«Ўзагроинспекция»нинг Учқудуқ туман бўлими томонидан Навоий давлат кончилик институти ҳузуридаги Учқудуқ саноат техникумида ёшларни ўқишга ва ишга, хусусан, тракторчи-машинист гувоҳномасини берадиган янгидан ташкил этилаётган ўқув курсларига жалб этиш мақсадида тарғибот учрашуви ташкил этилди.
Тадбир давомида Инспекция туман бўлими бошлиғи Шавкат Самиев, техника ҳолати ва агротехник тадбирларни назорат қилиш бўлими инспектори Лазиз Қодиров, таълим муассасаси ўқитувчиси Шакарбой Шамиевлар сўз олиб, юртимизда ёшларни турли соҳаларда билим олиб, касб-ҳунар ўрганиши учун барча шароитлар яратилганини алоҳида таъкидлашди. Жумладан, техника соҳасига қизиқиши баланд ёшлар барча туманларда очилиши кутилаётган тракторчи- машинист гувоҳномасини берадиган ўқув курсларида таълим олишлари мумкинлиги ҳақида гапирилди. Эътиборлиси, бундай ўқув курсларида нафақат йигитлар, балки қизлар ҳам ўқиб, тракторчи- машинист ҳайдовчилик гувоҳномасига эга бўлишади.
Айтиш керакки, саноат ва қишлоқ хўжалиги асосий даромад манбаи бўлган вилоятимиз ёшлари учун бу ажойиб имконият деганидир. Шу билан бирга бундай ўқув курслари ташкил этилиши йигит-қизларни фойдали меҳнатга жалб этиш, ишсизликни камайтириш, салоҳиятли кадрлар орқали иш унумдорлигини ошириш жиҳатлари билан ҳам муҳим аҳамият касб этади.
Учрашув якунида техникум ёшлари ўзларини қизиқтирган саволларга агроинспекция ходимларидан батафсил жавоб олишди. Эътирофлиси, ёшлар орасидан тракторчи-машинистликка иштиёқи баланд йигит-қизлар ташкил этиладиган ўқув курсларида иштирок этиб, назарий ва амалий билимларни эгаллашга тайёрликларини билдиришди.
«Ўзагроинспекция» вилоят бошқармаси матбуот хизмати