда етакчилик хусусиятларини кўрган Каримов уни охирги ҳал қилувчи синов сифатида Самарқандга раҳбар қилганди.

Мирзиёевнинг кўҳна шаҳардаги фаолиятини эса самарқандликлар жуда яхши эслайди. Ҳозир ҳам шаҳарда кўзга кўринган бинолар, хиёбонлар, стадионлар ўша вақтда қад ростлаган. Каримов Самарқандга ҳар келганида яхши ўзгаришларни кўргани сабаб иккиланмай Ўткир Султонов ўрнига 46 ёшли Шавкат Мирзиёевни бош вазир лавозимига таклиф қилганди.

  Ҳозир қайсидир ҳоким бош вазир бўлишини тасаввур қилиш қийиндир, лекин Самарқанддаги фаолияти сабаб Мирзиёев бу лавозимни эгаллаши ажабланарли ҳолат бўлмаганди. Ҳа, Самарқанд бу борада катта имкониятлар юрти ва ҳозирги президент ўзига берилган имкониятдан ўринли фойдаланганди. У ушбу лавозимга яна уч марта – 2005, 2010, 2015 йилларда Олий Мажлис палаталари томонидан қайта тасдиқланади.

Президентликка келиш

Шавкат Мирзиёев 2016 йил охирида Ўзбекистон президенти бўлди. Каримов вафот этгач, мамлакат сиёсий элитасида кимдир ажралиб чиқиши кутилганди ва бош вазир Мирзиёев илк кунларданоқ мураккаб вазиятда қолган мамлакатдаги сиёсий назоратни ўз қўлига олади ва ўшанданоқ мамлакатни бошқаришга муносиб номзод эканини кўрсатади.

Сайловгача бўлган уч ой муддатда жуда фаол сайлов кампанияси олиб борган Мирзиёев якунда катта устунлик билан ғалаба қозонади (88,61 фоиз). Айнан сайлов кампанияси давомида у чинакамига одамлар орасида машҳур бўла борди.

Президентликка киришганининг илк кунлариданоқ Шавкат Мирзиёев танқидий чиқишлари билан ёдда қолганди. Айниқса, ҳуқуқ-тартибот органи ходимлари кескин танқидга учрайди. Прокуратура тизимидаги кадрларнинг 80 фоизи янгиланади. Юқори доираларда ҳам катта «тозалаш» ўтказилади. Вазирлар Маҳкамасида деярли барча вазирликлар раҳбари ўзгаради.

   Ислоҳотлар бошланиши

Мирзиёев президентликка ҳам катта энергия билан кириб келади. Бир ерда қотиб қолиш, эришилган кам сонли ютуқлар билан, тарих билан мақтаниш ярамаслиги, тинмай ҳаракат қилиш кераклигини айтади. Унинг ютуқларидан бири – одамларни биз дунё ривожидан анча ортда қолиб кетганимизга ишонтирганида бўлганди, у бу ҳақда қўрқмай гапириш керак эканини айтади.

Илк кунларданоқ аҳоли мурожаатлари билан ишлаш ва давлат органларининг очиқлиги бўйича янги тизим жорий этилди.

Шунингдек, давлат хизматлари тизими ривожлантирилиши, давлат хизматлари марказлари ишга туширилиши, ортиқча бюрократияга барҳам берилиши, инсон ҳуқуқлари кафолатлари кучайтирилиши, мажбурий меҳнат, шу жумладан болалар меҳнатининг тугатилишини алоҳида эътироф этиш мумкин.

Бундан ташқари, ёшларни қўллаб-қувватлашнинг янги тизими жорий этилди, олий таълим тизими ривожлантирилди, университетларга қабул квоталари оширилди, миллий ва хорижий ОТМлар филиаллари очилди. Коррупцияга қарши курашиш соҳасида ҳуқуқий ва институционал ўзгаришлар амалга оширилди.

Жамият ҳаётида ОАВнинг роли ошиши

Янги эпохада ОАВ мустақиллиги учун йўл очилди. Медиа муҳит кенгайтирилди, нашрларнинг жамиятдаги, муҳим ҳукумат қарорлар қабул қилинишидаги ролининг оширилди.

Ўз навбатида оддий одамлар бугун ҳокимлардан муаммоларни ҳал қилишни талаб қила оляпти. Халқ давлат бюджети ўзи тўлаётган солиқлардан тўлишини аста-секин тушуниб етмоқда, одамлар давлатнинг пули қаерга сарфланаётганини ҳисоблайдиган, керак бўлса ҳисоб сўрайдиган бўлди, жамоатчилик назорати юзага кела бошлади.

Мирзиёев таклиф қилган очиқлик сиёсати ҳукуматнинг энг юқори қатламидаги сиёсатчилар ҳам халқнинг, журналистларнинг, фаол фуқароларнинг танқидларига учрашига олиб келди, ҳукумат ва фуқаролар ўртасидаги жарлик йўқолди, ҳокимлар қишлоқларгача бориб қабул ўтказиб, оддий одамларнинг ҳолини сўрашни ўрганди.

Иқтисодий ислоҳотлар

Иқтисодий соҳада ҳам кўплаб ислоҳотлар ўтказилди. Энг асосийси, валюта бозори эркинлаштирилди, нақд пул билан боғлиқ муаммолар бартараф этилди. Долларнинг икки хил куриси бекор бўлди. Ҳозир ҳам мавжуд «қора бозор» курси банклардагидан фарқ қилмайдиган бўлиб қолди. Бу эса барча экспорт ёки импортчилар учун тенг бозор шароити яратди.

Камбағаллик расмий даражада тан олинди ва уни қисқартириш бўйича комплекс ёндашув шаклланди.

Тадбиркорлик муҳити яхшиланди, хусусан бизнесни рўйхатдан ўтказиш ва уни юритиш бўйича жараёнлар соддалаштирилди.

Ўзбекистон иқтисодиёти узоқ йил бозор тамойиллари йўқлиги сабаб ривожланиш суръатларини ошира олмаётганди. Бугун эса ниҳоят бозор иқтисодиётига чинакамига ўтиш ҳақида гапирилмоқда. Одамлар нарх-наво биз узоқ йиллар қилганимиз каби ричаг ёрдамида ушлаб туриладиган нарса эмаслиги, иқтисодий кўрсаткичлар билан баравар ўзгаришини тушуниб етди.

Халқнинг энг оғриқли муаммоси бўлмиш энергетика масаласида кескин ўсишга эришилди. Аввал свет ўчмайдиган жой дейилганда фақат Тошкент тушуниларди, бугунги кунда эса қишлоқларда бир муддат свет ўчса, одамлар эътироз қиладиган бўлди. Шунча йил одамлар электр учун кимга пул тўлаётганини билмай юрди, уйдан светга деб пул олиб кетишар, орқасидан фалон миллион қарз деб қоғоз келарди. Аслида жуда оддий бўлган коммунал муаммо ҳал қилинди.

Халқаро муносабатлар

Марказий Осиёда яхши қўшничилик муносабатлари ўрнатилгани, чегаралар очилгани ва назорат пунктлари ташкил этилгани, Марказий Осиё давлатлари билан барча масалалар бўйича конструктив мулоқот йўлга қўйилгани – Шавкат Мирзиёевнинг эътироф этиш зарур бўлган яна бир тўғри сиёсатидир. У «окопга тушиб олиб ҳаммага душмандай қараш» сиёсати тўғри эмаслигини айтди ва шу йўлда ҳаракат қилди. Минг йиллик қўшниларимиз билан ўртадаги тўсиқлар олиб ташланди, атрофдагиларга қўл узата бошладик ва улар ҳам буни хурсанд бўлиб қабул қилди.

Туризмни ривожлантириш доирасида 90 мамлакат учун визасиз режим, 48 мамлакат фуқаролари учун визасиз транзит режими жорий этилди.

Давлат ичида ўз имижини ярата олган Мирзиёев халқаро майдонда ҳам дўстликни тарғиб қилувчи сиёсатчи эканини кўрсатди. Марказий Осиё етакчиларига «Келинг, бирлашайлик» деди ва минтақа лидерлари маслаҳатлашув учун йиғилишни одат қилишди.

Унинг айниқса Тожикистонга ташрифи тарихий бўлганди. Ташриф давомида қўшни Тожикистон билан алоқалар янги босқичга кўтарилди. Шавкат Мирзиёев мартда Душанбега борган бўлса, августда Имомали Раҳмон 20 йил ичида илк марта Ўзбекистонга келди. Мирзиёевнинг илк давлат ташрифи Туркманистонга бўлгани ҳам у халқаро муносабатларда қўшни давлатлар билан алоқаларни биринчи планга қўйишини кўрсатарди.

Халқаро муносабатлар ҳақида гапирганда қайд этиш керакки, Мирзиёев вақтида четга чиқиш осонлашди. Четга чиқишни истаганлар учун стикер олиш тартиби бекор қилиниб, бунинг учун «қизил паспорт» жорий қилинди.

Умидли истиқбол

Албатта, олдинда ҳали қилиниши керак бўлган ишлар бор. Лекин асосийси – мамлакатда ўсиш суръати пайдо бўлган, давлат нарвоннинг қайси поғонасида эканини алдамай айтяпти, ҳукумат одамларга қўл узатишга ҳаракат қилмоқда, жамият ва ҳокимият орасидаги бўшлиқ қисқармоқда.

   Ривожланишда эса энг муҳими – тўғрисини тан олиш ҳисобланади. Одамларга иқтисодий кўрсаткичларни сохта қилиб кўрсатишдан, биз энг зўр давлатмиз деб айтишдан осони йўқ, лекин ҳозир давлат хато бўлса, айтинг деяпти, давлатнинг эгаси бўлмиш халқ билан ҳисоблашиляпти. Шавкат Мирзиёев сиёсатчи сифатида эришган энг катта ютуғи шу аслида.

    Шавкат Мирзиёев президентлик фаолияти давомида демократия принципларидан боришини айтиб келади. Бугун 65 ёшини нишонлаётган президентни табриклаймиз ва у фаолиятининг охирига қадар халқни фаровонликка етаклаш учун демократия йўлидан боришда давом этишига тилакдошмиз. Ахир замонавий дунё фаровонликка эришиш учун бундан бошқа йўл йўқ эканини кўрсатиб қуйди.

 

O'qilgan: 521 bora

Uchquduq tumani

Tuman markazi - Uchquduq shahri.Tumanning tuzilgan vaqti – 1982 yil 22-aprel. Territoriyasi – 4663 ming2 km. Tuman markazi Navoiy viloyati markazigacha bulgan masofa – 300 km. Aholisi - 37028 ming kishi

Qisqacha ma'lumot

Aloqada bo'ling

  Email: This email address is being protected from spambots. You need JavaScript enabled to view it.
  Telefon: (+99879)222-00-05-101
  Telefon: (+99879)222-00-05-102
  Faks: (0436) 593-11-01
  Manzil: Navoiy viloyati, Uchquduq tumani, Amir Temur ko‘chasi, 28-uy

Ijtimoiy tarmoqlarda: