Америкалик мутахассислар ўсмирларга овқатланиш вақтида ижтимоий тармоқларга кирмасликни тавсия қилади.
Ижтимоий тармоқларга қарамликдан қутулиш — психологдан 3 та маслаҳат
Американинг наркологик тиббиёт ҳамжамияти қарамликни зарар келтирса ҳам давом этаверадиган одат, деб баҳолайди. 2017 йилда америкаликларнинг 43 фоизи ижтимоий тармоқларни доимий равишда текшириб туришларини, 20 фоизи эса ижтимоий тармоқлар улар учун стресс манбаи эканини айтди.
Бундан ташқари, ижтимоий тармоқлардан фойдаланиш гиёҳванд моддалар ёки спиртли ичимликларни истеъмол қилиш каби мияда допамин реакциясини қўзғатиши мумкин. Тармоқларнинг айнан ушбу хусусияти қарамликка олиб келади. Психологлар бунга қарши курашиш бўйича бир неча маслаҳат берди.
Ижтимоий тармоқлардан бутунлай воз кечишнинг ҳожати йўқ, лекин ўзингиз учун чекловларни ўрнатишингиз муҳим.
Танаффус олинг
Ижтимоий тармоқлардан «танаффус» олинг. Бир неча соат ёки бутун ҳафта давомида улардан фойдаланмасдан вақт ўтказинг. 2019 йилда ўтказилган тадқиқот шуни кўрсатдики, беш кун давомида ижтимоий тармоқларни текширмаган талабалар ўзларини анча хотиржам ҳис қила бошлаган.
Иловаларни ўчириб ташланг ёки билдиришномалар (notifications)ни ёпиб қўйинг. Кўпчилик ижтимоий тармоққа эҳтиёж сезмаса-да кираверади, бошқача қилиб айтганда: телефон бўш қолди деганча Telegram ёки Instagram «лента»сига қараб кириб кетади, гўё қўлимиз ўзимизга бўйсунмаётгандек. Бу худди асабий касал одамнинг ёмон одатига ўхшайди.
Баъзида шундай бўладики инсонлар нега тармоққа кирганини унутиб қўяди. Дастлаб, уларда тармоққа киришдан бирор конкрет мақсад ёки вазифа бўлади. Айтайлик, иш юзасидан бирор бир файлни бошқаларга улашиш эҳтиёжи бор. Бироқ тармоққа киргач барчаси эсдан чиқади, вазифа ҳам бажарилмай қолади. Якунда эса 30-40 дақиқа вақтимизни «лента» айлантириб ўтказганимизни ҳам билмай қоламиз.
Тармоқлардан келадиган билдиришномалар (notifications) ўчириб қўйилганда эса уларга киришимиз сезиларли камаяди. Тармоққа киришда қўйилган ҳар бир тўсиқ ундан фойдаланишимизни камайтиради. Телефоннинг ҳар вақт Wi-fi’га уланган ёки интернети ёқиқ ҳолатда туриши ҳам ярамайди.
Чекловларни белгиланг ва уларга риоя қилинг
Телефонингизда ижтимоий тармоқдан фойдаланиш вақтини белгиланг ёки чегарага етганингиздан кейин уларни блоклайдиган иловадан фойдаланинг.
Aмерика Педиатрия Академияси ўсмирларга оилавий овқатланиш, жисмоний машқлар пайтида, дам олаётганда ёки бўш вақт бўлганда ижтимоий тармоқлардан «бемақсад» фойдаланмасликни тавсия қилади.
Бўш вақтни унумли сарфланг
Бўш вақт пайдо бўлганида уни қизиқарли ва фойдали машғулотларга сарфланг. Ҳобби ёки янги машғулотлар ижтимоий тармоқларни текшириш истагини енгишга ёрдам беради.
Ижтимоий тармоқлардан воз кечиш баъзиларга ёрдам бериши, бошқаларни эса янада кўпроқ стрессга солиб қўйиши мумкин.
Муаммонинг яна бир жиҳати бор. Ижтимоий тармоқлар қарамликка олиб келиши, вақт «ўғирлаши» тушунарли. Бироқ улардан бутунлай воз кечиш инсонни алоқа, керакли маълумот ва ёрдамсиз қолдириши мумкин. Асосийси, меъёрни билиш, бўш вақтни ўзига зарар келтирмайдиган машғулотларга сарфлаш керак.