Австралия ихтирочилари оғиздан нафас чиқараётганда коронавирус борлигини аниқлайдиган қурилма яратишди.
Бу ҳақда жума куни мамлакатнинг 9News телеканали маълум қилгани айтилмоқда.
Хабарда келтирилишича, Examine Holdings технология компанияси мутахассислари оддий алкотестер асосида оғиздан нафас чиқаётганда ҳаво таркибида SARS-CoV-2 борлигини аниқлайдиган аппарат яратган.
"Бу жуда оддий қурилма. Қилинадиган иш бор-йўғи қурилманинг махсус тешигига 5 сониялик пуфлашдан иборат. Тестер чиқарилаётган нафасда коронавирус борлигини аниқлайди", - дейди Examine Holdings компаниясининг бошқарув директори Колин Хики. Унинг таъкидлашича, таҳлил натижасини бир неча дақиқадан кейин олса бўлади.
Хикининг айтишича, дастлабки синовлар тестернинг аниқ натижани кўрсатиш даражаси камида 98 фоиз эканини исботлаган.
Австралия саноат вазири Ангус Тейлорнинг маълум қилишича, федераль ҳукумат Examine Holdings компаниясига ушбу ихтирони такомиллаштириш ва саноат даражасида ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш учун 464 минг АҚШ доллари миқдорида грант таклиф қилган.
Компаниядагилар тестерни шу йилнинг март ойида оммавий ишлаб чиқаришни режалаштирмоқда, апрел-май ойларида у очиқ савдога чиқарилади.