Аёл киши учун оналикдан ортиқ бахт йўқ!. Яхши ният билан турмушга чиққан ҳар бир қизнинг пинҳона орзуси бу боласига алла айтиш бўлади. Азизанинг ҳам келин бўлиб келган хонадонидаги илк тилаги ана шундай эди. Аммо, ҳаёт дарёсининг оқимларида оқсангда у сени қайсидир қирғоғида иложсиз қолдириб кетавераркан.
Азиза Ҳошимова ўзи туғилган Учқудуқ шаҳрида вояга етди, яхши ўқиди, НКМК сингари кўплар ишлашни орзу қиладиган улкан корхонага ишга жойлашди. Бу орада севиб-севилиб Самариддинга турмушга чиқди. Аммо тақдир шундай чиройли оилани фарзанд деган неъмат билан синади. Шифокорлар даволанишлар самарасининг давоси фақат чет элда эканлиги маълум қилишди. Бу эса катта маблағни талаб этар, бироқ бу хабар оила учун энг яхши хушхабар, умид учқуни эди.
ШКБ га қарашли иссиқлик сув таъминоти цехи аппаратчиси Азиза Ҳошимова НКМКнинг бош директори Қ. Санақуловнинг 2021 йил 13 февралдаги фуқароларнинг шахсий масалалар бўйича қабулида бўлиб, даволаниш учун фоизсиз ссуда олиш масаласида мурожаат қилди. Ана шу мурожаатдан кейин Азиза ва унинг турмуш ўртоғи Геотехнология кони ишчиси Самариддин ҳаётида кутилмаган воқеалар содир бўлди. Раҳбарнинг топшириғи билан оналик, оталик бахтидан бенасиб бўлиб келаётган ходимларга моддий ёрдам кўрсатилиши ҳақида қарор қабул қилинди.
Улар учун Санкт –Петербургнинг “Репродуктив саломатлик халқаро маркази” билан шартнома тузилди. Эр-хотин комбинат ҳисобидан бу ерда даволанишди.
Ҳамма нарсадан инсон қадри улуғланган юртнинг қизи бўлган Азизанинг бугун орзуси ушалди. 9 йиллик интизор кутилган фарзанд Муҳаммаджон 2021 йилнинг 17 декабрида дунёга келди.
- Ёши улуғлар дуо қилганда ҳамиша: "Фарзандларинг бахтини, роҳатини кўргин" дейишади. Зотан, ана шу ҳикматона сўз маъносини, яъни фарзанд бахти, роҳати қандай азиз ва тотли туйғу эканлигини бугун янада теранроқ англадим. Қалбимга бениҳоя қувонч ҳадя этган бу туйғу оналик бахти эканлигини ҳис этдим, - дейди Азиза кичкинтойини бағрига босиб. Турмуш ўртоғим билан даволанган Россия давлати шифохонасида кўплаб мамлакатлардан биз каби тирноққа зор инсонлар даволанишарди. Аслида фарзандли бўлиш учун одам бор бойлигини ҳадя этишга тайёр бўлади. Бироқ, қиммат даволаш муолажааларини олаётганимизда улар бизга ҳавас қилишганига кўп марталаб гувоҳ бўлдим. Наҳотки, Ўзбекистон оддий ишчисининг ҳамма харажатларини ўзи тўлашни бўйнига олган, дея ҳаттоки шифокорларнинг ўзлари ҳам ҳайрат билан сўрашарди. Шунда менинг руҳиятимда бир тетиклик бўларди. Мен албатта она бўламан!
Бугун Ўзбекистонда янги давр бошланди. Бу баландпарвоз гаплар эмас. Бугунги кунда давлатимиз инсон учун, халқ учун очилди. Президентимизнинг раҳбарлар фақат давлатга эмас, аввало, инсон ва оилага, уларнинг қонуний манфаатларини таъминлашга хизмат қилиши керак, деган чақириқлари бир оиланинг бахтли кунига сабабчи бўлди. Аслида НКМКдай қудратли корхонанинг энг катта бойлиги – ишчи ходимларидир.
Кончилар оиласидаги бир олам қувонч билан дунёга келган чақалоқнинг ҳар бир куни НКМК масъулларининг диққат эътиборида бўлди. Бугун эса бир оилани парокандаликдан, умидсизликдан асраб қолган “НКМК” АЖ раҳбарияти ва касаба уюшмаси вакиллари чилласидан чиққан Муҳаммаджонни совға-саломлар билан кўргани келишди.
ШКБ ахборот хизмати.