Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 23 февралдаги “Ёшларни ҳарбий-ватанпарварлик руҳида тарбиялаш концепcиясини тасдиқлаш тўғрисида“ги 140-сонли Қарори ижросини таъминлаш, шунингдек, ёшларни ватанпарварлик руҳида тарбиялаш, улар ўртасида соғлом турмуш тарзини тарғиб қилиш, ўз юрти ва халқи тақдири учун юксак маъсулият ва жавобгарлик каби муҳим хусусиятларни шакллантириш мақсадида Учқудуқ туманида «Ёш чегарачилар» ҳарбий-ватанпарварлик мусобақалари ўтказилди.
Унда Учқудуқ туманидаги умумий ўрта таълим мактаблари юқори синф ўқувчилари, Учқудуқ туман касб-ҳунар мактаби ўқувчи-ёшлари иштирок этиб, кўрик-танлов Низомида белгиланган сафда юриш, турникка тортилиш, югуриш ва бошқа кўплаб беллашувларда ўзаро куч синашдилар. Ҳудудда жойлашган касб-ҳунар мактаби ва умумтаълим мактабларида таҳсил олаётган чақириққа тайёргарлик ёшидаги ўқувчиларни Ватанга муҳаббат, ҳарбий бурчга садоқат руҳида тарбиялаш, чегара хизматига қизиқтириш ва босқичма босқич тайёрлаб боришни мақсад қилган беллашув шиддатли ва қизиқарли ташкил этилди.
Муросасиз кечган баҳсларда 10-умумий ўрта таълим мактаби жамоаси фахрли биринчи ўринни эгаллаб, «Ёш чегарачилар» ҳарбий-ватанпарварлик мусобақаларининг вилоят босқичида Учқудуқ тумани шарафини ҳимоя қилиш ҳуқуқини қўлга киритди.