Ассалому алайкум азиз аёллар!
Қадрли онахонлар!
Мунис ва меҳрибон опа-сингиллар!
Энг гўзал ойнинг энг нафис байрами - хотин-қизларга эҳтиром кўрсатиш анъанаси, 8 март – хотин-қизлар куни билан Сиз азизларни чуқур таъзим билан чин қалбимдан самимий муборакбод этаман!
Дарҳақиқат, жамиятнинг маданият даражаси, маънавий баркамоллиги аёлларга бўлган муносабат билан белгиланади.
Донолар айтганидек, дунёда аёл меҳрининг баҳосини ўлчайдиган меъзон, тенглаштирадиган бойлик йўқ. Бу аёл деган улуғ хилқатда нозик таъб, буюк қалб, назокатли кўнгил, бетакрор фидоийлик, она жасорати мужассамлиги натижасидир.
Мана шундай фазилатлар эгаси бўлган ҳар бирингизга байрам муборак бўлсин!
Азиз опа-сингиллар!
Ватанимиз тараққиётида, оила ва жамият ҳаётида хотин-қизлар муҳим ўрин ва мавқега эга. Аёлларимиз мамлакатимизнинг ижтимоий-сиёсий, иқтисодий – сиёсий ҳаётидаги барча соҳаларда хусусан, давлат бошқаруви ва вакиллик органларида, ишлаб чиқариш, тадбиркорлик, соғлиқни сақлаш, таълим, маърифат, маданият ва бошқа соҳаларда самарали меҳнат қилишмоқда.
Халқимизда “Отаси яхши-биттаси яхши, онаси-яхши ҳаммаси яхши” ёки «Битта қиз болани ўқитсангиз, бутун оилани ўқитган бўласиз», каби сўзлар бежиз айтилмаган. Бунинг замирида ҳаётий ҳақиқат борлигини албатта, ҳаммамиз яхши биламиз.
Кўп минг йиллик давлатчилигимиз тарихида буюк намояндаларимиз, моҳир саркарда ва сиёсатчи бўлган ота-боболаримиз ёнида ҳамиша оқила, жасур ва фидойи момоларимиз ҳам ўзларининг юксак ақл-заковати, теран фикр ва мулоҳазалари, амалий ҳаракатлари билан мамлакат тараққиёти ва раннақига муносиб улуш қўшганлар.
Бу кўҳна тарих Бибихоним, Тўмарис, Нодирабегим, Хонзодабегим, Увайсий, Зулфия, Саида Зуннуновадек буюк аждодларимизнинг миллатимиз шаъни, ор-номусини сақлаш йўлидаги жасоратларига гувоҳдир.
Бу борада ҳурматли Президентимиз Шавкат Миромонович Мирзиёевнинг “Биз ўтмишни ёдга олар эканмиз, дунё илм-фани ва маданияти ривожига улкан ҳисса қўшган аждодларимиз, жаҳонгир боболаримиз қаторида, буюк инсонларни дунёга келтириб, меҳр билан тарбиялаган, уларни улуғвор ишларга руҳлантириб, ҳар бир ишда камарбаста бўлган фозила аёлларимиз билан ҳақли равишда фахрланамиз” деган сўзлари ҳар жиҳатдан ибратлидир.
Ҳурматли тадбир иштирокчилари!
Хабарингиз бор, мамлакатимизда мунис ва мўътабар аёлларимизнинг оғирини енгил қилиш, ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлаш, иқтисодий, ижтимоий ва сиёсий фаоллигини ошириш масаласи ҳукуматимиз сиёсатининг муҳим йўналишларидан биридир.
Бу борада 1 март куни давлатимиз раҳбари раислигида ўтказилган видеоселектор йиғилишида илгари сурилган масалалар фикримизнинг ёрқин далилидир. Унда хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш соҳасининг янги тизими белгилаб берилди ҳамда “Оила ва хотин-қизлар давлат қўмитаси фаолиятини ташкил этиш тўғрисида” қарор қабул қилинди.
Унга кўра, “Янги Ўзбекистон тараққиёт стратегияси”да ҳам аёлларга муносиб шароит яратиш, уларнинг ташаббусларини қўллаб-қувватлаш, оналик ва болаликни муҳофаза қилиш, оила мустаҳкамлигини таъминлаш, аёлларнинг ижтимоий-сиёсий фаоллигини кучайтириш, қонуний манфаатларини ҳимоялаш, қобилият ва салоҳиятларини рўёбга чиқариш, оила институтини мустаҳкамлашга қаратилган чора-тадбирлар белгиланди.
Жумладан, 2022 йил 1 сентябрдан хусусий секторда расмий ишлаётган аёлларга ҳомиладорлик нафақасини давлат томонидан кафолатли тўлаб берадиган тизим яратилади. Энди, уларга ҳам 4 ойга 2 миллион сўм миқдорида бир марталик ҳомиладорлик нафақаси тўлаб берилади.
Шунингдек, эҳтиёжманд ёлғиз аёллар фарзандлари учун давлат боғчалари тўловлари бюджетдан қоплаб берилади. Йирик ишлаб чиқариш корхоналари, тўқимачилик кластерлари ва кечки сменада аксарият аёллар ишлайдиган корхоналар боғча ташкил қилганда, улардаги тарбиячиларнинг иш ҳақи давлат томонидан тўлаб берилади.
Жорий йилда ипотека кредитлари бўйича ажратиладиган субсидияларнинг камида 40 фоизи хотин-қизларга йўналтирилади, аёлларнинг уй-жой шароитини яхшилаш бўйича ҳам аниқ режалар белгиланди. Яъни, ижтимоий уйлар сотиб олиш, уй-жойга муҳтож хотин-қизларга ижара тўловлари учун 500 минг сўмгача компенсация берилади.
Шунингдек, айни пайтда аёлларимиз улуши паст бўлган аниқ фанлар, техника ва ҳуқуқшунослик йўналишидаги ОТМларда хотин-қиз талабалар улуши ҳозирги 24 фоиздан 40 фоизгача етказилади.
Бунинг учун ҳар йили хотин-қизларнинг талаба бўлишига квотанинг камида 50 фоизи аниқ фанлар, техника ва ҳуқуқшунослик йўналишлари учун мақсадли ажратилади.
Янги ўқув йилидан бошлаб олийгоҳ, техникум ва коллежларда ўқиётган қизларга таълим контрактларини тўлаш учун, илк маротаба, 7 йил муддатга фоизсиз кредит бериш жорий қилинади.
Тадбиркорлик фаолиятини янги бошлаган аёл тадбиркорларга банк хизматлари билан бирга тадбиркорлик курслари ташкил этилади. Шунингдек, фаолиятини бошлаганига 6 ойдан 12 ойгача бўлган аёл тадбиркорларга 300 миллион сўмгача, 2 йилгача ишлаганига 1 миллиард сўмгача, 2 йилдан ортиқ ишлаганига 3 миллиард сўмгача имтиёзли кредитлар берилади.
Ҳурматли тадбир иштирокчилари!
Бугунги кунда туманимиз ижтимоий ҳаётининг энг муҳим соҳаларидан бўлган халқ таълими тизимида 79,7 фоизни, соғлиқни сақлаш тизимида 77,9 фоизни, маданият ва санъат соҳасида 64,4 фоизни, саноат соҳасида 36,4 фоизни, шу билан биргаликда молия, кредит, суғурта, пенсия таъминоти тизимларида 39 фоиздан ортиғини ташкил этаётганлиги сафимизда нечоғли салоҳият эгалари борлигини кўрсатиб турибди.
Туманимизда тадбиркорлик ҳаракатини олиб бораётган, халқимиз турмуш фаровонлиги йўлидаги ҳиммати билан ном таратаётган юзлаб тадбиркор аёлларимизни туманимиз иқтисодиётининг равнақига салмоқли ҳисса қўшаётганини ва уларнинг сони йил сайин ортиб бораётганини алоҳида эътироф этиш жоиз албатта.
Сизлар келажакда ҳам давлат ва маҳаллий дастурларда белгиланган имтиёзлардан оқилона фойдаланиб, давлат ва жамият бошқарувида дадиллик, шиддат ва нафосатни, ор-номус ва ҳаёни ўзингизга байроқ қилиб фаоллик кўрсатишлариингизга ишонаман.
Ҳурматли опа-сингиллар!
Қадрли тадбир иштирокчилари!
Аёлга нима керак? Аёлга бахт, меҳр ва муҳаббат керак! Ҳар бир аёл ўз оиласи, қўрғони, кўнгли тинч, юрти ва фарзанди омон, бошида турган бошпаноҳи-турмуш ўртоғи соғ бўлса, ҳамиша ўзида яшашга, турмушда катта ўзгаришлар ясашга куч топа олади.
Фарзандлар бахтидан, нуроний отахон ва онахонларнинг ҳурмат иззат топишидан, оиланинг бекам-кўстлигидан, юрт тинчлиги, Ватан равнақи, турмуш фаровонлигидан биринчи навбатда оналар манфаатдордир.
Демак, мамлакатимизда олиб борилаётган барча бунёдкорлик ва эзгу ишлар, яратилаётган гўзалликлар Сиз оналар, опа-сингилларнинг кўнглингизни олиш учун бунёд этилаётганлигидан бахтиёрмиз.
Сўзимнинг якунида бугунги тадбиримиз иштирокчиларига ҳамда туманимизда истиқомат қилаётган барча меҳрибон опа-сингилларимизга Яратгандан сиҳат-саломатлик, оилавий бахт, эзгу ишларингизда муваффақиятлар тилайман.
Юртимиз тинч, осмонимиз мусаффо бўлсин.
Яна бир бор айёмингиз муборак бўлсин, азиз ва мўътабар аёллар, мунис опа-сингиллар!
Эътиборингиз учун раҳмат.