LOTIN-КИРИЛЛ

АҲОЛИ САЛОМАТЛИГИ - УСТУВОР МАСАЛА

     1956 йил Қизилқум чўлларида уран конларини қидириш ишларининг олиб борилиши Учқудуқ геологлар масканига айланишига сабаб бўлган. 1958 йилда эса мўъжазгина қўрғон аҳолиси сони кўчиб келаётган ишчилар, қурувчилар, муҳандис-техник ходимлар ҳисобидан кўпая бошлаган. Табиийки, бу ерда улар учун уй-жойлар қурилди, янги уйларда янги оилалар пайдо бўлди. 

3 НАФАР ШИФОКОР ФАОЛИЯТ ЮРИТГАН

    Дастлаб, Ленинобод кончилик-кимё комбинатининг 16-сонли тиббий-санитария бўлими томонидан ташкил этилган фельдшерлик-акушерлик соғломлаштириш пункти аҳолига тиббий хизмат кўрсатган. ФАП 1958 йилнинг охирларига келиб, Навоий кон-металлургия комбинати 27-сонли тиббий-санитария қисми тасарруфига берилди. 

   Ички касалликлар, жарроҳлик ва туғруқ бўлимларидан иборат бўлган шифо маскани йиғма-шитли бинода жойлашган бўлиб, ходимлар сони 3 нафар врач ва 6 нафар ҳамширадан иборат эди.

   Бу ерда маҳаллий аҳоли ва ишчи-ходимлар сони ортиб бориши натижасида тиббий хизмат сифат ва самарадорлигини оширишга эҳтиёж сезилди. Шунинг учун ҳам 1965 йилда 27 - сонли тиббий-санитария қисми таркибида 2-сонли тиббий-санитария қисми ташкил этилди. 

   Қатор йиллар давомида шифо маскани кенгайиб борди. 1964 йилда ҳозир сизу бизга тиббий хизмат кўрсатаётган шифо маскани биноси қурилиб фойдаланишга топширилди. 2012 йилда болалар поликлиникаси мослаштирилган бинодан барча қулайликларга эга капитал таъмирдан чиқарилган бинога кўчиб ўтди.

СИНОВ МАЙДОНИ

  Ҳозирда даволаш-диагностика, санитария-гигиена ва маъмурий хўжалик хизмат турларини амалга оширувчи шифо маскани саломатлик посбонларининг ҳар бирини жасорат соҳиби, десак муболаға бўлмайди. Айниқса, пандемия даврида матонатли, бардошли ва айни пайтда ҳакикий ватанпарвар эканликларини намойиш этишди. Шу маънода тиббиёт соҳаси фидоийларининг заҳматли меҳнатлари туфайли мураккаб эпидемик вазият барқарорлашди. Айтиш жолиз бўлса, улар чинаккамига синов майдонида ғалаба қозондилар.

ТАРИХГА НАЗАР

   2-Тиббий-санитария қисми тарихига назар ташлайдиган бўлсак, 1965-1972 йилларда И.Болотников, Г.Феоктистов, В.Минаковлар бош врач лавозимида фаолият олиб боришган. 1972-1994 йилларда Э. Леймаченко, 1994-2010 йилларда К.Кальмиков раҳбарлик қилган. "Ўзбекистонда хизмат кўрсатган шифокор", "Дўстлик" ордени соҳиби Софья Калугина 2009 йилгача ички касалликлар бўлими мудири вазифасида ишлаган. 2010-2018 йилларда Анвар Аҳмедов, 2018 йилдан эса Э.Нормуродов раҳбарлик қилиб келмоқда.

   Бугунги кунда тиббиёт масканида 483 нафардан зиёд ишчи-ходим меҳнат қилмоқда. Уларнинг 82 нафари шифокорлар, 253 нафари ўрта тиббиёт ходимлари, 93 нафари эса кичик тиббий ходимлар, 55 нафарини бошқа ходимлар ташкил қилади. Врачларнинг 56% малака тоифасига эга.

МУНОСИБ РАҒБАТДАН КЎНГИЛЛАР ЮКСАЛДИ

    Сўнгги йилларда аҳоли саломатлигини сақлаш йўлида самарали меҳнат қилиб келаётган соҳа ривожига улкан ҳисса қўшиб келаётган тиббиёт ходимларининг меҳнати Навоий КМК ва ҳукуматимиз томонидан муносиб рағбатлантирилмоқда. Жумладан, Л.Ёдгоров, Д.Эшниёзов, И.ДЖамаловлар “Соғлиқни сақлаш аълочиси”, Т.Нормуродов, Н.Каконина, У.Ибрагимов, М.Тухсанова, И.ДЖамолов, Д.Сахипова, Л.Янук, М.Валиевлар “НКМК фахрийси”, Э.Нормуродов, Ж.Мардонов Ф.Қодиров, З.Ҳосилов, И.Каримова, М.Шаропова, О.Турсуновалар “3-даражали кончилик шуҳрати” кўкрак нишонлари билан тақдирланди.

МУСТАҲКАМ МОДДИЙ-ТЕХНИКА БАЗАСИГА ЭГА

     Шимолий кон бошқармаси маъмурияти томонидан 2 - тиббий-санитария қисми моддий-техник базасини такомиллаштиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Факт ва рақамларга мурожаат этадиган бўлсак, 2006 йилда "НUМАN" (Германия) компаниясининг лаборатория ва диагностика ускуналари харид қилиниб, клиник лаборатория синовларини халқаро стандартларга мувофиқ бажариш имкони яратилди.  

    Шунингдек, 2010 йилда "FABIUS" наркоз қурилмаси, "SABINA" жонлантириш бўлими, юрак монитори, харид қилинди. 2018 йилда кўчма ЭКГ машинаси ўрнатилди бу эса беморларни уйда электрокардиограмма қилиш имконини беради. 

    Марказий стерилизация бўлимига ўрнатилган ГК-100-3 русумли стерилизатор ва “Аквадистиллатор” эса тиббий асбобларни юқори сифатли стерилизация қилишда қўл келмоқда. 2017-2020 йиллари стоматология поликлиникасига 5 та замонавий кресло олинди. Ҳозирда врач - стоматологлар бу креслолар ва унга бириктирилган ускуналарнинг юқори технологик самарадорлигини қайд этишмоқда. 

   Катталар поликлиникасида ўрнатилган ультратовуш қурилмаси қорин бўшлиғи ички аъзолари касалликларини сифатли ташхис қилиш имконини беради. Охирги йилларда катталар поликлиникаси оториноларингология хонасига олиб келинган замонавий тиббий ускуналар ҳам ташхислашда қатор қулайликларга эга бўлди. 

      Мисол учун, янги “Аудиометрия” аппарати эшитишнинг сенсоневрал ёки кондуктив туридаги пасайишини эрта аниқлаш имкониятини беради. Шунингдек, профилактик кўрик вақтида қаттиқ шовқин таъсирида пайдо бўладиган касалликларни аниқлашнинг осонлашишига эришилди. Ушбу тиббий ускунанинг фойдали томони шундаки, эшитиш билан боғлиқ касалликларни эрта аниқлаш ва ўз вақтида даволаш орқали, ишчиларнинг касаллик оқибатида бутунлай эшитмай қолишлик касаллигига чалинишининг олди олинади. 

  Марказий стерилизация бўлимига лаборатория синовлари пайтида барқарор ҳарорат сақлаб қолиш учун ТСО-1/80 СПУ русумли электро термостат қуритиш шкафи, иситиш плитаси келтирилган бўлиб, улар лабораторияда амалга оширилаётган ишлар сифатини ошириш имконини бермоқда.

     Физиотерапия хонасида ўрнатилган 7та ВТЛ-400 ва ВТЛ-600 русумли қурилмалар ёрдамида бажариладиган муолажалар комбинациялашган даволашнинг сезиларли самарасини бермоқда.

    Нафас олиш тизими касалликлари билан оғриган беморларни ташхислашда янги рақамли сканерловчи "Проскан-2000 " флюорографик қурилманинг ўрнатилиши ва унинг ёрдами жуда муҳим бўлди. Эскирган RUM - 20 русумли рентген машинаси DT-570 рақамли рентген тизими билан алмаштирилди ва бу жуда аниқ ва информацион натижа бераяпти.

   Албатта, шифохонада тиббий жиҳозларнинг янгиланиши беморларни ўз вақтида ва энг муҳими самарали даволаш имкониятини бераётганлиги билан ҳам аҳамиятли.

    Тиббиёт ходимларни шошилинч тиббий хизмат кўрсатишлари учун 2020 йил Шимолий кон бошқармаси раҳбарияти томонидан "DАМАS" ва "MERCEDES" русумли 2 та тез ёрдам машинаси тақдим этилди. 

   Айни пайтда марказий-стерилизация бўлимида йирик таъмирлаш ишлари олиб борилиб, унинг якунида иккита замонавий автоклав ва сув тозалаш иншооти ўрнатилади.

ИШЧИ-ХОДИМЛАР СОҒЛИГИ ДОИМИЙ НАЗОРАТДА

   Бундан ташқари, 2 - ТСҚ таркибидаги 9 та тиббий пункт ШКБ нинг асосий ишлаб чиқариш корхоналарида жойлашган. Яъни 1- сонли Автокорхонада, Темир йўл цехида, Геотехнологик конида, Сульфат кислота ишлаб чиқариш цехида, 3 - сонли гидрометаллургия заводида, Авторанспорт бошқармасида, “Шарқий”, “Даугизтау” ва “Калчиктау” конида жойлашган тиббиёт пунктлардир. Бу ерда 45 нафардан ортиқ малакали фельдшерлар ишчи-ходимлар соғлигини назорат қилиш учун кечаю – кундуз хизмат қилмоқдалар.

ХУЛОСА ЎРНИДА

     Бу каби амалга оширилаётган саъй – ҳаракатлар аҳоли айниқса Шимолий кон бошқармаси тасарруфидаги корхона-ташкилотларда меҳнат қилаётган ишчи-ходимлар саломатлигини сақлаш йўлида муҳим қадам бўлиб хизмат қилмоқда.

   Ўз навбатида Гиппократ қасамига содиқ қолган Абу Али ибн Синони ўз пирлари деб билган 2-тиббий-санитария қисми аҳил жамоаси аҳоли саломатлигини муҳофаза қилиш учун бор куч ва билимларини сафарбар қилмоқдалар.

 

Райҳон ҚОДИРОВА,

махсус мухбиримиз.

 

 

O'qilgan: 500 bora O'zgartirish kiritilgan san'a 20 Dec 2021

Uchquduq tumani

Tuman markazi - Uchquduq shahri.Tumanning tuzilgan vaqti – 1982 yil 22-aprel. Territoriyasi – 4663 ming2 km. Tuman markazi Navoiy viloyati markazigacha bulgan masofa – 300 km. Aholisi - 37028 ming kishi

Qisqacha ma'lumot

Aloqada bo'ling

  Email: This email address is being protected from spambots. You need JavaScript enabled to view it.
  Telefon: (+99879)222-00-05-101
  Telefon: (+99879)222-00-05-102
  Faks: (0436) 593-11-01
  Manzil: Navoiy viloyati, Uchquduq tumani, Amir Temur ko‘chasi, 28-uy

Ijtimoiy tarmoqlarda: