Учқудуқ туманида сектор раҳбарлари ва ёшлар ўртасида очиқ мулоқотлар ўтказилмоқда. Ана шундай учрашувлар бири бугун “КЕLАJАК” ёшлар марказида Учқудуқ туман ички ишлар бўлими бошлиғи Аристанғали Райханов билан ўтказилди.
Бўлиб ўтган мулоқотда ёшларни маданият, санъат, жисмоний тарбия ва спортга жалб этиш, маънавиятини юксалтириш, улар ўртасида китобхонликни тарғиб қилиш, иқтидорли ўғил-қизларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш борасида олиб борилаётган кенг кўламли чора-тадбирлар ҳақида тўхталиб ўтди.
Шунингдек, Учқудуқ ёшларини жисмонан бақувват, маънан етук, юксак интеллектуал салоҳиятли, Ватан ҳимоячиси этиб тарбиялаш бугунги кундаги долзарб вазифа эканлигини, бунда ёшларнинг ташаббусларини қўллаб қувватлаб ҳар томонлама кўмак беришини билдириб ўтди.
Шундан сўнг, ёшлар билан очиқ, ошкора мулоқотга киришган туман ички ишлар бўлими бошлиғи, 3-сектор раҳбари А.Райхановга кўплаб таклифлар мурожаатлар келиб тушди. Жумладан, “Навоий” МФЙ ёшлар етакчиси Камолиддин Бекмуродов футбол клубини ташкил этиш юзасидан ўз таклифини билдирган бўлса, “Йўлчилар” ОФЙ да яшовчи Асел Серикболова овулда гўзаллик салони очишни мақсад қилганлигини айтиб, субсидия масаласида ёрдам сўраб мурожаат қилди.
Очиқ мулоқот якунида “Ёшлар ойлиги” доирасида бўлиб ўтган турли мусоқабаларда интеллектуал салоҳияти, иқтидор ва изланувчанлиги, ташаббускорлиги ва етакчилиги билан барчага ўрнак бўлган бир гуруҳ ёшлар рағбатлантирилди. “Зукко китобхон” танловининг туман ва вилоят босқичларида фахрли биринчи ўринга сазовор бўлган “Узунқудуқ” жамоаси аъзоларига қимматбаҳо совғалар берилди.
Учрашувда ёшлар томонидан турли масалалардаги 10 дан ортиқ таклиф ҳамда мурожаатлар қабул қилиниб, тааллуқли идора мутасаддиларига аниқ ва манзилли кўрсатма ҳамда топшириқлар берилиб, ижроси алоҳида назоратга олинди.
УЧҚУДУҚ ТУМАН ҲОКИМЛИГИ АХБОРОТ ХИЗМАТИ