Одам ўтирган жойини саранжом-саришта, тоза-озода сақлайди, бу бизга болаликдан сингдирилган қадрият. Эрта саҳардан эшик олдини супуриб, сув сепиб, ҳамма ёқни чиннидек қилиб қўйиш ҳам кўпроқ бизда учраса керак. Одатимиз шунақа, чунки тоза жойда инсон баҳри-дили очилади, покиза маконда барака бўлади.
Ҳар куни ҳар бир хонадон ҳудудида маълум миқдорда маиший чиқинди уюми ҳосил бўлади. Уларни вақтида тўплаш, шаҳар ва аҳоли яшаш масканларидан олиб чиқиб кетиш ҳам ўта муҳим вазифалардан бири.
МУРОЖААТЛАР СОНИ НЕГА ОРТМОҚДА?!
Сўнгги вақтларда Учқудуқ тумани марказидаги кўп қаватли уйлар ён-веридаги чиқиндихоналар ҳолатидан норози бўлган аҳолининг ижтимоий тармоқлар орқали бот-бот чиқишлари кузатилмоқда. Фуқароларимиз ахлатхоналардан чиқиндиларни ўз вақтида ташиб, олиб кетилмаслиги шу атрофда яшовчи аҳолига ноқулайликлар туғдираётгани қолаверса, ушбу хунук манзара шаҳримиз ҳуснига доғ бўлиб тушаётганини таъкидлашган.
Туманда маиший чиқиндиларни ташиш, олиб кетиш ва утилизация қилишга “Бережливостъ” ХИЧ корхонаси масъул ҳисобланади. Корхона билан тузилган давлат хусусий шерикчилик битимининг 4.6 бандига кўра, 2021 йилнинг 1 сентябридан бошлаб, “Бережливостъ” ХИЧ корхонасига бириктирилган ҳудудда маиший чиқиндиларни тўплаш ва олиб кетиш бўйича хизматлар кўрсатиши белгиланган.
Афсуски, ушбу корхона ўз мажбуриятларини тўлиқ ва ўз вақтида бажармаётганлиги сабабли туман аҳолисининг ҳақли эътирозларига сабаб бўлмоқда. Мазкур масала бўйича Учқудуқ туман ҳокимлиги томонидан вилоят ва Республика табиатни муҳофаза қилиш бошқарма ва қўмитасига ҳамда вилоят ҳокимлигига бир неча бор ёзма ҳамда оғзаки мурожаат қилинди.
Масала яқин кунларда ўз ижобий ечини топар, унгача:
Ҳурматли Учқудуқликлар!
Тозаликни, саранжомликни таъминлаш ҳар биримизнинг фуқаролик бурчимиз эканлигини унутмайлик!!
Ахлатни чиқиндихона ташқарисига эмас, балки тартиб билан ичкарисига ташлашни ўрганайлик! Шундагина Учқудуқда тозалик, озодалик, покизалик ҳукм суради.
Сизу, биз яшаётган Учқудуқ - бизники, унинг тозалигига барчамиз бирдек масъулмиз!!
БИР КУНДА УЧҚУДУҚДА 32 880 КГ. ЧИҚИНДИ
Энди статистик маълумотларга эътибор қаратадиган бўлсак, эколог олимлар томонидан бир кунда бир киши 0,822 кг. чиқинди ташлаши аниқланган. Ушбу рақамни Учқудуқ аҳолиси сонига кўпайтирсангиз, бир кунда чиқариб ташланадиган чиқинди миқдори аниқ бўлади. Дейлик, бугунги кунда Учқудуқ аҳолиси қарийб 40 минг кишини ташкил этади. 40 000 х 0,822 кг. кўпайтирсак, бир кунда Учқудуқ тумани аҳолиси 32 880 кг. чиқиндини чиқариб ташлашади.
Афсуски бугунги кунда чиқинди муаммоси нафақат Учқудуқни, нафақат Ўзбекистонни балки бутун дунё аҳлини ташвишга солмоқда. Урбанизация жараёни жадаллашиб, шаҳарлар кенгаяётган, аҳоли сони ўсаётган ва унинг эҳтиёжини қондириш учун миллионлаб турдаги товарлар ишлаб чиқарилаётган бир пайтда чиқиндиларни қайта ишлаш ва уларнинг утилизацияси энг катта экологик муаммолардан биридир.
ОНА САЙЁРАМИЗ – ИФЛОСЛАНМОҚДА!
Дунё бўйича чиқиндининг 30 фоизигина қайта ишланади, қолгани эса аста-секинлик билан Она сайёрамизни қопламоқда. Чиқиндилар турли хил қимматбаҳо металлар, шиша идишлар, макулатура, пластик, ерга ўғит бўла оладиган озиқ-овқат маҳсулотларининг қолдиқларидан иборат.
Чиқиндиларни қайта ишлаш бир неча баробарга электр энергияси ва сувдан фойдаланишни камайтиради. Масалан, макулатурадан қоғоз олиш эса нафақат дарахтлари кесилишидан асрайди, балки электр қувватининг сарфини тўртдан уч қисмга камайтиради. Яъни 1 тонна қоғозни қайта ишлаб чиқаришга уни ёғочдан тайёрлаш учун кетадиган сувнинг ярми сарф бўларкан.
ЧИҚИНДИ ТУРИ ВА ПАРЧАЛАНИШ МУДДАТИ
Озиқ-овқат қолдиқлари 10 кундан 1 ойгача, газета қоғози 1 ойдан 1 йилгача, картон қутилар 1 йилгача, қоғоз 2 йил, ёғоч 10 йилгача, темир арматура 10 йилгача, темир банкалар 10 йилгача, оёқ кийим 10 йилгача, бетон, ғишт 100 йилгача, авто аккумуляторлар 100 йилгача, фольга 100 йилгача, консерва қутилари 90 йилгача, батарейкалар 100 йилгача, резина автобалонлар 100 йилгача, пластик 100 йилдан ортиқ, полиэтилен пакетлар 200 йил, алюмин идишлар 500 йил, шиша 1000 йил.
МУАММО ЕЧИМИ НИМАДА?
Мазкур саволни тумандошларимизга берганимизда қуйидагича жавоблар олдик.
Шоҳруҳ Салимов, Учқудуқда чиқинди муаммосини ечиш айнан тадбиркорларимиз эътиборини мазкур муаммога қаратишда деб ўйлайман. Чиқиндини қайта ишлайдиган корхоналар фаолиятини йўлга қўйиш билан биргаликда чиқиндини саралашни аҳолига ўргатиш ва юртдошларимизни бу борадаги маданиятини ошириш зарур.
Гуллола Асқарова, муаммо тобора юртимизда долзарблашиб бормоқда. Уни бартараф этишнинг бир қанча йўллари мавжуд. Шулардан бири чиқиндини қайта ишловчи корхоналар фаолиятини йўлга қўйиш муҳим саналади. Чунки уларни саралагани билан яна битта ахлатхонага олиб бориб ташлаш бирор бир самара бермайди. Бундан ташқари, айнан кўчага ахлат ташлаганлик учун катта миқдордаги жарималарни жорий этиш ва уларни амалга оширилишини назорат этиб бориш ҳам фойдадан ҳоли эмас.
ХОРИЖДА ҚЎЛЛАНИЛАДИГАН ЖАРИМАЛАР МИҚДОРИ!
Хориж тажрибасига назар ташлайдиган бўлсак Испанияда машина деразасидан ахлат улоқтирганлик учун 200 евро, сигарет қолдиғини йўлакка ташлаш 90 евро миқдорда жаримага асос бўлади. Германияда ахлоқсиз фуқароларни “чиқинди изқуварлари” ушлашади. Кўчаларда ўрнатилган видеокамераларда қайд этилган хатти-ҳаракат махсус қутига ташланмаган ахлат учун 100 еврогача жарима тўлашга асос бўлади. Сигарет қолдиғи, музқаймоқ ёки конфет қоғози, салқин ичимлик шишасини ерга ташлаш 20 евро, сақични, қолдиқ овқатларни улоқтириш 35 еврони ташкил этса, эски мебель, электрон техникани ташлаганлик учун 150 дан 600 еврогача жарима тўлашга тўғри келади. Швецияда ерга ташланган қоғоз унинг эгасига 90 евро, Сингапурда эса 300 дан 1000 долларга тушади.
БИЗДА-ЧИ, ЖАРИМАЛАР МИҚДОРИ БИЛАН ТАНИШИНГ!!
Белгиланмаган жойларга қаттиқ маиший чиқиндиларни ва қурилиш чиқиндиларини ташлаш, шунингдек суюқ маиший чиқиндиларни тўкиш фуқароларга БҲМнинг 3 бараваригача (810 минг сўмгача), мансабдор шахсларга эса 10 бараваридан 20 бараваригача (2 млн 700 минг сўмдан 5 млн 400 минг сўмгача) миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.
Худди шундай ҳуқуқбузарлик маъмурий жазо чораси қўлланилганидан кейин бир йил давомида такрор содир этилса, фуқароларга БҲМнинг 5 бараваридан 10 бараваригача (1 млн 350 минг сўмдан 2 млн 700 минг сўмгача), мансабдор шахсларга эса 20 бараваридан 30 бараваригача (5 млн 400 минг сўмдан 8 млн 100 минг сўмгача) миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.
Поездларнинг вагонлари, автотранспортлар ва шаҳар йўловчилар транспортидан ахлат ёки бошқа нарсаларни ташлаб юбориш – БҲМнинг иккидан бир қисми (135 минг сўм) миқдорида жарима солишга сабаб бўлади.
ХУЛОСА ЎРНИДА: Чиқиндилар билан курашиш ҳар биримизнинг вазифамиз. Фарзандларимиз учун ифлос дунёни эмас, балки тоза, ям - яшил келажакни барпо этиш ўз қўлимизда.
(Мақолада манбалардан фойдаланилди)
Райҳон ҚОДИРОВА,
махсус мухбиримиз.