Учқудуқ туманида сектор раҳбарлари ва ёшлар ўртасида мулоқотлар ўтказилмоқда.
“КЕLАJАК” ёшлар марказида Учқудуқ туман ҳокими, биринчи сектор раҳбари билан бўлиб ўтган учрашув ҳаётда эндигина ўз йўлини излаётган, ҳар имкониятга умид билан қараётган ёшлар учун самарали бўлди албатта.
-Учқудуқ туманида нимаики эзгу ишларга қўл урмайлик, аввало, сиз каби ёшларга, сизларнинг куч-ғайратингиз, азму шижоатингизга суянамиз, - дейди туман ҳокими С.Хамроев. – “Ёшлар саноат зонаси”даги ўнлаб лойиҳалар сизнинг акаларингиз опаларингиз ташаббуслари билан амалга оширилаётганлиги эътирофга сазовор.
Очиқ ва конструктив тарзда ўтган учрашувда, туман ҳокими ва корхона-ташкилотлар раҳбарлари иштирокида ёшларни қийнаб келаётган муаммолар, таклиф ва мурожаатларини бирма-бир тинглаб, атрофлича муҳокама қилди.
Жумладан, “Боздун” ОФЙ ёшлар етакчиси Игилик Абдиказиев жузқудуқлик шоир Абдиғаппар Шолбаевнинг ижодий кечасини туман миқёсида ўтказиш, “Абай” МФЙ ёшлар етакчиси Достон Убайдуллаев ёшлар учун кинозал ташкил этиш таклифларини билдирди. Аҳмаджон Насимов Учқудуқда муқобил энергия ишлаб чиқариш яъни қуёш батареяларидан кенг фойдаланиш ҳамда ички туризмни ривожлантириш юзасидан ўз таклиф ва фикр-мулоҳазаларини айтиб ўтди.
Маълумот ўрнида айтиш мумкинки, олиб борилган амалий ишлар натижасида ўтган 6 ой мобайнида “Ёшлар дафтари”га кирган 165 нафар йигит-қизнинг муаммоларини ҳал этиш учун 569,5 млн. сўм маблағ йўналтирилди. 81 нафар талабанинг контракт пули, 12 нафар йигитнинг 68,8 млн. сўм миқдоридаги сафарбарлик чақируви резерви учун белгиланган бадал пуллари тўлаб берилди.
Шу билан бирга, 51 нафар ўғил-қизларнинг тадбиркорлик лойиҳалари учун, 975 млн. сўм имтиёзли кредитлар ажратилди. “Ёшлар саноат ва тадбиркорлик зонаси”даги 22 та лойиҳа доирасида ёшларимиз учун 67 та янги иш ўринлари яратилди.
Учрашувда ёшлар томонидан турли масалалардаги 10 дан ортиқ таклиф ҳамда мурожаатлар қабул қилиниб, тааллуқли идора мутасаддиларига аниқ ва манзилли кўрсатма ҳамда топшириқлар берилиб, ижроси алоҳида назоратга олинди.
Учрашув сўнгида маҳалла ва овул фуқаролар йиғинларида фаолият кўрсатаётган 14 нафар ёшлар етакчиларига хизматда фойдаланиш учун 14 та компьютер жамламаси ва веб камералар берилди.
УЧҚУДУҚ ТУМАН ҲОКИМЛИГИ АХБОРОТ ХИЗМАТИ.