Фуқаролар йиғини раиси (оқсоқоли) ни сайлаш жараёнларининг ҳуқуқий асослари Фуқаролар йиғини раиси (оқсоқоли) ни сайлаш жараёнлари “Фуқаролар йиғини раиси (оқсоқоли) сайлови тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунда белгиланган тартибда ташкил қилинади ва ўтказилади.
Маҳалла раиси (оқсоқоли) сайлов жараёнининг очиқлиги ва шаффофлигини таъминлашга қаратилган.
Фуқаролар йиғини раиси сайловини ташкил этиш ва ўтказиш принциплари:
Ошкоралик;
Муқобиллик;
Тенг сайлов ҳуқуқи.
Сайловни ўтказиш муддатлари сайлов бошланишидан камида 2 ой
олдин Олий Мажлис Сенат Кенгаши томонидан белгиланади.
Фуқаролар йиғини раиси лавозимига номзодлар кўрсатиш тегишли ҳудудда доимий яшовчи фуқароларнинг фики инобатга олинган ҳолда ишчи гуруҳ томонидан амалга оширилади.
Фуқаролар йиғини раиси лавозимига номзодлар:
Ўзбекистон Республикаси фуқароси бўлиши Олий маълумотга эга бўлиши;
Бевосита сайловга қадар камида 5 йил тегишли ҳудудда доимий яшаётган бўлиши;
Ташкилотчилик қобилиятига, давлат органларида ёки нодавлат нотижорат ташкилотларида ёҳуд тадбиркорлик ва бошқа хўжалик фаолияти соҳасида иш тажрибасига, ҳаётий тажрибага, аҳоли ўртасида обру-эътиборга эга бўлиши керак.
Суд томонидан муомалага лаёқатсиз деб топилган, оғир ёхуд ўта оғир жиноятларни содир этганлик учун судланганлик ҳолати тугалланмаган ёки судланганлиги олиб ташланмаган шахслар, шунингдек суднинг ҳукми билан озодликдан маҳрум этиш жойларида сақланаётган, ҳақиқий ҳарбий хизматдаги шахслар, диний ташкилотларнинг профессионал хизматчилари фуқаролар йиғини раиси (оқсоқоли) лавозимига сайланиш учун номзод этиб кўрсатилиши мумкин эмас.
Фуқаролар йиғини (фуқаролар вакилларининг йиғилиши) ишчи гуруҳнинг раҳбари раислигида ўтказилади. Йиғилиш кун тартибига, қоида тариқасида, қуйидаги масалалар киритилади:
саноқ комиссиясини сайлаш;
фуқаролар йиғини раисини (оқсоқолини) сайлаш.
Фуқаролар йиғинида (фуқаролар вакилларининг йиғилишида) фуқаролар йиғинининг (фуқаролар вакиллари йиғилишининг) иш регламенти, шу жумладан фуқаролар йиғини раиси (оқсоқоли) лавозимига номзодларнинг маърузалари, уларнинг муҳокамаси, саволлар ва жавоблар учун вақт белгиланади.
Фуқаролар йиғини раиси (оқсоқоли) сайлови бўйича овоз бериш натижаларини аниқлаш учун фуқаролар йиғини (фуқаролар вакилларининг йиғилиши) томонидан камида уч кишидан иборат таркибда саноқ комиссияси сайланади.
Фуқаролар йиғинида (фуқаролар вакилларининг йиғилишида) раислик қилувчи фуқаролар йиғини раиси (оқсоқоли) лавозимига номзодларни эълон қилади. Шундан сўнг фуқаролар йиғинида (фуқаролар вакилларининг йиғилишида) раислик қилувчи фуқаролар йиғини раиси (оқсоқоли) лавозимига номзодларнинг ҳар бирига сўз беради.
Фуқаролар йиғини раиси (оқсоқоли) ни сайлашда овоз бериш, овозларни санаб чиқиш, баённома тузиш шунингдек, сайлов якунларини чиқариш умумий сайлов қонунчилигига мувофиқ амалга оширилади.
Мадад нодавлат нотижорат ташкилоти Учқудуқ туман ҳудудий бюроси бош мутахассиси Исмоилова Умида Ҳамро қизи