Конституциямизнинг 18-моддасида қайд этилганидек, юртимизда барча фуқаролар бир хил ҳуқуқ ва эркинликларга эга бўлиб, жинси, ирқи, миллати, тили, дини, ижтимоий келиб чиқиши, эътиқоди, шахси ва ижтимоий мавқеидан қатъи назар, қонун олдида тенг.
Қонунчиликда икки ёки бир неча шахснинг фуқаролик ҳуқуқлари ва бурчларини вужудга келтириш, ўзгартириш ёки бекор қилиш ҳақидаги келишуви шартнома деб номланади.
Шартнома тузишнинг асосий мақсади – фуқаролар ва юридик шахсларнинг ўзаро фуқаролик ҳуқуқ ва бурчларини белгилаш, ўзгартириш ёки бекор қилиш ҳолатини расмийлаштришдир.
Фуқаролик кодексининг 28-бобида шартномани ўзгартириш ва бекор қилиш қоидалари белгиланган. Жумладан, бошқа қонунлар ёки шартномада бошқача тартиб назарда тутилган бўлмаса, ушбу Кодексга асосан шартнома тарафларнинг келишувига мувофиқ ўзгартирилиши ва бекор қилиниши мумкин.
Тарафлардан бирининг талаби билан шартнома суд томонидан фақат иккинчи тараф шартномани жиддий равишда бузса ёки ушбу Кодекс, бошқа қонунлар ва шартномада назарда тутилган ўзга ҳолларда ўзгартирилиши ёки бекор қилиниши мумкин. Тарафлардан бирининг шартномани бузиши иккинчи тарафга у шартнома тузишда умид қилишга ҳақли бўлган нарсадан кўп даражада маҳрум бўладиган қилиб зарар етказиши шартномани жиддий бузиш ҳисобланади.
Бир тараф шартномани бажаришдан тўлиқ ёки қисман бош тортиб, қонун ёҳуд тарафларнинг келишувида бунга йўл қўйилса, шартнома тегишлича бекор қилинган ёки ўзгартирилган ҳисобланади.
Шартнома қандай шаклда тузилган бўлса, уни ўзгартириш ёки бекор қилиш тўғрисидаги келишув ҳам шундай шаклда тузилади. Қонун ҳужжатлари, шартнома ёки иш муомаласи одатларидан бошқача тартиб келиб чиқиши ҳоллари бундан мустасно.
Бир тараф шартномани ўзгартириш ёки бекор қилиш ҳақидаги таклифга иккинчи тарафдан рад жавоби олганидан кейингина ёки таклифда кўрсатилган ёхуд қонунда ёки шартномада белгиланган муддатда, бундай муддат бўлмаганида эса ўттиз кунлик муддатда жавоб олмаганидан кейин шартномани ўзгартириш ёки бекор қилиш ҳақидаги талабни судга тақдим этиши мумкин.
Шартномалар мулк ва мажбуриятлар вужудга келишининг асосидир. Шунга кўра шартномалар тадбиркорлик фаолиятини тартибга солишда асосий восита саналади. Тадбиркорлик субъектлари ҳар қандай муносабатларга шартномалар орқали киришади. Чунки шартнома тарафлар ўртасидаги муносабатларни мустаҳкамлайдиган ҳамда келгусидаги муносабатлар учун кафолат вазифасини бажарадиган воситадир.
Шартномани бекор қилиш бу – шартноманинг амал қилиш муддатидан олдин тугашидир. Шартнома мажбуриятлари жиддий равишда бузилганда, томонлардан бирининг талабига кўра, шартнома суд томонидан ўзгартириш ёки бекор қилиниши ҳам мумкин. Тарафлар ўртасида тузиладиган шартномада бир хил ҳуқуқ ва мажбуриятлар кўзда тутилади. Мазкур мажбуриятларнинг бажарилмаслиги учун жавобгарлик белгиланиши адолат мезони ҳисобланади.
Хулоса ўрнида таъкидлаш жоизки, шартнома тузувчи тарафлар ўртасида мажбуриятлар ўз вақтида бажарилса, низо ҳеч қачон келиб чиқмайди ва ундан ҳамма бирдек манфаат кўради.
Беҳзод ШЕРМАТОВ,
фуқаролик ишлари бўйича Учқудуқ туман суди раиси.