Она табиат инсонга инъом этган ҳар бир яратиқ — мўъжиза! Ҳазрати инсон эса ана шу неъматнинг моҳиятини билишга киришаркан, у аввало ўзини ва ўзи яшаётган борлиқни — борлигини англайди! Мана шу дақиқадан бошлаб одамзотнинг ўзи ҳам мўъжиза яратишга киришади.
Дарҳақиқат, дунёдаги энг катта саҳро — саҳройи Кабирдан 30 маротаба кичик бўлган Қизилқум чўли — юртимизнинг ва халқимизнинг ҳақиқий бойлигидир. Зеро, 300 минг квадрат километрни ташкил этган мазкур бепоён ҳудуд ер ости ва усти бойликлар билан лиммо-лим маскан.
“НКМК” АЖ Шимолий кон бошқармаси томонидан ОАВ вакиллари учун ўтказилган пресс-турда саҳро бағрида барпо этилган 3- сонли Гидрометаллургия заводи фаолияти билан танишар эканмиз, бу ерда учқудуқлик кончилар яратаётган мўъжизаларга гувоҳ бўлдик...
Завод ҳақида қисқача
3 - сонли Гидрометаллургия заводи – мамлакатимиз мустақиллигининг дастлабки йилларида фойдаланишга топширилган кончилик ва металлургия соҳасидаги биринчи йирик саноат корхонасидир. Ушбу корхона 1995 йил 14 июнда фойдаланишга топширилган.
Умуман олганда, завод ишга туширилган йилга нисбатан бугунги кунда корхонанинг маъдан қайта ишлаш бўйича йиллик унумдорлиги 6 баробардан кўпроқ, олтинни ярим тайёр ҳолатида ишлаб чиқариш эса 5 баробарга ошган. Айни вақтда заводда йилига 8 млн. тоннадан ортиқ “Кокпатас” ва “Даугизтау” конларидан қазиб олинган олтин таркибли маъдан қайта ишланади.
— Мазкур завод мутахассислари олимлар билан ҳамкорликда олиб борган илмий тадқиқотлари натижасида 2017 йилда Ўзбекистон Республикаси кончилик ва металлургия саноати тарихида илк маротаба НКМК мутахассислари мураккаб таркибли, қайта ишлаш қийин бўлган маъданлардан олтин ажратиб олишнинг янги технологиясини яратганликлари учун Бутунжаҳон интеллектуал мулк ташкилотининг олтин медалига сазовор бўлишган, — дейди журналистларни завод фаолияти билан таништириш чоғида корхона раҳбари Шуҳрат Нарбадалов — 2019 йилда заводда чиқиндиларни қайта ишлашга мўлжалланган фильтрлаш, қуритиш ва куйдириш бўйича янги юқори технологияларга асосланган мажмуа ишга туширилди. Янги технологик жараённи амалга оширадиган жиҳоз ва ускуналар учун комбинат ва хорижлик компания мутахассислари биргаликда Германия давлатининг халқаро патентини қўлга киритди. Янги лойиҳа табиий ресурслардан тўлиқ фойдаланишни кўпайтириш ва ишлаб чиқариш таннархини пасайтириш ҳамда чиқиндига чиқиб кетадиган олтин миқдорини икки баравар камайтириш имконини берди.
Олтин олишда биотехнологик усул — Ўзбекистон кончилик саноати мўъжизаси
Она табиатнинг инсонга туҳфа этган бойликлари қаторида кўзга кўринмас бактериялар ҳам бор, албатта. Одамзот учун мутлақо хавфсиз ана шундай бактерияларнинг бир тури табиатда учровчи маъданлар билан озиқланади. Таркибида олтини бор пирит, халкопирит каби минераллар устини қоплаб олган сульфид “плёнка”ни тозалаб бериш хусусиятига эга. Яъни, олтин ишлаб чиқаришда мазкур бактерияларнинг фойдаси катта. Буни шундай тушунтириш мумкин: кўзга кўринмас мазкур митти жонзотлар гўё “конфет устига ўралган қоғоз”ни очиб, фойдали мағизни ўз эгасига тақдим қилади — табиатнинг бир мўъжизаси, иккинчи мўъжизани инсонга туҳфа этади!
Зарафшон шаҳри ва Қизилқум чўлининг бошқа ҳудудларида учровчи оксидли, яъни нисбатан содда таркибли маъданлардан фарқли равишда Учқудуқ конларидаги асосан сульфидли, мураккаб таркибли маъданлардан олтинни ажратиб олиш анчагина мушкул жараён. Шунинг учун гарчи Навоий кон-металлургия комбинати асос солинган ҳудуд саналаса-да, ўтган асрнинг 90-йилларида Учқудуқда кончилик саноати корхоналари тақдири бир муддат савол остида қолаётган эди.
Бир неча йирик лойиҳалар амалга оширилиши натижасида завод кўз ўнгимизда кенгайди, 2003 йилдан эса корхона негизида дунёда ягона бўлган Жанубий Африка Республикасидаги биотехнология усули — бактериялар ёрдамида рудани қайта ишлаш жараёнини ташкил этишга катта қизиқиш билдирилди. Шу тариқа лойиҳа амалда бошланиб, 2008 йилда биринчи босқич ишга туширилди. 2011 йилда эса йилда эса иккинчи босқич файдаланишга топширилди.
— Бу усул 1989 йилдан бошлаб дунё кончилик саноатида ишлатиб келинади, — дейди биоксидлаш цехи бошлиғи Бобир Тошпўлатов биз билан суҳбатда. — Жанубий Африка Республикасида дастлаб суткасига 55 тонна маҳсулотни қайта ишлайдиган комплекс яратилган. Орадан бир йил ўтиб АҚШда 55 тонна маъданни қайта ишлаш қувватига эга янги мажмуа, 2002 йилда эса Россияда 400 тонналик қувватга эга цехлар ишга туширилган. Кейинчалик Гана давлатида янада кўпроқ қувватга эга — кунига 1500 тонна концентрантни қайта ишловчи завод қурилган. Бизнинг корхонада эса суткасига 2 минг тонна хомашёни қайта ишлаш қувватлари яратилди. Бу айни вақтда дунёдаги энг катта ҳамжда биотехнологик усулда олтинни қайта ишлаш мажмуаси саналади.
Цех фаолияти билан танишар эканмиз, бу ерда 140 нафар ходим учун яратилган шарт-шароитлар кишини қувонтирди. Ходимларнинг ўртача ёши — 30 ёшни ташкил этмоқда. Бу эса ишлаб чиқариш жараёнларига қўшимча шижоат ва ғайрат бағишлайди, десак муболаға эмас. Хусусан, муҳандис-техник ходимларнинг барчаси маҳаллий кадрлар.
— Заводга олиб келинган маъданлар дастлаб майдаланади, кейин эса янчиш жараёнига ўтказилади, — дейди мазкур цехнинг ёш мутахассисларидан бири Сирожиддин Холматов. — Булар бойитиш жараёнлари саналиб, сўнгра флотация жараёнида минерал янада бойитилиб, олтин таркибли маъданлар фотореагентлар ёрдамида махсус ажратиб олинади. Сўнгра хомашё биоксидлаш цехига келади. Бу ерда иккита резервуарда бўтана, яъни лойқа кўринишидаги концентратни қабул қилиб оламиз. Бугунги кунда биоксидлаш цехида барча жараёнлар бошқарув пульти хонасида мониторларда онлайн режимда кузатилиб борилади. Айни вақтда концентратлар қабул қилиниб, қайта ишланган маҳсулот чиқарилувчи қувурлар неча фоизга очиқлигигача кўриш мумкин. Техник ва технологик барча параметрлар бевосита анна шундай назорат қилиб борилади. Булар кончилик саноатида эн гилғор давлатлар тажрибасидир. Умуман олганда, соҳада коммуникация воситаларидан кенг фойдаланилаётгани, иш самарадорлигини оширмоқда.
Дарҳақиқат, мазкур цехда концентратни қайта ишловчи биореакторлар сони 48 тани ташкил этади. Уларнинг 24 таси бирламчи реактор бўлса, қолгани иккиламчи реакторлар ҳисобланади. Реакторлар орасидаги фарқ шундаки, суюқ масса кўринишида қувурлар орқали қабул қилиб олинувчи фотоконцентрат маҳсулот асосан бирламчи реакторлардаги бактериялар ёрдамида 75 фоизгача тозаланиб, олтингугурт сульфиди биоксидлаб берилади. Кейинги босқичда эса ярим тайёр маҳсулот олинади.
— Реакторларда асосан 3 хил турдаги бактерия ишлайди, — дейди Б.Тошпўлатов. — Улар темирни, олтингугурт сульфидини ва ҳам темир, ҳам олтингугурт сульфидини оксидлаб берадиган бактериялар. Бу технологияни бошқариш анча мураккаб ва мушкул иш. Шу боис у бошқа мамлакатларда Ўзбекистон кончилик саноатидагидек кенг ривожланмаган. Юртимизда эса мазкур сул биргина Учқудуқда мавжуд. Сульфидли маъданлардан олтинни ажратиб олишда жаҳонда асосан куйдириш ва автоклав усуллардан фойдаланилади. Бу анчагина қиммат ва рентабеллиги паст. Биоксидлаш эс ааввало экологик тоза ва камхаражат саналади.
Мазкур биотехнологик жараён маҳаллийлаштирилгач, юртимиз олимлари ва мутахассислари томонидан ҳам уни такомиллаштириш борасида кенг кўламли ишлар бажарилди. Мисол учун, дастлаб кўпикларнинг реакторлардан тошиб кетиш ҳолати мавжуд эди. Бунинг сабаби Учқудуқ конларидан олинаётган маъданлар таркибида углерод моддаси кўплиги билан боғлиқ бўлиб, комбинат мутахассислари томонидан кўпик босувчи махсус тизим яратилгач, ушбу масала бартараф этилди. Айни вақтда биотехнология усулида олтинни қайта ишлашда учқудуқлик кончилар салоҳияти — дунё кончилик саноатида юқори туради, дейиш мумкин.
Гюго "ҳайрати"
Пресс-тур жараёнида заводдаги барча — конлардан қазиб олинган маъданларни қабул қилиб, уларни қайта ишлаш ва олтин қуйиш каби жараёнларга қадар жонли гувоҳ бўларканмиз, бундай мураккаб ишлаб чиқаришнинг барча нуқталарида асосан ёш мутахассислар фаолият олиб бораётгани кишига ғурур бағишлайди.
Завод бўйлаб айланар эканман, буюк француз адиби Виктор Гюгонинг қуйидаги фикрлари битилган лавҳага ҳам кўзим тушди: “Тараққиёт фақат жасорат туфайлигинина рўй беради”.
Дарҳақиқат, Қизилқум саҳроси бағрида жойлашган мазкур завод, хусусан бу ерда бугунгача эришилган ютуқлар ва айни вақтдаги қизғин фаолият мисолида айтишимиз мумкинки, жасоратли халқимиз ҳали бу манзилда кўплаб натижаларга эришади!
Озод МУСТАФОЕВ, журналист.