Илм-маърифат – инсонни камолотга етакловчи, унга нажот берувчи буюк неъмат. Имом Бухорийнинг ўн икки аср аввал “Дунёда илмдан бошқа нажот йўқ ва бўлмагай” деган фикрлари бунинг ёрқин далили бўла олади. Шу боис аждодларимиз қадимдан илм-маърифат ва фарзанд таълим-тарбиясига устувор аҳамият қаратиб келади. Бугун бу анъана давом эттирилмоқда-ки, албатта таълим сифатига берилаётган эътибор яқин келажакда ўз самарасини бериши шубҳасиз.
Куни-кеча давлатимиз раҳбари Ш.Мирзиёев томонидан ўтказилган видеоселектор йиғилишида ҳам таълим бу ҳаёт-мамот масаласи экани таъкидланди.
“Бу соҳадаги ислоҳотларни кечиктиришга ҳаққимиз йўқ. Мактаб таълимида пойдеворни бугундан мустаҳкам қўйишимиз керак. Бунга барча эътиборимиз ва ресурсларимизни сафарбар қиламиз. Қийин йўлни танлаяпмиз, лекин шу йўл муаммоларни ечади”, деди Шавкат Мирзиёев.
Мактабларни яхшилаш фақат Халқ таълими вазирлигининг эмас, балки барча вазирлик ва идоралар, ҳокимликлар, илмий ташкилотлар, зиёлилар, кенг жамоатчиликнинг вазифаси бўлиши кераклиги таъкидланди.
Ушбу йиғилишда белгилаб берилган устувор вазифаларни Учқудуқ туманидаги ижроси юзасидан йўл харита ишлаб чиқилган. Куни-кеча туман ҳокими С.Хамроев бошчилигида туман ҳокими ўринбосари Н.Муратов, ХТБ бошлиғи Ж.Халилов ҳамда туман МТБ мудири Н.Амоновалар Қулқудуқ овулидаги 1-умумий ўрта таълим мактабида бўлишди. Педагогик жамоа билан бўлиб ўтган танқидий – таҳлилий йиғилишда ўқувчиларга фақат назарий билим берилаётгани, ёшларни мантиқий фикрлашга, амалиётга, касбга, мустақил ҳаётга ўргатилмаётгани хусусида сўз борди.
Шунингдек, таълим даргоҳидаги 22 нафар ўқитувчининг фақат 1 нафари 2 – тоифага эга бўлиб, қолган 21 нафари малака тоифасига эга эмаслиги танқид қилинди. 4 нафар ўқитувчи ўрта-махсус маълумотли бўлиб, уларнинг 2 нафари олий маълумотли бўлиш учун ўқишни давом эттириш истагини билдирган.
Танқидий – таҳлилий руҳда ўтказилган йиғилишда ҳар бир педагог ўз устида ишлаб, билимини янада ошириб малака тоифа учун аттестациядан ўтиш кераклиги, ўқувчи-ёшларга бугунги кун талабига мос таълим ва тарбия бериш зарурлиги хусусида аниқ кўрсатма ва топшириқлар берилди.
Туман раҳбари бошчилигида бу каби йиғилишлар барча мактабларда бўлиб ўтмоқда.
Дарвоқе, Учқудуқ тумани марказидан 70 км олисда жойлашган мазкур 1-умумий ўрта таълим мактаби “Обод қишлоқ” давлат дастури доирасида қарийб 1 млрд. сўм маблағ эвазига капитал таъмирдан чиқарилган бўлиб, бу ерда ўқувчи ва ўқитувчилар учун барча шарт-шароитлар яратилган.
УЧҚУДУҚ ТУМАН ҲОКИМЛИГИ АХБОРОТ ХИЗМАТИ.